Иккинчи ҳадис: (2) исломнинг биринчи рукни

0

Исломдаги бешта рукннинг шарҳи:

Биринчи рукн – албатта Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деб гувоҳлик бериш. Шу ўринда бир масала бор: нега бу иккиси битта рукн қилинди, иккита рукн қилинмади?

Жавоб: барча амалларнинг дуруст ва мақбул бўлиши мана шу иккисига гувоҳлик беришга боғлиқ. Чунки Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бериш ихлосни келтириб чиқарса, Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик бериш у зотга эргашишни келтириб чиқаради. Аллоҳга яқинлашиш мақсадида қилинган ҳар қандай амал бу икки шарт: Аллоҳга ихлос қилиш ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга эргашиш шартисиз қабул қилинмайди.

Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик беришнинг маъноси, инсон тили ва қалби билан Аллоҳдан ўзга ҳақ сиғинилувчи зот йўқ эканини ифода этишидир. “Гувоҳлик бераман”, дегани – тилим бирла нутқ қилган ҳолда қалбим билан иқрор бўламан, дегани. Чунки гувоҳлик бериш қалбдаги нарсани нутқ билан ифода этиш ва у ҳақда хабар беришдир. Борди-ю, гувоҳлик берувчи тили бирла нутқ қилишга қодир бўлмаган соқов бўлса, у ҳолда ожизлиги сабаб дилида иқрор бўлиши кифоя.

Фақат тил билан гувоҳлик бериш етарли эмас. Бунга далил, мунофиқлар Аллоҳ таолонинг ягона илоҳ эканига тилларида гувоҳлик берадилар. Тиллари билан қалбларида бўлмаган нарсага иқрор бўлганликлари боис бундай гувоҳлик уларга фойда бермайди. Мунофиқлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  ҳузурига келиб, у зот Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик беришларини зўр бериб уқтирадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ у зот Аллоҳнинг расули эканини билади ва айни дамда қалбларида йўқ нарсага тиллари ила иқрор бўлган мунофиқларнинг ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик беради.

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” калимасини “Аллоҳдан ўзга сиғинилувчи ҳақ илоҳ йўқ” дея, “ҳақ” сўзини қўшиб тушунамиз. Мана шундай тушуниш орқали “Ахир, ер юзида Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган олиҳалар ҳам борку?!”, деган чигаллик ойдинлашади. Ҳақиқатан, уларни Аллоҳ таоло ҳам, уларга ибодат қилаётган мухлислари ҳам “олиҳалар” деб номлаган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас,  қачонки,  Парвардигорингизнинг фармони (яъни азоби) келганида,  Аллоҳни қўйиб  илтижо қиладиган илоҳ (яъни бут)лари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади” [Ҳуд: 101], “Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган илоҳлари бормикан?!  У (илоҳ)лар ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам қилинмаслар” [Анбиё: 43], “Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилманг!  Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир” [Қасас: 88].

Демак, ушбу сўзни қўшгандан кейин айтиш мумкинки, борлиқда Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган худолар бор, бироқ улар ботил худолар, ҳақ илоҳлар эмас. Улар илоҳлик ҳаққидан ҳеч нарсага молик эмаслар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам далолат қилади: “Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани,  ҳамда,  шак-шубҳасиз,  Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир” [Ҳаж: 62].

Айтайлик бир мушрик бир ҳайкал олдига келиб унга ибодат қилса: унга эгилса, сажда қилса, йиғи-сиғи қилиб тавозеъ билан таъзим қилиб турса, ҳаттоки ҳушидан кетиб йиқилса, унинг қилаётган ибодати ҳам, сиғинаётган илоҳи ҳам ботилдир.

“Аллоҳдан ўзга”:

“Аллоҳ” сўзи Парвардигорнинг атоқли исми бўлиб, бу исм билан Ундан бошқаси номланиши жоиз эмас. Бу исм Аллоҳнинг бошқа исмларига нисбатан асл ҳисобланади. Шу боис қолган исмлар бу исмга тобе бўлиб келади. Биргина оятни ҳисобга олмаганда, бу исм Аллоҳнинг бошқа исмларига тобеъ бўлиб келмаган. Бу оят қуйидаги оятдир: “Алиф,  Лом,  Ро.  (Эй Муҳаммад,  бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга — Азиз ва Ҳамийд (қудрат ва ҳамду сано эгаси) бўлган зотнинг йўлига — олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир.  Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зотдир.  Кофирлар учун қаттиқ азоб — ҳалокат бўлгай” [Иброҳим: 1-2].  Ҳаттоки мазкур оятда ҳам Парвардигорнинг “Аллоҳ” исми аввалги оятдаги Унинг “Азиз” деган исмига сифат бўлмасдан балки “бадал”, (яъни изоҳловчи) бўлиб келган.

Масала:  калимаи шаҳодатни нутқ қилиш инсонни исломга киритадими?

Жавоб:  ҳа, гарчи инсон уни жонини сақлаб қолиш мақсадида айтяпти, деб гумон қилсакда, бу калима уни исломга киритади ва биз унинг жони ва мол-мулкини ҳимоя қиламиз, унга тажовуз қилмаймиз. Бунга далил – Усома розияллоҳу анҳу билан бир мушрик ўртасида бўлиб ўтган ҳодиса. Бу ҳодисада Усома розияллоҳу анҳу бир мушрикни кетидан қувлаб унга етиб олади ва уни қиличи билан урмоқчи бўлганида у: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, – дея шаҳодат келтиради. Усома ўлимдан қутулиш мақсадида айтяпти, деган гумон билан уни ўлдиради. Бўлиб ўтган воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга айтиб берган чоғда у зот қайта-қайта: “Ла илаҳа иллаллоҳни айгач ўлдирдингми-а?!”, – дея бошладилар. Усома розиёллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, у шаҳодатни ўлимдан қутулиш учун айтди, холос”, – деди. Пайғамбар алайҳиссалом бўлсалар: “Ла илаҳа иллаллоҳни айгач ўлдирдингми-я?!”, – дея қайта-қайта айтавердилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ундан қаттиқ ранжиганларини кўрган Усома розияллоҳу анҳу: “Шу бугундан олдим исломга кирмаган бўлишимни орзу қилиб қолдим”, – деган эди[1].

Демак, бизда бир инсон жонини асраб қолиш мақсадида шаҳодат калимасини айтди, деган гумон устун келсада, биз унинг фақат зоҳирига қараб ҳукм қилишимиз керак экан. Демак, бу инсоннинг шаҳодат калимасини айтиши унинг жонини асраб қолади. Тўғри, кейинчалик диндан қайтса уни қатл қиламиз. Бу нарса мусулмонлар қўлига аср тушган кофир жангчиларда учраши мумкин. Улар  қатл қилинишларидан қўрқиб жонини асраб қолиш учун “мусулмон бўлдик” дейишади. Шунда мужоҳидлар сўрайдилар:  “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишгач уларни ўлдирамизми ёки йўқми?”.

Биз айтамизки, Усома розияллоҳу анҳунинг ҳадиси уларнинг ўлдирилмаслигига далил. Бироқ, шундай бўлсада улар кузатувда бўладилар. Борди-ю, улардан муртадликка далолат қиладиган иш содир бўлса қатл қилинадилар. Негаки, калимаи шаҳодатни айтишлари билан ислом аҳкомларига риоя қилишга мажбур бўладилар.

Агар кофир кимса Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик келтирса-ю, бироқ Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига иқрор бўлмаса, то бунга ҳам гувоҳлик келтирмагунча Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига гувоҳлик қилиши  кифоя қилмайди. Шунга биноан, кофир “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши биланоқ исломга киради. Бироқ, борди-ю тавҳид калимасини айтиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг расул эканини инкор этса, у ҳолда бу калимага Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деган шаҳодатини ҳам қўшиши зарур. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Уларни албатта Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ экани ва албатта мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик беришга даъват қилинг[2].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи в асалламнинг динида маълум ва машҳур бўлган ва бутун уммат иттифоқ қилган нарса шуки, одамлар буюриладиган дастлабки нарса – Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик келтиришдир”. Шу билан кофир мусулмонга айланади.  Агар мусулмон бўлса, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик келтирса ва шу эътиқодда вафот этса, шунинг ўзи кифоя.  Негаки, Пайғамбар алайҳиссалом: “Кимда ким дунёдаги сўнг сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса жаннатга киради”[3], – деганлар. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисда “Ла илаҳа иллаллоҳ” билан кифояландилар, чунки бу ҳадис Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига иқрор бўлган ва унда бу борада бирон бир шак-шубҳа бўлмаган инсон хусусида айтилган.

Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик келтириш ибодатни холис Аллоҳга қаратишни келтириб чиқаради. Бу турли тавҳид “улуҳият тавҳиди”, ёхуд “ибодат тавҳиди” деб номланади. Чунки “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси “Аллоҳдан ўзга ҳақ ибодат қилинувчи зот йўқ”, деган маънони англатади. Демак, Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмаслигингиз керак. Кимда ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб, сўнг Аллоҳдан ўзгага ибодат қилса, у ёлғончидир. Негаки, бу шаҳодат ибодатни холис Аллоҳга қаратишни, риёкорлик, фахрланиш ва шу каби иллатларни йўқолишини тақозо қилади.

[1] Бухорий (“Жанглар китоби”, “Пайғамбар алайҳиссаломнинг Усома ибн Зайдни жангга юборишлари хусусидаги боб”, 4269-ҳадис) ва Муслим (“Иймон китоби”, “Ла илаҳа иллаллоҳ дегандан кейин кофирни ўлдириш ҳаромлиги тўғрисидаги боб”, 96-ҳадис) ривояти.

[2] Бухорий (“Закот китоби”, “Закот вожиблиги тўғрисидаги боб”, 1331-ҳадис) ва Муслим (“Иймон китоби”, “Икки шаҳодат калимаси ва ислом шариатларига даъват қилиш боби”, 19, 29- ҳадислар) ривояти.

[3] Сунани Абу Довуд, “Жанозалар китоби”, “(Маййитга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни) талқин қилиш боби”, 3116-ҳадис).

Изоҳ қолдиринг