Умар розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳни ўлдирмоқчи бўлгани ва синглисининг уйига бостириб киргани

0

Расулуллоҳни ўлдирмоқчи бўлгани

Қурайш аҳли бир ерга йиғилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши қандай йўл тутиш ҳақида маслаҳат қилишди. Улар ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириб, “қаҳрамон” бўлиши ҳақида бош қотириб туришганида, Умар розияллоҳу анҳу бу ишни ўз зиммасига олди. У туш пайти жазирама иссиқда қиличини елкалаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ўша вақтда у зотга иймон келтирган мусулмонларни гумдон қилиш учун йўлга отланди. Умар мусулмонларни излаб, суриштира бошлади. Мусулмонлар Арқам розияллоҳу анҳунинг ҳовлисида йиғилишганини эшитиб, улар томон йўл олди. Унинг бу қатъиятини кўрган Нуайм ибн Абдуллоҳ Наҳҳом ундан сўради:

-Умар, қаерга кетаяпсан?

-Ота-боболарининг динидан қайтган, Қурайш ўртасида фитна чиқариб, уларнинг бирлиги йўқолишига сабаб бўлаётган кишининг олдига. У бутун Қурайш қабиласини эсипастга чиқариб, динимизни ёмонлаб, олиҳаларимизни ҳақорат қилаяпти. Мен уни ўлдираман!

-Жуда ҳам ёмон ишга қўл ураяпсан. Сен ўз кучингга ишониб бутун қавмингни ҳалок қилмоқчимисан?! Айтчи, Муҳаммадни ўлдирганингдан кейин Бани Абдуманоф уруғи сени тинч қўядими?!

Улар тортишиб, ўзаро бақир-чақир қила бошлашди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Нуаймга: “Сен ҳам айниган кўринасан. Агар шунақа эканини билсам ишни сендан бошлайман” – деди. Бу гапни эшитган Нуайм Умар розияллоҳу анҳу фикридан қайтмаслигини билди-да, уни шаштидан қайтариш учун шундай деди: “Унда эшит, сенинг оиланг ва куёвинг ҳам исломни қабул қилишди ва сенинг бу залолатга тўла динингдан юз ўгиришди”. Умар розияллоҳу анҳу бу гапни эшитиб, ҳайратдан донг қотди ва таажжубланиб: “Кимлар?” – деб суради.

-Куёвинг, синглинг ва амакиваччанг, деди Нуайм.

Синглисининг уйига бостириб киргани

Умар розияллоҳу анҳу куёви ҳамда синглисининг исломни қабул қилишганини эшитиб қаттиқ жаҳли чиқди. У синглисиникига келиб эшик қоқди. Ичкарида Умар розияллоҳу анҳунинг синглиси Фотима бинти Хаттоб эри Саид билан Қуръон (Тоҳа сурасини) тиловат қилиб турган эдилар. Улар Умар розияллоҳу анҳунинг овозини эшитиб қўрқиб кетишди. Фотима Қуръон ёзилган варақни бир четга қўйиб, бориб эшикни очди. Умар розияллоҳу анҳунинг дарғазаб экани юзидан сезилиб турарди. Буни пайқаган Фотима Қуръон ёзилган варақни яширди. Умар розияллоҳу анҳу уларни саволга тута бошлади:

-Эшик олдида турганимда пичирлаган овоз эшитдим. Нима қилаётган эдинглар?

-Эр-хотин гаплашиб турган эдик, деб жавоб берди Саид.

-Ота-боболаринг динини ташлаган бўлманглар, тағин?!

-Умар, агар сенинг дининг ботил-у, бу дин (яъни ислом) ҳақ бўлсачи?!

Умар розияллоҳу анҳу бу гапни эшитиб чидаб тура олмади. Шу заҳоти куёвига ташланиб, уни ётқизиб олиб, роса дўппослади. Кейин эса унинг кўкрагига ўтириб олди. Синглиси Фотима эрини ҳимоя қилиш мақсадида яқинлашган эди, Умар розияллоҳу анҳу уни итариб юборди. Унинг юзи қонаб кетди. Фотима розияллоҳу анҳо ғазабланиб, акасига шундай деди:

-Эй Аллоҳнинг душмани, мени Аллоҳ ягона деганим учун урасанми?!

-Ҳа!

-Қўлингдан келганини қил! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик бераман. Сен истамасанг ҳам, биз исломга кирдик.

Умар розияллоҳу анҳу бу гапларни эшитиб қалби юмшади ва қилган ишига пушаймон бўлди. Саиднинг устидан турди-да, бир четга ўтирди. Бироз ўйга толди-да, кейин Фотимага қараб шундай деди:

-Менга ўша варақни беринглар–чи, бир ўқиб кўрай!

-Йўқ, бермайман!

-Айтган гапларинг қалбимга оғир ботди. Ўша варақни бер, бир ўқиб кўрай. Ваъда бераман, қайтариб бераман, хоҳлаган жойинга беркитиб қўясан.

-Сен пок эмассан. Уни фақат пок одамлар ушлаши мумкин. Ўрнингдан туриб, ювиниб кел ёки таҳорат ол.

Умар розияллоҳу анҳу ювиниб келди ва синглисидан Қуръон оятлари ёзилган варақни олиб, ўқий бошлади. У вараққа Тоҳа сураси ва яна бошқа бир сура ёзилган эди. Умар розияллоҳу анҳу варақнинг бошидаги “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”ни кўриб, варақни отиб юборди. Озроқ вақтдан кейин ўзига келди ва варақни яна қўлига олди-да, қуйидаги оятларни ўқий бошлади: “То, Ҳа. (Эй Муҳаммад), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлиши учун нозил қилдик. (У) ерни ва юксак осмонларни яратган зот томонидан нозил қилингандир. (У зот) арш узра олий бўлган Раҳмондир. Осмонлардаги, ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унинг мулкидир. Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам, (ва ёки) хуфёна гапирсангиз ҳам, У зотга баробардир. Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. Аллоҳдан ўзга (ҳеч қандай) Илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг жуда гўзал исмлари бор” (Тоҳа: 1-8). Бу оятлар унга қаттиқ таъсир қилди. “Қурайш шунга қарши чиқаяптими?”, деган савол уни қийнай бошлади ва яна ўқишда давом этди. “Мен Аллоҳман, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Шундай экан, фақат Менга ибодат қил ва Мени эслашинг учун намоз ўқи. Зеро, қиёмат келажак. Ҳар бир жон қилган ишига яраша жазо олиши учун Мен унинг қачон келишини қаттиқ беркитаман. Қиёматга ишонмайдиган, ҳавои нафсига эргашганлар сени у кун учун (тайёргарлик кўришинга) тўсқинлик қилмасин. Акс ҳолда, ҳалок бўлгайсан!” (Тоҳа: 14-18). Мазкур оятларни ўқиб бўлгач: “Бу гапларни айтган Зотга бошқаси шерик қилиниши асло тўғри эмас. Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар!” – деди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг