Қабрдаги маййитлардан қўрқиш (1)

0

294 – Қабрдаги маййитлардан қўрқиш

«Қўрқув ибодат турларидан, балки унинг рукнларидан бири бўлиб, у холис Аллоҳ учун бўлиши вожибдир»[1]. «Қўрқув диннинг энг афзал ва улуғ мартабаларидан биридир… Аллоҳ таоло Қуръонда фаришталар, пайғамбарлар ва солиҳлардан иборат Ўзига энг яқин зотлар ҳақида: «Ўзларидан юқорида бўлган Рабларидан қўрқадилар» (Наҳл, 50), деган.

Бошқа оятларда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Улар Аллоҳдан қўрққанларидан (Унинг буйруқ ва тақиқларига хилоф иш қилишдан) эҳтиёт бўладилар» (Анбиё, 28);

«Улар Парвардигорларидан қўрқиб, юраклари титраб турадиган кишилардир» (Мўъминун, 57);

«(Пайғамбарлар) Аллоҳнинг рисолатларини одамларга етказадиган, Аллоҳнинг ўзидангина қўрқадиган ва Ундан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган кишилардир» (Аҳзоб, 39).

Аллоҳ таоло Ўзи учун холис амал қилишга буюриб: «Бас, Мендангина қўрқинглар», (Бақара, 40);

«Одамлардан эмас, Мендан қўрқинглар», (Моида, 44);

«Аллоҳдан бошқадан қўрқасизларми?!» (Наҳл, 62) дея марҳамат қилди.

Қўрқув уч хил бўлади:

Биринчиси: ғойибона қўрқиш. Аллоҳдан бошқа бирон нарса ўз қудрати ва хоҳиши ила бирор касаллик, камбағаллик, ўлим ёки бошқа шу каби офат етказишидан қўрқишга ғойибона қўрқиш деб аталади. Булар қўрқилаётган кимсага Аллоҳ берган каромат ва шафоат ортидан келади деб иддао қилинадими ёки ўзи мустақил суратда шу ишларга қодир деб даъво қиладими, фарқи йўқ. Бундай қўрқувни Аллоҳдан ўзгага боғлаш асло жоиз эмас. Чунки у илоҳликнинг ажралмас хусусиятидир. Аллоҳга кимнидир ёки ниманидир шерик қилиб, кейин ундан ана шундай тарзда қўрққан кимса мушрик бўлади. Мушриклар бут-санамлари ва худолари борасида айнан шундай эътиқод қилар эдилар. Шунинг учун ҳам улар Аллоҳнинг дўстларини ўзларининг худоларидан шундай қўрқитмоқчи бўлишар эди. Масалан, мушриклар Иброҳим Халил алайҳиссаломни қўрқитмоқчи бўлганларида у киши уларга бундай дейди: «Қавми Иброҳим билан (Аллоҳнинг бирлиги борасида) тортишганда у: “Сизлар мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизми?! Дарҳақиқат, У мени тўғри йўлга ҳидоят қилди. Мен сизлар Аллоҳга шерик қилаётган худоларингиздан қўрқмайман. Раббим нимани истаса, фақат шу бўлади. Менинг Раббим барча нарсани билади. Ибрат ва эслатма олсангиз бўлмайдими?! Сизлар Аллоҳ бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз, айтинглар-чи, икки гуруҳдан (яъни мушриклар ва мўминлардан) қай бири Аллоҳнинг азобидан омон қолишга лойиқроқ?!” деди» (Анъом, 80-81).

Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссалом қавми ҳақида бундай дейди: «(Улар Ҳудга дедилар:) Биз худоларимиздан бирортаси сени жинни қилиб қўйган, деб айтамиз, холос”. Ҳуд уларга деди: “Мен айтаётган сўзларимга Аллоҳни гувоҳ қиламан, сизлар ҳам гувоҳ бўлинг, мен сизлар Аллоҳга шерик қилаётган бу бут-санамларнинг барчасидан безорман. Қани, энди сизлар ҳам, бу даъво қилаётган илоҳларингиз ҳам менга зиён-заҳмат етказишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилинглар, буни бир лаҳза ҳам кечиктирманглар”» (Ҳуд, 54-55).

Бошқа оятда бундай дейди: «Улар сизни Аллоҳдан бошқалар билан қўрқитадилар» (Зумар, 36).

Бугун қабрпарастлар ўртасида учрайдиган ширк тури шудир. Чунки улар нафақат солиҳ кишилардан, балки тоғутлардан ҳам Аллоҳдан қўрққанчалик ёки ундан ҳам кўпроқ қўрқадилар. Шунинг учун уларнинг биридан Аллоҳ номига қасам ичишни талаб қилсанг, росту ёлғон қасамларни хоҳлаганингча қалаштириб ташлайди. Агар қабрдаги авлиё номига қасам ичишни сўрасанг, ёлғон қасам ичишга тили бормайди. Чунки у Аллоҳдан кўра қабрдаги ўликдан кўпроқ қўрқади. Шубҳасиз, қадимгиларнинг ширки нари борса шу даражага етган эди.

Шундай қилиб, бу кимсалар жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичаверадилар. Шунингдек, бирорталарига жавру зулм етса, уни аритишни қабрда ётган ўликлардан сўрайди. Агар ўзи кимгадир зулм қилмоқчи бўлса-ю, шу пайт мазлум Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса ёки уйига кириб олса, уни тинч қўймайди. Мабодо қабрдан ёки қабр эгасидан паноҳ тиласа борми, унга қўл кўтаришга ҳеч ким ботинолмайди, унга озор беришга ҳеч кимнинг қўли бормайди. Ҳатто шундай воқеа бўлган: бир одам ҳаж мавсумида тижоратчилардан катта пул олади ва бир неча кундан сўнг касодга учраганини эълон қилади. Шунда пул эгалари уни таъқиб қилади. Ҳалиги одам Жиддадаги «Мазлум» деб аталадиган қабрга қочиб боради, натижада «Мазлум»нинг сиридан қўрққан оломон унга озор етказишга ўзида журъат топмайди. Бу каби қўрқув кишини кофир қилади. Банда бу қўрқувни якка Аллоҳга холис йўналтирмас экан, ҳеч қачон чин мусулмон бўла олмайди.

Қўрқувнинг иккинчи тури: инсон одамлардан қўрққани учунгина зиммасида вожиб бўлган жиҳод, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш каби ишларни заруратсиз тарк этиши. Бу ҳаромдир… Ҳадисда айнан шу ҳақда айтилган: “Аллоҳ таоло қиёмат куни бандага: «Ёмон ишни кўрганингда (одамларни) ундан қайтаришдан сени нима тўсди?» дейди. Банда: «Эй Раббим, одамлардан қўрқдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Фақат Мендан қўрқишинг керак эди-ку!» дейди”. Аҳмад ривояти[2].

Учинчиси: Аллоҳ гуноҳкор бандаларига таҳдид қилган азобдан қўрқиш. Аллоҳ у ҳақда бундай деган: “Бу Менинг ҳузуримда туришдан хавф қилган ва Менинг таҳдид ва азобларимдан қўрққан кишилар учун (таъкидли ва аниқ бир ишдир)” (Иброҳим, 14);

Парвардигори ҳузурида туришдан қўрққан кишилар учун икки жаннат бордир” (Раҳмон, 46);

Улар: «Биз дунёда оиламиз ичида эканмиз, (Раббимизнинг қиёматдаги азоби ва жазосидан) қўрқар эдик», дейдилар” (Тур, 26);

Улар ёмонлиги ўта катта бўлган қиёмат кунидан қўрқар эдилар” (Инсон, 7).

Бу қўрқув иймоннинг энг олий мартабаларидан биридир. Биринчисининг унга нисбатан тутган ўрни Исломнинг эҳсонга нисбатан тутган ўрни кабидир. Модомики унга тушкунлик ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумидлик аралашмас экан, мақтовга лойиқ қўрқув ҳолати бўлиб қолаверади. Шунинг учун ҳам Шайхулислом Ибн Таймия бундай дейди: “Қўрқувнинг чегараси сени Аллоҳга исён қилишдан тўсиб турган жойигачадир. Бундан ортиғига банданинг эҳтиёжи йўқ”.

Қўрқувнинг навбатдаги – тўртинчи тури табиий қўрқувдир. Масалан, душмандан, йиртқич ҳайвондан, том босиб қолишидан ёки сувга чўкиб кетишдан қўрқиш каби ҳолатлар шу турга киради ва бу айб эмас. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом ҳақида: “Мусо (улар етиб олиб, уни қўлга туширишларидан) хавфсираб, қўрққан ҳолда (Фиръавннинг шаҳридан) чиқиб кетди” (Қасас, 21) деган сўзи шу қўрқув жумласидан эди»[3].

«Шундай қилиб, бутпарастлик ўчоғи бўлган ушбу сағаналар улуғланди. Уларнинг ҳар бири «ҳарам» деб атала бошлади. Ҳатто айримлари ҳурмат ва улуғланишда Макка ва Мадина ҳарамларини ҳам ортда қолдирди. Бу ишлар сағаналар қуббалари остида омонлик ҳукм сурган, жиноятчилар унинг бағрида ўзларини хотиржам ҳис қилган замонларда содир бўлди. Қуйидаги воқеа бу гапимизни тасдиқлайди:

Ҳамдон ибн Усмонхўжа (вафоти: тақ. 1261 ҳ.) 15 муҳаррам 1249 ҳ. (1833 м.) санада Франция ҳарбий вазирига тақдим этган норозилик нотасида Жазоирнинг франциялик ҳокимлари халққа нисбатан қилган хатоларни бирма-бир келтиради. Мазкур нота ўн саккиз банддан иборат бўлиб, унинг саккизинчи бандида бундай дейилади: “Динимиз ва сиёсатимиз тақозосига кўра, авлиёлар ва уларнинг қабрлари ҳурмат қилинади. Ҳатто валийнинг қабрига қочиб борган кимсанинг бўйнида шаръий қасос жазоси бўлса ҳам уни сағанадан чиқариб олмаймиз. Балки ўзи ихтиёрий равишда чиқиб келишини кутамиз. Буни ўша валийнинг ҳурматидан, Аллоҳга бўйсунган зотнинг шарофатидан, деб биламиз. Бу қабрлар бамисоли жомеъ масжидлар мақомида бўлиб, одамлар уларга ҳурмат назари билан қарайди, зиёратига тўпланади ва бағридан паноҳ топади»[4].

Шайх Сулаймон ибн Саҳмон раҳимаҳуллоҳ хурофотчи қабрпарастларнинг қабрдаги ўликлардан қўрқишлари ҳақида сўзлар экан, жумладан бундай дейди: «Маҳжубнинг қабри ва Абу Толиб қуббаси олдида қилинадиган ишлар ҳам шулар жумласидандир. Ваҳоланки, улар Абу Толиб шафқатсиз босқинчи амир бўлганини биладилар. У Нажд ўлкаларига борар, аҳолисининг бўйнига ўлпонлар солар, улардан пул талаб қилар эди. Сўрагани берилса қайтиб кетар, акс ҳолда уларга қарши урушар, душманлик қилар эди. Маҳжубнинг қабри олдида шундай ишлар бўлади. Улар Маҳжубдан гуноҳларига шафоатчи бўлишини сўрайди, уни чин кўнгилдан яхши кўради. Шу боис унинг ғазабидан қўрқиб туришади. Агар бирор зўравон, ўғри ёки қароқчи у ё бу сағанага кириб олса, ҳеч қандай жазо ё хатардан қўрқмай хотиржам ётаверади, унга бирор мард қарши чиқа олмайди, бармоғини ҳам теккиза олмайди. Ваҳоланки, ундан кичикроқ жиноят қилган кимса Каъбага осилиб олса, уни арқон билан судраб бўлса ҳам олиб чиқишади, Аллоҳнинг байтига ана шундай бепарво муносабатда бўлишади. “Улар Аллоҳдан бошқаларни илоҳ тутиб, уларни ўзлари учун ёрдамчи (ва Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи) бўлишини умид қиладилар. У олиҳалар ўзларига сиғинганларга ҳам, (ўзларига ҳам) ёрдам бера олмайдилар. Мушриклар ва уларнинг олиҳалари бир-биридан воз кечган ҳолда барчаси биргаликда азобга ҳозир қилинадилар” (Ёсин, 74-75)»[5].

[1] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх. «Шарҳу китоб ат-тавҳид», 277-бет.
[2] «Муснад», 17/357, 11250-ҳадис; «Сунани Ибн Можа», 4008-ҳадис. Бувсирий «Мисбоҳ аз-зужожа» китобида (4/182) ҳадис санадини саҳиҳ деган.
[3] «Тайсир ал-азиз ал-ҳамид фий шарҳи китоб ат-тавҳид», 2/847-850.
[4] Шайх Али ибн Бахит Заҳроний. «Ал-инҳирофот ал-ақадийя ал-илмийя фил-қарнайн ас-солис ашар вар-робиъ ашар ал-ҳижрийяйни ва осоруҳа фий ҳаёт ал-умма», 1/342-343. Тақдим этувчи: Шайх Муҳаммад Қутб раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1435 ҳ.) Магистрлик иши, «Дор ар-рисола» нашриёти.
[5] «Ал-баён ал-мубдий ли-шаноат ал-қовл ал-маждий», 17-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг