Аёлларнинг қош териши

0

Савол: Аёлларнинг қош теришига исломда қандай қаралади?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, қош териш шариатимиз ҳаром қилган амаллардан ҳисобланади. Ҳатто баъзи уламолар қош теришни гуноҳи кабира ҳам дейишган.

Имом Бухорий (5931) ва Муслим (2125) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: ““Вашм” қилувчи ва “вашм” қилдирувчи, қош  терувчи ва тердирувчи ҳамда ҳусн учун тиш орасини очувчи, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин!”.

“Вашм”  ясама хол қўйишдир.  Бу иш жоҳилият давридаги араб аёллари орасида кенг тарқалган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида баданларининг турли жойларига игна санчиб қон чиқаришар, сўнг жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирор нарса сепиб, ясама хол ёки ҳар хил нақшлар пайдо қилар эдилар. Баданга замонавий услублар билан расм чиздириш (татиуровка) ҳам “вашм”нинг айнан ўзидир.

Қолаверса, қош териш Аллоҳ яратган хилқатни ўзгартириш бўлгани учун шайтонга эргашиш ҳисобланади.  Аллоҳ таоло шайтон берган ваъдани зикр қилиб шундай марҳамат қилади: “(Шайтон деди:) “Буюрсам, Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб бузадилар” [Нисо: 119].

Аммо қош одатдан ташқари узун ёки қалин бўлиб, эгасига ноқулайликлар ва зарар келтирадиган бўлса, масалан, кўзгача тушса ёки жуда қалин бўлиб эгасини хунук қилиб қўйса, у ҳолда зарар ёки ноқулайликни кетказадиган даражада қошни қисқартириш жоиз.   Бу Аллоҳ яратган хилқатни ўзгартириш эмас, балки азият ва зарарни кетказиш ҳисобланади.

Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангда бурни кесилган Арфажа ибн Асъад розиёллоҳу анҳуни олтиндан бурун ясатиб олишга буюрганлар [ҳасан, Абу Довуд: 4232, Термизий: 1868, Насоий: 8/163-164].

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арфажа ибн Асъад розиёллоҳу анҳунинг бурни кесилиши оқибатида ноодатий кўриниш ҳосил бўлгани учун олтиндан бурун ясатиб, ушбу ноқулай ва кулгуга сабаб бўладиган кўринишни ўзгартиришга буюрдилар.
Шунингдек, ҳадисдан инсонлар орасида ноодатий бўлган кўринишни келтириб чиқарувчи, одатдан ташқари узун ёки қалин бўлиб, эгасига ноқулайлик ва зарар келтирадиган тукларни олиш мумкинлиги келиб чиқади.

Яна шуни айтиб ўтиш лозимки,  икки қош ўртасидаги туклар қошдан ҳисобланмагани учун уларни олиш жоиз ва ҳадисда келган қайтариққа кирмайди, валлоҳу аълам.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг