Чақалоққа оид ҳукмлар (44): Ҳаром ва макруҳ исмлар (3)

0

Бўлим

Қуйидагилар ҳам макруҳ исмлар жумласига киради: Имом Муслим «Саҳиҳ»да Самура ибн Жундубдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ўғлингга «Ясор» (фаровонлик), «Рабоҳ» (фойда), «Нажиҳ» (муваффақиятли) ё «Афлаҳ» (нажот) деб исм қўйма. Чунки сен «У шу ердами?» деб сўрасанг ва у йўқ бўлса: «Йўқ», деб айтади”. Улар фақат шу тўрт исмдан иборат, уларни менинг номимдан кўпайтирманглар»[1].

Мазкур охирги жумлани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эмас, ровий айтган[2].

«Сунани Абу Довуд»да Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Яъло» (олий), «Барака», «Афлаҳ», «Ясор», «Нофеъ» (фойда келтирувчи) ва шу каби исмларни тақиқламоқчи бўлдилар, сўнг бу ҳақда ҳеч нарса демай сукут сақлаганларига гувоҳ бўлдим. Кейин уларни тақиқламаган ҳолларида вафот этдилар. Кейин Умар шу исмлардан қайтармоқчи бўлди, бироқ у ҳам бундай қилмади»[3].

Абу Бакр ибн Абу Шайба айтади: «Бизга Муҳаммад ибн Убайд Аъмашдан, у Абу Суфёндан, у Жобирдан ривоят қилиб бундай деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ҳаёт бўлсам, иншааллоҳ умматимни «Нофеъ», «Афлаҳ» ва «Барака» деб исм қўйишдан қайтараман», дедилар”. Аъмаш деди: «У зот «Нофеъ»ни ҳам айтдиларми, йўқми, билмадим»[4].

«Сунани Ибн Можа»да келган ҳадисда бундай дейилади: Абу Зубайр Жобирдан, у Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ҳаёт бўлсам, иншааллоҳ умматимни «Рабоҳ», «Нажиҳ», «Афлаҳ» ва «Ясор» деб исм қўйишдан қайтараман”, дедилар»[5].

«Муборак» (баракотли), «Муфлиҳ» (нажот топган), «Хайр» (яхшилик), «Сурур» (хурсандчилик), «Неъмат» каби исмлар ҳам шундай маънодаги исмлардир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёқтирмаган тўрт исмдаги маъно буларда ҳам бор. Масалан, «Хайр шу ердами? Сурур борми? Неъмат шу ердами?» деб сўралганида, «йўқ» деб жавоб берилиши, бу эса кўнгилни ғаш қилиши ва шумланишга сабаб бўлиши мумкин. Натижада, у ҳам макруҳ гаплар жумласига кириб қолади.

Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Барранинг олдидан чиқди» деган гапни ёқтирмаганлари айтилади[6]. (Барра – яхши, тақводор.)

Қолаверса, мазкур исмларда уларни тақиқлашни тақозо этадиган бошқа жиҳат ҳам бор. Чунки «баракотли», «нажот топган» деган исмлар қўйиш билан инсон ўзини поклаган ва мақтаган бўлиб қолади. Ҳолбуки, ўша одам бу хислатга эга бўлмаслиги мумкин. Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Барра» деб исм қўйишдан қайтариб: «Ўзингизни покламанг, сизлардан тақводорларни Аллоҳ билувчидир», деганлар[7].

«Сунани Ибн Можа»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зайнабнинг исми «Барра» эди. Одамлар: “Ўзини мақтаяпти”, дейишган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга «Зайнаб» деб исм қўйдилар»[8].

[1] «Саҳиҳи Муслим», 3/1675, 2137-рақамли ҳадис.
[2] Қаранг: «Зод ал-маод», 2/342-343-бетлар.
[3] Қаранг: «Сунани Абу Довуд», 13/358-359-бетлар. Муслим «Саҳиҳ»да (2138-ҳадис) Ибн Журайж орқали Абу Зубайрдан келтирган ҳадисда: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғил болага «Яъло» ва «Барака» исмларини қўйишдан қайтармоқчи бўлдилар», дейилади.
[4] Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 8/666. «Дор ал-қибла» нашрида эса: 13/245. Бу нашрда: «У зот «Рофеъ»ни ҳам айтдиларми, йўқми, билмадим», деб келган. Ҳадисни Бухорий ҳам «Ал-адаб ал-муфрад»да 638-рақам билан келтирган, Абу Довуд «Сунан»да (13/359) ва Абд ибн Ҳумайд «Ал-мунтахаб»да (1019-рақам) ҳам келтирган.
[5] «Сунани Ибн Можа», 2/1229, 3735-ҳадис. Қаранг: «Ас-силсила ас-саҳиҳа», 5/176-177.
[6] Қуйида келган Ибн Можа ҳадиси назарда тутиляпти.
[7] Абу Довуд (13/352) ривояти. Ҳадиснинг давоми қуйидагича: «Унда қандай исм қўяйлик?» деб сўрашганида, у зот: «Зайнаб деб исм қўйинглар», дедилар. Ҳадисни Имом Муслим ҳам (3992-рақам) қуйидагича ривоят қилган: Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилинади: «Қизимга «Барра» деб исм қўйдим. Зайнаб бинти Абу Салама менга бундай деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу исмдан қайтарганлар. Менга ҳам «Барра» деб исм қўйилган экан. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингизни покламанг, сизлардан тақводоларни Аллоҳ билувчидир», дебдилар. «Унда қандай исм қўяйлик?» деб сўрашганида, у зот: «Зайнаб деб исм қўйинглар», деганлар”».
[8] «Сунани Ибн Можа», 2/1230.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг