Чақалоққа оид ҳукмлар (43): Ҳаром ва макруҳ исмлар (2)

0

Бўлим

«Маликул мулук» (подшоҳлар подшоҳи), «Султонус салотин» (султонлар султони), «Шаҳаншоҳ» (шоҳлар шоҳи) каби исмлар қўйиш ҳаромдир. «Икки саҳиҳ тўплам»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ наздида исмларнинг энг тубанроғи киши ўзига «Маликул-амлок» (барча мулклар подшоҳи) деб қўйиб олган исмдир».

Бошқа ривоятда «тубан» ўрнига «манфур» деб келган[1].

Муслим ривоятида бундай дейилади: «Қиёмат куни Аллоҳни энг ғазаблантирадиган ва энг жирканч кимса (дунёда ўзини) «Маликул амлок» деб номлаган кимсадир. Аллоҳдан ўзга малик (подшоҳ) йўқдир»[2].

Уламолардан бири бундай деган: «Бундан «қозил қузот» (қозилар қозиси), «ҳокимул ҳукком» (ҳокимлар ҳокими) деб исмланиш ҳам макруҳ экани келиб чиқади. Чунки ҳақиқий ҳокимлар ҳокими фақат Аллоҳдир».

Дарҳақиқат, диндор ва фозил кишилардан бир гуруҳи Аллоҳ ва Расули «маликул амлок» деган исмни ёқтирмаганларига қиёсан «қозил қузот» ва «ҳокимул ҳукком» деган унвонларни қўллашдан тақво қилар эдилар. Ҳақиқий қиёс мана шудир.

Шунингдек, «одамлар саййиди» ёки «барчанинг саййиди» маъносини билдирувчи исмлар қўйиш ҳам ҳаромдир. «Одамзотнинг саййиди» деб номланиш ҳам ҳаром ҳисобланади. Чунки бу номга фақат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам лойиқдирлар. У зот Одам алайҳиссалом фарзандларининг саййиди ҳисобланадилар. У зотдан бошқага бу номни айтиш ҳалол бўлмайди[3].

[1] Бухорий (10/588) ва Муслим (3/1688, 2143-рақам) ривояти.
[2] Аввалги манба, 2143-ҳадис.
[3] Қаранг: «Зод ал-маод», 2/340-341-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг