Қабр зиёрати учун эҳром боғлаш ва намозда қабрга юзланиб, Каъбага орқа ўгириш

0

297. Қабр зиёрати учун эҳром боғлаш

Айрим жоҳил одамлар қабр зиёратига эҳром боғлаб боришади. Бу иш хунук, жирканч бидъатлардан саналади. Зеро, Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умра ибодатидагина эҳром боғлашга ва тикилган кийим киймасликка буюрган.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтади: «(Қабр зиёратига кетаётган) баъзи жоҳиллар кийимларини ечиб, эҳром боғлаб олишларига келсак, бу иш ҳаромдир. Одамларни бу каби хунук бидъатларни қилишдан қайтариш, ундан четланишлари учун керак бўлса аёвсиз жазолаш керак»[1].

Санъоний деди: «Ибодат турларининг барчаси – бўйсуниш, Аллоҳ таоло ҳузурида ўзни хор тутиб туриш, руку, сажда ё тавоф қилиш, кийимларни ечиб (эҳромга кириш), сочни қириш ёки қисқартириш каби ишлар фақат Аллоҳ таоло учунгина бўлмоғи лозим. Ким мазкур ишлардан бирортасини тирик ё ўлик, жонли ё жонсиз бўлишидан қатъи назар махлуқотлардан бирортасига атаб қилса, ибодатда ширк келтирган, мазкур ишлар унга атаб қилинаётган кимса эса ибодат қилувчиларига худо бўлиб қолади. Бу кимса подшоҳ бўладими, пайғамбар, валий, дарахт, қабр, жин, тирик ё ўлик бирор кимса бўладими, мазкур ибодат турларидан бири ёки бошқа ҳар қандай ибодат унга йўналтирилиши туфайли илоҳга айланади. Унга ибодат қилаётган кимса гарчи Аллоҳга ишонса ва Аллоҳнинг қулиман деб даъво қилса-да, аслида ўша кимса ёки нарсага ибодат қилаётган бўлади»[2].

298. Намозда қабрга юзланиб, Каъбага орқа ўгириш катта куфрдир

«Аллоҳ таолонинг: “Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни Каъба тарафга буринг” (Бақара, 144) деган оятига биноан уламолар намоз дуруст бўлиши учун қиблага юзланиш шарт эканига иттифоқ қилганлар»[3].

Бинобарин, мусулмонлар олимлари намозда қабрга юзланиб, Каъбага орқа ўгириш очиқ куфр эканига иттифоқ қилганлар[4]. «Шариат кўрсатмаларидан четга чиққан бу кимсаларга шайтон ушбу қилмишларини зийнатлаб қўйди, натижада улар ширкка ўтиб кетишди. Улардан бир гуруҳи маййитга юзланган ҳолда намоз ўқийди. Улардан айримлари маййитга: “Гуноҳларимни кечир, менга раҳм айла” дея дуолар қилади, кейин қабрига сажда қилади.

Улардан яна бири қабрга юзланган, Каъбага орқа ўгирган ҳолида намоз ўқийди ва: “Қабр хос кишиларнинг, Каъба эса омманинг қибласи”, деб айтади.

Ваҳоланки, бу гапни айтадиган кимса ораларида энг ибодатгўй, зоҳид ва одамларни ўзига эргаштирадиган устозлари бўлади»[5].

[1] Имом Нававийнинг «Шарҳ ал-ийзоҳ фий маносик ал-ҳаж» китобига Ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг ёзган ҳошияси, 93-94 бетлар.
[2] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Амир ал-Яманий Санъоний (вафоти: 1182 ҳ.). «Татҳир ал-эътиқод мин адрон ал-илҳод», 45-46 бетлар. Муҳаққиқ: Муҳаммад Шиҳрий. «Мактабат ал-имом ал-Водеий» нашри, биринчи нашр, 1430 ҳ.й.
[3] Ибн Ҳубайра (вафоти: 560 ҳ.). «Ихтилоф ал-аимма вал-уламо», 1/97. Муҳаққиқ: Юсуф Аҳмад. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1423 ҳ.й.
Шунингдек, қаранг: Ибн Ҳазм. «Маротиб ал-ижмоъ фил-ибодот вал-муомалот вал-муътақадот», 31-бет. Муҳаққиқ: «Дор ал-офоқ ал-жадида» нашриётига қарашли «Эҳё ат-турос ал-арабий» қўмитаси, Байрут, учинчи нашр, 1402 ҳ.й.
[4] Қаранг: «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/385; «Ар-радду алал-Ихноий», 129-бет.
[5] «Ал-истиғоса фир-радди алал-Бакрий», 2/464.
Шайх Муҳаммад Рашид Ризо айтади: «Менга Шариф Муҳаммад Шараф Аднон Пошо хабар беришича, у Тоиф масжидида бир киши Ибн Аббоснинг қабрига юзланган ҳолда намоз ўқиётганини кўради. Шунда уни кўр бўлса керак деб ўйлаб, бир кишига уни қиблага буриб қўйишни буюради. Ҳалиги одам ҳар қанча уринмасин, намоз ўқиётган кимса қиблага юзланишга кўнмайди. Билишадики, у кўр эмас, балки атайлаб қабрга қараб намоз ўқияпти. Шунда Шариф ҳалиги кишига: “Анавини масжиддан чиқариб юбор, у мушрик экан”, дейди» («Ат-таълиқ ала мажмуат ат-тавҳид ан-наждийя», 366-бет. «Ал-миавийя» нашри, 1419 ҳ.й.)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг