Муслима аёлнинг дастури (21): Қурбонлик аҳкомлари

0

Қурбонлик аҳкомлари

Қурбонлик: ҳайит ва ташриқ кунлари Аллоҳ таолога ибодат қилиш ниятида сўйиладиган чорва ҳайвонлари (туя, қўй, мол)дан биридир.

Қурбонлик қилиш ҳукми

Мусулмонлар қурбонлик қилиш машруъ эканига ижмо қилишган. Қурбонлик қилиш суннати муаккада бўлиб, уни тарк қилиш макруҳдир.

Қурбонлик қилиш отамиз Иброҳим алайҳиссалом суннати, динимиз тарғиб қилган ва буюрган муҳим ишлардан бири, Аллоҳ таолога яқинлик ва тақвони ҳосил қилувчи амалдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар” (Ҳаж, 37).

Қурбонликнинг сўйилиш вақти:

Тўғри фикрга кўра, қурбонликни сўйиш вақти ҳайит намозидан кейин то ташриқ кунларининг охирги (яъни ўн учинчи зулҳижжа) куни  қуёш ботгунчадир.

  • Ўз молидан қурбонлик қилмоқчи бўлган аёл зулҳижжа ойи киргандан то қурбонлигини сўйгунича баданидаги тукларни ва тирноқларини олмай туради. Агар булардан бирини қилиб қўйса, Аллоҳга истиғфор айтади, лекин фидя бермайди. Агар эри ёки валийси (отаси ёки акаси) қурбонлик қилаётган бўлса, юқорида айтилган нарсалар унга тааллуқли бўлмайди.

  • Агар сочи ёки тирноғи ёхуд баданидаги туклардан бирон нарсани унутган ёки билмаган ҳолда олган бўлса, гуноҳ бўлмайди. Шунингдек, тирноқ синиши каби бирон эҳтиёж юзага келганда ўша тирноқни олса ҳам, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

  • Қурбонлик сўйиш унинг қийматини садақа қилишдан афзалдир.

  • Аёл киши сўйишни яхши билса, қурбонлигини ўз қўли билан сўйиши ва “Бисмиллаҳи, валлоҳу акбар. Эй Аллоҳ, бу фалончидан, қабул эт” дейиши суннатдир. Яхши сўя олмайдиган аёл сўйиш жараёнида келиб, қараб туради.

  • Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳли оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини қариндош-уруғлари ва қўни-қўшниларига ҳадя қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади.

Изоҳ қолдиринг