Амалларни ёзувчи фаришталар бандадан ҳеч ажраладими?

0

Савол:

Банданинг амалларини ёзиб борадиган улуғ фаришталар қандай ҳолатларда банданинг ёнида бўлмайди?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан:

Банданинг барча амаллари – хоҳ муқаддас ерда, хоҳ ҳожатхона каби тубан ерда, хоҳ тоат-ибодат ҳолатида, хоҳ гуноҳ ҳолатида қилган бўлсин – сарҳисоб қилинишига (ёзиб борилишига) уламолар иттифоқ қилишган. Қиёмат куни банда ҳаёти давомида қилган каттаю кичик, улуғ ё ҳақир ҳар бир амалини номаи аъмолида ёзилган ҳолда учратади. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир кишининг амаллари битилган дафтар (номаи аъмоли) ўнг ё чап томонига қўйилди. Осий кимсаларни ўзлари қилиб ўтган гуноҳлари сабабли бу дафтардаги битиклардан қўрқувга тушганини кўрасиз. Улар бу битикларни кўргач: “Эй-воҳ, энди ҳалок бўлдик! Бу қандай дафтарки, бизнинг катта-кичик ҳеч бир ишимизни қолдирмай, барчасини битиб қўйибди!” деб айтадилар. Улар дунёда қилган барча ишларини ҳозиру нозир ҳолда топдилар. Раббингиз ҳеч кимга заррача ҳам зулм қилмайди. Тоат қилувчининг савобидан камайтирилмайди, осийнинг жазосини орттирилмайди” (Каҳф,  49).

Иккинчидан:

Бандадан ажрамай унинг амалларини ёзиб борадиган фаришталар айрим ер ва ҳолатларда банданинг ёнида бўлиш ё бўлмаслиги борасида уламолар уч хил фикр айтишган.

Биринчи фикр: Амалларни ёзиб борадиган фаришталар ҳеч қачон бандадан ажрамайди, ҳамиша у билан бирга бўлади.

Шайх ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу икки фаришта доим инсон билан бирга бўладими? Ҳа, Аллоҳ таоло бундай деган: “Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзни фаришта кузатиб, ёзиб боради. У мана шу иш учун тайинланган, доимо ҳозиру нозир фариштадир” (Қоф, 18). Баъзи уламолар банда ҳожатхонага кирганда ва аёлига қўшилган пайтда бу фаришталар унинг олдида бўлмайди, деб айтишган. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ хадис келган бўлса, бош устига деб қабул қиламиз. Бироқ саҳиҳ ҳадис бўлмаса, юқоридаги оят умумийлигича қолади” (“Шарҳ ақидат ас-саффорийнийя”, 3).

Иккинчи фикр: Банда ҳожатхонага кирган, ё аёлига қўшилган пайтда мазкур фаришталар ундан ажралади. Баъзи олимлар бунга банданинг чўмилган пайтини ҳам қўшишган.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадисда айтилганидек, биз ҳожатхонага кирган, аёлимизга қўшилган ва ғусл қилган пайтимиздан бошқа барча вақтда амалларимизни ёзиб борувчи фаришталар биздан ажрамайди” (“Фатово ҳадисийя”, 47-бет).

Саффорийний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу икки фаришта бандадан ҳеч қачон ажрамайди. Айрим уламоларнинг фикрича, ҳожат ўташ пайтида бирга бўлмайди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Фаришталар икки ҳолатда инсондан узоқ туради: ҳожат ўташ ва аёлига жинсий яқинлик қилиш пайтида”. Фаришталарнинг бундай ҳолатда банданинг ёнида бўлмаслиги унинг ўша пайтда қилган амалларини ёзишларига тўсқинлик қилолмайди. Банданинг бу ҳолатдаги амалларини билишни унинг қалбидаги эътиқодни билишга ўхшатиш мумкин. Аллоҳ таоло ушбу икки фариштага банданинг мазкур ҳолатлардаги амалини ифода этадиган аломатни кўрсатиб қўяди” (“Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя”, 1\448).

Ушбу фикр эгалари бир қанча ривоятларни далил қилишган. Жумладан:

Биринчи ривоят: Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қип-яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сизларнинг ёнингизда ҳожат ўташ ва аёлингизга қўшилиш пайтингиздан бошқа ҳеч қачон ажрамайдиган фаришталар бор. Улардан уялинглар ва уларни ҳурмат қилинглар” (Термизий, 2800).

Лекин бу ҳадис заифдир. Имом Термизий ушбу ҳадис ортидан: “Бу ғариб ҳадис”, деган. Албоний “Ас-силсилат аз-заифа”да (2300) заиф деган.

Бадриддин Айний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амалларни ёзиб борувчи икки улуғ фаришта банда ҳожат ўтаган ва аёлига қўшилган пайтдан бошқа ҳеч қандай ҳолатда ундан ажрамайди, деган ҳадис Пайғамбаримиздан ривоят қилинган-ку! деб айтилса, бу ҳадис далилликка ярамайдиган заиф ҳадисдир, деймиз” (“Шарҳ сунани Абу Довуд”, 2\397).

Иккинчи ривоят: Абдураззоқ “Мусаннаф”да (1\285) Ибн Журайждан, у бир биродаридан, у эса Мужоҳиддан нақл қилган ривоятда бундай дейилади: “Ҳудайбияда бир мато Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларини ёпиб турган эди. Шамол туриб, ушбу мато очилиб кетди. Шунда у зот бир кишининг ташқарида (ялангликда) қип-яланғоч ҳолда чўмилаётганига кўзлари тушди. Шу онда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб, дедилар: “Эй одамлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (ёнингиздаги) улуғ фаришталардан уялинглар. Зеро, ушбу фаришталар уч ҳолатдагина сизлардан узоқ туришади: киши аёлига жинсий яқинлик қилган пайтда, ҳожат ўтаган пайтда…”. Ҳадисни нақл қилган ровий: “Учинчиси эсимдан чиқиб қолди”, деди.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз чўмиладиган бўлса, деворнинг ортида туриб (яъни тўсилган жойда) ё туянинг ёнида беркиниб, ё биродари уни тўсиб турган ҳолида чўмилсин”, деганлар. Лекин бу мурсал ҳадис бўлиб, санадида номаълум ровий бор. Бинобарин, заифлиги учун уни далил қилиб бўлмайди.

Учинчи ривоят: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ сизларни яланғоч бўлишдан қайтаради. Амалларингизни ёзиб борадиган икки мукаррам фариштадан уялинглар. Ҳожат ўташ, жанобат (жинсий яқинлик қилиш) ва чўмилиш пайтингиздагина улар ёнингизда бўлмайди, холос. Борди-ю, бирингиз очиқ ерда (ёки яланғоч ҳолда) чўмиладиган бўлса, кийими ёки девор билан баданини тўсиб олсин”.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ушбу ривоят ҳақида бундай деган: “Уни Иброҳим Ҳарбий нақл қилган ҳамда Ибн Батта раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган. Шунингдек, Мужоҳид раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ мурсаллари қаторида нақл қилинган” (“Шарҳ ал-умда”, 1\401).

Лекин мазкур ҳадис Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган санадни учратмадик. Аслида бу ҳадис Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят этилгани маълум. Юқорида имом Термизий бу ҳадисни Ибн Умардан ривоят қилгани ва унинг заиф эканини айтиб ўтдик.

Учинчи фикр: Маълумки, Қуръон ва суннатда ҳар бир банданинг ёнида унинг барча хатти-ҳаракатларини кузатиб турадиган, амалларини ёзиб борадиган, унинг ҳамма ишини – яхши бўладими, ё ёмонми, муборак ерда қиладими, ё тубан ердами, уларни ҳисоб-китоб қилиб ўтирадиган икки фаришта борлиги айтилган.

Аммо Қуръонда ҳам, суннатда ҳам фаришталар банданинг амалларини қандай кўринишда ёзиб бориши, ушбу фаришталар банда қаерга кирмасин у билан бирга бўлиб, ҳар бир амалини икир-чикиригача кузатиб турадими ёки Аллоҳ таоло уларга банданинг амалларини билиб ва ёзиб боришда барча ер ва ҳолатда у билан бирга бўлишга эҳтиёж қолдирмайдиган қобилият берганми, бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган.

Бундай масалаларда модомики, Қуръон ё суннатда бирон далил йўқ экан, банда бирон нарса айтмаслиги, унинг илмини Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола қилиши ҳамда банданинг қилган ҳар бир амали ёзиб борилишига иймон келтириши лозим. Бу масалада шунинг ўзи кифоя қилади ва мана шундай қилиш бандага фойда ва ёрдам беради. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзни фаришта кузатиб, ёзиб боради. У мана шу иш учун тайинланган, доимо ҳозиру нозир фариштадир” (Қоф, 18). Бошқа оятда эса: “Мана бу китобимиз барча ишларингизни қўшмасдан ва камайтирмасдан ҳаммасини айтиб беради. Биз котиб фаришталарга амалларингизни ёзиб қўйишни буюрар эдик” (Жосия, 29), деган.

Суютий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Банданинг амалини ёзиб борадиган икки фаришта банда ҳожатхонага кирса, у билан бирга кирадими, деган саволга келсак, бунинг жавоби шуки, биз буни билмаймиз ва билмаслигимиз динимизга путур етказмайди. Умуман олганда, бу икки фаришта банда билан ҳатто ҳожатхонага кирганда ҳам бирга бўлишга буюрилган бўлишса, киришади. Борди-ю, Аллоҳ таоло уларни бундай ерларга киришдан сақлаб, ичкарида бўладиган ишдан хабардор қилиши орқали ёзишга буюрган бўлса, улар буюрилган ишни қилишади” (“Ал-ҳабоик фи ахбор ал-малоик”, 90-бет).

Бу масалада охирги учинчи фикр тўғрироқ ва шаръий ҳукмларга нисбатан кўрсатишимиз керак бўлган одобга муносиброқ бўлса керак. Чунки шу фикрни айтсак, биз далилга қараб иш тутган бўламиз ва саҳиҳ ҳамда очиқ далилсиз гапириб, ҳаддимиздан ошган бўлмаймиз.

Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA саҳифаси 

Изоҳ қолдиринг