Азонда қабрга юзланиб, Каъбага орқа ўгириш бидъат ва очиқ адашишдир

0

299. Азонда қабрга юзланиб, Каъбага орқа ўгириш бидъат ва очиқ адашишдир

Муаззин азон айтиш асносида қиблага юзланиб туриши суннат эканига уламолар иттифоқ қилган[1]. «Фақат «Ҳайъала»да («Ҳайя алас-солаат» ва «ҳайя алал фалааҳ» ибораларида) ўнг ва чапга бурилади. Мазкур икки калимани айтишдаги бурилиш шарқ ва ғарб тарафларга хос эмас. Азон ва иқоматда шарқ ва ғарбга юзланишга тааллуқли бирон нарса келмаган. Ким «ас-солату хойрун минан навм» иборасини шарқ ва ғарб тарафга қараб айтса, уламолар иттифоқига кўра азон суннатидан четга чиққан бидъатчи бўлади»[2].

Модомики «ҳайъала»дан бошқа ўринда ўнгу чапга бурилган одам уламолар иттифоқи билан азон суннатидан оғишган бидъатчи ҳисобланар экан, азон айтаётиб қабрни улуғлаш мақсадида унга юзланиб, қиблага орқасини ўгириб турган одам ҳақида нима дейиш мумкин?! Бундай қилиш очиқ-ойдин залолат эканида заррача шубҳа йўқ.

Шайх Муҳаммад Рашид Ризо Имом Шофеий қабри ёнида бўлган воқеани бундай эслайди: «Ўша ерда Азҳарнинг бир гуруҳ катта ва машҳур уламолари бор эди. Муаззин қиблага орқа ўгирган ҳолда аср намозига азон айтди. Шунда мен уларга: “Нега муаззин суннатга мувофиқ қиблага юзланиб азон айтмади?” дедим. Шунда улардан бири: “Чунки у Имом Шофеий қабрига юзланиб турибди-да”, деб жавоб берди!»[3]

[1] Қаранг: Ибн Мунзир. «Ал-ижмоъ», 41-бет, 55-рақам.
[2] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 22/71.
[3] Шайх Муҳаммад Рашид Ризо (вафоти: 1354 ҳ.) таъсис этган «Ал-манор» журнали, биринчи жилд, 833-бет, 1315 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг