Рамазон ойида қилинган гуноҳнинг жазоси кўп бўладими?

0

Савол:

Рамазон ойида қилинган гуноҳнинг жазоси кўп бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Муборак жой ёки муборак вақтларда қилинган тоат-ибодатнинг савоби кўп, гуноҳларнинг эса жазоси оғир бўлади. Масалан, масжидда қилинган ибодатнинг савоби улуғ бўлганидек, у ерда қилинган гуноҳнинг жазоси ҳам оғир бўлади. Рамазон ойи ҳам худди шундай. Аллоҳ таоло Ҳарамда қилинган гуноҳ ҳақида бундай дейди: “Ким у ерда зулм (ва шу каби бошқа маъсиятларни қилиш) билан гуноҳни қасд қилса, унга аламли азобдан тоттирамиз” (Ҳаж, 25).

Уламолар жой ёки вақтга қараб савобнинг кўп бўлиши билан гуноҳнинг оғир бўлиши ўртасида фарқ бор дейишган. Бирон ишнинг савоби кўп бўлиши деганда унинг ҳам миқдор жиҳатдан, ҳам сифат жиҳатдан улкан бўлиши назарда тутилади. Гуноҳда эса унга бериладиган жазонинг миқдори кўпаймайди. Балки юқоридаги оятда айтилганидек, унга берилган жазонинг аламли, оғир ёки енгил бўлиши каби сифати ўзгаради. Аллоҳ таоло айтади: “Ким бирон яхшилик қилса, унга ўн баробарича савоб берилади. Ким бирон гуноҳ қилса, фақат шунинг ўзича жазоланади ва уларга зулм қилинмайди” (Анъом, 160). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликларни битиб қўйган ва уни баён қилган. Ким бир яхшиликни ният қилса-ю, амалга оширмаса, Аллоҳ таоло уни Ўз ҳузурида битта яхшилик деб ёзади. Агар ният қилса ва амалга оширса, ўн баробаридан етти юз баробаригача, ҳатто ундан ҳам кўп миқдорича яхшилик деб ёзади. Ким бир ёмонликни ният қилса-ю, амалга оширмаса, Аллоҳ таоло уни ҳам битта яхшилик деб ёзади. Агар ният қилиб амалга оширса, уни битта ёмонлик деб ёзади” (Бухорий, 6491; Муслим, 131).

Баъзи уламолар муборак жой ёки вақтларда қилинган гуноҳ худди савоб сингари сон жиҳатдан ҳам кўпаяди, дейишган. Бу ҳақда Қуртубий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятнинг тафсирида: “Маккада қилинган битта гуноҳ иккита ҳисобланади: бири шу гуноҳнинг ўзи, иккинчиси Ҳарамни беҳурмат қилгани. Ҳаром ойлар ҳам худди шундай бўлади”, дейди. Бу фикрга кўра ҳам гуноҳга берилган жазо кўпайган бўлмайди. Балки гуноҳ учун бир жазо, муборак вақт ва жойларни беҳурмат қилгани учун алоҳида жазо ёзилган бўлади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг