Чақалоққа оид ҳукмлар (42): Ҳаром ва макруҳ исмлар (1)

0

Бўлим

Ҳаром ва макруҳ исмларга келсак, Абу Муҳаммад ибн Ҳазм бундай дейди: «Уламолар Аллоҳдан ўзгага қулликни ифода этадиган ҳар қандай исм ҳаром эканига иттифоқ қилдилар. Абдулуззо, Абдуҳубал, Абдиамр ва Абдулкаъба каби исмлар шулар жумласидан, фақат «Абдулмутталиб» бундан мустасно»[1].

Абдуали, Абдулҳусайн ва Абдулкаъба деб исм қўйиш ҳам жоиз эмас.

Ибн Абу Шайба келтирган ҳадисда Язид ибн Миқдом ибн Шурайҳ Миқдом ибн Шурайҳдан, у отасидан, отаси бобоси Ҳонеъ ибн Язиддан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир қавмдан элчилар келди. У зот қавм шерикларидан бирини «Абдулҳажар» (тошнинг қули) деб чақиришаётганини эшитиб қолдилар ва ундан: “Исминг нима?” деб сўрадилар. У: “Абдулҳажар”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Йўқ, сен Абдуллоҳсан”, дедилар»[2].

Эътироз: «Уламолар Аллоҳдан ўзгага қуллик ифода этадиган исмлар ҳаром эканига қандай иттифоқ қилиши мумкин, ваҳоланки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда: “Абдудинор, абдудирҳам ва абдухамиса (динорнинг, дирҳамнинг ва латта-путтанинг қули) хор бўлсин”, деганлар-ку?![3]

Қолаверса, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен чин пайғамбарман, мен Абдулмутталибнинг ўғлиман”, деганлари[4] саҳиҳ йўл билан ривоят қилинган.

У зот саҳобалари билан ўтирганларида бир одам келиб: “Қайси бирингиз Абдулмутталибнинг ўғли?” деганида, саҳобалар: “Мана бу киши” дея у зотга ишора қилганлар»[5].

Жавоб: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Абдудинор хор бўлсин» деган сўзларига келсак, бу билан у зот исмни мақсад қилмаганлар, балки қалби динор ва дирҳамга боғланган, Раб таолога бандалик қилишдан кўра ўша иккисига сиғинишни афзал биладиган кимсани васфлаш ва уни баддуо қилишни назарда тутганлар. Пул билан бирга кийим-кечакни ҳам тилга олганлари улар одамнинг ичкию ташқи кўринишининг чиройи бўлгани учундир.

«Мен Абдумутталибнинг ўғлиман» деган гапларига келсак, бу шундай исм қўйиш жоизлигини баён қилиш бобидан эмас, балки ўша ном эгаси танилган исм билан хабар бериш бобидандир. Исм эгасини танитиш учун шу йўсинда хабар бериш ҳаром эмас.

Абу Муҳаммад ибн Ҳазм бундан Абдулмутталибнигина истисно қилишининг асоси йўқ. Чунки саҳобалар «Бани Абдушамс», «Бани Абдуддор» дея одамларни ўз номлари билан атар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бундан қайтармас эдилар. Хуллас, «ихбор» (ўтган ишдан хабар бериш) боби «иншо» (бир ишни янгидан бошлаш) бобидан кўра кенгроқдир. «Иншо» бобида жоиз бўлмаган кўп нарсалар «ихбор» бобида жоиз бўлаверади.

[1] «Маротиб ал-ижмоъ», 154-бет.
[2] Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 8/665 («Ал-қибла» нашрида эса: 13/242-243). Ҳадисни Бухорий ҳам «Ал-адаб ал-муфрад»да (811, «Дор ал-қалам нашрида эса 113-ҳадис) келтирган.
[3] Бухорий ривояти, 11/253.
[4] Бухорий (6/105) ва Муслим (3/1400, 1776-рақам) ривояти.
[5] Бухорий ривояти, 1/148.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг