Чақалоққа оид ҳукмлар (45): Ҳаром ва макруҳ исмлар (4)

0

Бўлим

Шайтонлар исмларини қўйиш ҳам жоиз эмас. Масалан, «Ханзаб»[1], «Валҳон», «Аъвар» ва «Аждаъ» каби исмлар шайтонлар исми ҳисобланади.

Шаъбий Масруқдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб билан учрашдим. У мендан: “Кимсан?” деб сўради. Мен: “Масруқ ибн Аждаъ”, дедим. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аждаъ шайтондир», деганларини эшитганман”, деди»[2].

Убай ибн Каъбдан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Таҳорат учун (ёлланган) шайтон бор. У «Валҳон» деб аталади. Сувда васвасага берилишдан сақланинглар»[3].

Усмон ибн Абул Ос намозда шайтон васваса қилаётганини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилган эди, «Бу Ханзаб отли шайтоннинг иши», дедилар[4].

Абу Бакр ибн Абу Шайба айтади: «Бизга Ҳумайд ибн Абдураҳмон Ҳишомдан, у отасидан ривоят қилишича, бир кишининг исми «Ҳубоб» эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга «Абдуллоҳ» деб исм қўйдилар ва “Ҳубоб шайтондир”, дедилар»[5].

Бўлим

Миср фиръавнлари ва бошқа золимларга тегишли исмлар ҳам ножоиз исмлар туркумига киради. Масалан, Фиръавн, Қорун, Ҳомон, Валид каби исмлар шулар жумласидан.

Абдураззоқ «Жомеъ»да айтади: «Бизга Маъмар Зуҳрийдан нақл қилишича, бир киши ўғлига «Валид» деб исм қўймоқчи бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бундан қайтарадилар ва: “Умматимда «Валид» исмли киши ўтади. У умматимга нисбатан Фиръавн қавмига қилган ишни қилади”, дедилар»[6].

[1] «Ханзаб» шайтоннинг лақабларидан бўлиб, «бир тишлам сассиқ гўшт» маъносини англатади. (Ибн Асирнинг «Ан-ниҳоя» китобига қаранг.)
[2] Абу Довуд (13/356), Ибн Можа (2/1229), Имом Аҳмад (1/31; «Ар-рисола» нашрида: 1/338) ва Ибн Абу Шайба (13/243, «Дор ал-қибла» нашриёти) ривояти. Ҳоким (4/279) ҳадисни саҳиҳ деган. Мунзирий «Мухтасар ас-сунан» китобида (7/256) айтади: «Ҳадис санадида Мужолид ибн Саид бор. У ҳақда турли гаплар айтилган». «Аждаъ» – аъзолари кесилган дегани.
[3] «Сунани Ибн Можа», 2/1229; «Муснади Аҳмад», 5/136 («Ар-рисола» нашрида: 35/160); «Сунани Термизий», 1/52. Термизий айтади: «Ғариб ҳадис. Аҳли ҳадислар наздида санади «қавий» (кучли) эмас. Чунки ҳадис санадини Хорижадан бошқаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказганини билмаймиз. Ҳадис бошқа санад билан Ҳасандан ривоят қилинган. Бироқ бу мавзуда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан бирор саҳиҳ ривоят келмаган. Асҳобларимиз наздида Хорижа «қавий» ровий эмас, уни Ибн Муборак заиф санаган». Шунингдек, ҳадисни Ҳоким (1/162) ривоят қилган, Заҳабий фикр билдирмаган. Ҳадисни Ибн Хузайма (197-рақам) ва Байҳақий (1/197) ҳам ривоят қилган. Байҳақий: «Бу иллатли (заиф) ҳадис», деган.
[4] Муслим ривояти, 2203-ҳадис.
[5] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (8/664; «Ал-қибла» нашрида: 13/241), Абдураззоқ «Ал-жомеъ мин ал-мусаннаф»да (11/40) ва Ибн Саъд «Табақот»да (3/541) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (8/50) бундай деган: «Ҳадисни Табароний ривоят қилган. Санадида ҳадиси олинмайдиган ровий Сарий ибн Исмоил бор».
[6] «Мусаннаф»да (11/43) мурсал кўринишда ривоят қилинган. Ибн Жавзий уни «Мавзуот» (тўқима ҳадислар тўплами)да (2/194 ва 3/8-9) келтирган ва Ибн Ҳиббоннинг: «Бу ботил (асоссиз) хабар», деганини нақл қилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (10/580) айтади: «Агар Саид буни Умму Саламадан эшитган бўлса, демак, у саҳиҳ ҳадис шартига тушади. Буни Ҳарбий «Ғариб ал-ҳадис»да Умму Саламадан келтирган бошқа ҳадис борлиги қувватлайди».

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг