Қабрдаги маййитларга таваккул қилиш

0

296. Қабрдаги маййитларга таваккул қилиш

«Фаришталар ва пайғамбарларни Аллоҳга восита қилиб, уларга дуо ва таваккул қилган, фойда келтириш ва зарар кетказишни улардан сўраган, масалан, гуноҳлар кечирилиши, қалблар ҳидоят топиши, ғам-ғуссалар ариши ва ҳожатлар ўталиши каби нарсаларни илтижо қилган кимса кофир бўлишига мусулмонлар ижмо қилган»[1].

«Чунки таваккул энг улуғ, буюк, афзал ва кўп яхшиликларни ўзида жамлаган ибодатлардан биридир. Зеро, ибодат таваккул пойдевори устида қад кўтаради. Бинобарин, таваккулни ёлғиз Аллоҳга холис йўналтириш фарздир»[2].

Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин бўлсангиз, ёлғиз Аллоҳга таваккул қилинглар!» (Моида, 23). «Аллоҳга таваккул тавҳид ва иймоннинг энг улкан тиргакларидан биридир. Банданинг Аллоҳга таваккули қанча кучли бўлса, иймони ҳам шунча бақувват, тавҳиди ҳам шунча мукаммал бўлиб бораверади. Банда дини ва дунёсига алоқадор ҳар қандай ишни бажариш ё тарк этишда Аллоҳга таваккул қилиш ва У зотдан ёрдам сўрашга муҳтождир.

Аллоҳга таваккул қилиш моҳияти банда қуйидагиларни билишида акс этади: барча иш Аллоҳнинг измидадир. Аллоҳ нимани хоҳласа бўлади, хоҳламаса бўлмайди. Фойда ва зарар келтирувчи ҳам, берувчи ва ман этувчи ҳам Аллоҳдир. Куч-қудрат ҳам, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш ҳам Аллоҳнинг қўлидадир. Банда буларни билганидан сўнг дини ва  дунёси учун фойдали бўлган нарсаларга эришиш ва зарарларни кетказиш учун Раббига қалбдан суянади ва Рабби уни муродига етказишига чин кўнгилдан ишонади. Шу билан бирга мақсадга элтувчи фойдали сабабларга жон-жаҳди билан риоя қилади.

Банда мазкур билим, суяниш ва ишонч узра бардавом бўлар экан, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи саналади. Бу банда Аллоҳнинг таваккул қилувчи бандаларига кифоя қилиши ҳақидаги хушхабари билан хурсанд бўлаверсин. Қачон мазкур нарсаларни Аллоҳдан ўзгага боғласа, ширк қилган бўлади. Ким Аллоҳдан ўзгага боғланса ва таваккул қилса, Аллоҳ уни ўша нарсага топшириб қўяди, натижада барча умидлари пучга чиқади»[3].

«Аллоҳдан бошқага таваккул қилиш икки хил бўлади:

Биринчиси: Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмаган ишларда таваккул қилиш. Мадад, ҳимоя, ризқ, шафоат каби муродларини ўликлар ва тоғутлардан сўрайдиган кимсаларни бунга мисол қилса бўлади. Бу катта ширк ҳисобланади. Чунки мазкур ишларга Аллоҳ таборака ва таолодан ўзгаси қодир эмас.

Иккинчиси: оддий ва зоҳирий сабабларда таваккул қилиш (суяниш). Масалан, бирор амир ёки султонга суяниб, Аллоҳ унинг ихтиёрига берган ризқу рўзни ёки азиятлардан халос бўлиш каби нарсаларни умид қилиш. Бу хил таваккул махфий ширкка киради»[4].

[1] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 1/147.
[2] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳу китоб ат-тавҳид», 232-бет.
[3] Шайх Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ. «Ал-қавл ас-садид шарҳу китоб ат-тавҳид», 93-94-бетлар. «Дор Ибн ал-Асир» нашриёти, биринчи нашр, 1429 ҳ.й.
[4] «Тайсир ал-азиз ал-ҳамид фий шарҳи китоб ат-тавҳид», 2/868.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг