Туманли тарих (11): Абу Бакр халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар (2)

0

Асвад Ансий (Абҳала ибн Каъб)

Асвад Ансий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида пайғамбарлик даъвоси билан чиқди. Етти юзта жангчи билан Санъони эгаллади. Бутун Яман унинг ерига айланди. Кундан-кунга Асвад Ансийнинг иши авж олиб, Яман аҳлидан муртадлар сони кўпая борди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида аҳвол шундай эди.

Асвад Ансийни Абу Бакр Сиддиқ даврида Феруз Дайламий ўлдирди. Асвад Ансий маст ҳолда ухлаб ётганида Феруз Дайламий унга қилич солди. Сохта пайғамбар худди ҳўкиздек бўкириб юборди. Овозини эшитиб қўриқчилар унинг оромгоҳига югуриб келишди.

– Нима бўлди? Нима бўлди? – сўрашди қўриқчилар.

Асваднинг хотини солиҳа аёл эди. «Пайғамбарга ваҳий келмоқда!» – деб қўриқчиларни қайтариб юборди. Асвадга эргашмаган кофирлар ва мусулмонлар унинг қўрғони атрофида тўпланишди. Мусулмонлардан бири: «Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг расули, Абҳала эса каззобдир», деб бақирди. Асваднинг калласи тўпланганлар томон улоқтирилди. Асвад Ансий тарафдорлари мағлуб бўлди. Одамлар уларни дуч келган ерда таъқиб қилишарди[1].

Тулайҳа Асадий

Тулайҳа Асадий ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик вақтларида муртадлик йўлига ўтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Уяйна ибн Ҳисн муртад бўлиб, унинг ёрдамчисига айланди.

– Аллоҳга қасамки, Бани Асаддан чиққан пайғамбар мен учун Бани Ҳошимдан чиққан пайғамбардан суюклироқдир! Муҳаммад вафот этди. Мана Тулайҳа, унга эргашинглар! – деди Уяйна.

Бани Фазора қавми Уяйнага қулоқ солди. Холид ибн Валиддан мағлубиятга учраган Тулайҳа хотинини олиб Шомга қочди. Сўнг ҳаққа қайтиб, Исломни қабул қилди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврида умра қилиб Маккага келди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан учрашишга уялиб, вафотига қадар юзма-юз бўлмади. Ярмук ва бошқа ғазотларда Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг ёнида туриб жанг қилди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга: «Жанг хусусида Тулайҳа билан маслаҳат қил , лекин уни амирликка тайинлама!» деб мактуб ёзган эди[2].

Асад ва Ғатафон

Асад ва Ғатафон қабилалари элчилари Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ҳузурига сулҳ таклиф қилиб келишди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу уларга юрт ва мол-мулкдан маҳрум этувчи уруш билан шармандали сулҳдан бирини танлашлари кераклигини айтди.

– Эй Расулуллоҳнинг халифаси, юрт ва мол-мулкдан маҳрум этувчи уруш нималигини яхши биламиз. Шармандали сулҳ нима дегани? – сўрашди элчилар.

– Сизлардан от-улов ва қурол-аслаҳалар олиб қўйилади. Туяларнинг думига эргашадиган (яъни туя боқадиган) қавмларни тарк этасизлар. Расулуллоҳнинг халифаси ва мўминлар амири маъзур ҳисоблайдиган бирон ишни Аллоҳ кўрсатмагунга қадар шундай бўлади. Сизлар биздан ўлдирган кишилар учун хун тўлайсизлар, биз эса сизлардан ўлдирган кишилар учун хун тўламаймиз. Биздан ўлдирилганларнинг жаннати эканига ва сизлардан ўлдирилганларнинг дўзахи эканига гувоҳлик берасизлар! – деб жавоб берди Абу Бакр[3]. Шу ерда Умар разияллоҳу анҳу фикр билдирди:

– «Сизлар биздан ўлдирган кишилар учун хун тўлайсизлар» деган гапингизга келсак, бизникилар Аллоҳнинг йўлида ўлдирилдилар, улар учун хун олинмайди.

Сажоҳ ва Бани Тамим

Ридда воқеаси кунлари Бани Тамимда аҳвол турлича эди. Кимдир диндан қайтди, кимдир фақат закот беришдан бош тортди, кимдир Исломда қолди ва яна кимдир иккиланиб турарди. Ана шу ҳолатда тағлиблик Сажоҳ бинти Ҳорис келиб қолди[4]. Бу аёл пайғамбарлик даъво қилиб, ўзига эргашган қавми ва четдан қўшилганлар билан Мадинага юриш қилмоқчи бўлди. Бани Тамим ерларига етгач, уларни ҳам ўзига қўшилишга чақирди. Қавмнинг катта қисми унга эргашди. Ўзаро урушмаймиз дея сулҳ туздилар. Кейин Молик ибн Нувайра уни Мадинага юриш қилишдан қайтарди. Аввал Бани Ярбуъ ва бошқаларга қарши жанг қилиб, Мадина юришини кейинга қолдиришни сўради. Сўнг Сажоҳ Мусайлима Каззобдан Ямомани тортиб олишга қарор қилди. Бу кезда Мусайлима мусулмонлар билан уруш ҳолатида эди. Бу ишлар ҳал қилувчи Ямома жангидан олдин бўлиб, икки томонда уруш олиб боришдан хавотирга тушган Мусайлима Каззоб Сажоҳга сулҳ таклиф қилиб одам юборди. Сажоҳ Мусайлима ерларининг ярмини олиш эвазига сулҳ тузди.

Сўнг Мусайлима унга бошқа бир таклиф билан чиқди.

– Сенга уйлансам ва қавмим ҳамда қавминг билан бутун арабларни бўйсундирсам нима дейсан? – деди у.

Сажоҳ рози бўлди. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг келаётганини эшитганида эса юртига қайтиб кетди. Сажоҳ Бани Тағлиб орасида яшади, баъзилар яна исломни қабул қилди, дейишади[5].

Бани Ҳанифа ва Ямома жанги

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Бани Ҳанифага қарши жанг қилиш учун Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуни юборди. Сайфуллоҳдан олдин уларга қарши Икрима ибн Абу Жаҳл ва Шураҳбил ибн Ҳасаналар юборилган эди. Мусайлима Каззоб қирқ минглик қўшинга бошчилик қиларди. Холид ибн Валид қўшиннинг олд қисмига Шураҳбил ибн Ҳасанани, ўнг қанотга Зайд ибн Хаттобни ва чап қанотга Абу Ҳузайфани тайинлади.

Холид ибн Валид қўшинни Ямомага қараган тепаликка жойлаштирди. Муҳожирларнинг байроқдори Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, ансорийларнинг байроқдори Собит ибн Қайс эди. Жанг шиддатли тус олди. Собит ибн Қайс хушбўйланиб, кафан кийиб олди-да, чуқур қазиб, тиззасигача ерга кириб байроқни маҳкам ушлади. Собит ўлдирилгунга қадар ўз жойида собит турди. Муҳожирлар ўз байроқдорлари Солимдан сўрашди:

– Сен томондан панд еб қолишимиздан чўчимаяпсанми?

– Агар шундай бўлса, мен нақадар ёмон Қуръон ҳофизи эканман! –жавоб берди Солим.

Холид ибн Валид душманга ҳамла қилди, ҳатто душман сафларининг орқа томонига қадар ёриб кириб, сўнг яна ортга қайтди. Сўнг икки лашкар ўртасида туриб, яккама-якка олишувга чорлади. Ким Холид ибн Валид билан олишувга чиққан бўлса, бари ер тишлаб қолаверди. Жанг авжига чиққанида Холид ибн Валид муҳожирларни ансорлардан ажратди. Одамларга ҳамма нарса аниқ бўлиши учун барча қабилани алоҳида байроқ остига қўйди. Мусулмонлар мисли кўрилмаган сабру матонат кўрсатишди. Ислом лашкарининг шиддатли ҳужумларига дош беролмаган муртадлар қочишга тушди. Кофирлар «ўлим боғи» деб ном олган жойга кириб, дарвозаларни қулфлаб олишди. Саҳобалар Бани Ҳанифани ҳар томондан ўраб олдилар.

– Эй мусулмонлар жамоаси! Мени уларнинг ичига улоқтиринглар! – деди Баро ибн Молик. Саҳобалар уни қалқонга ўтқазиб, қалқонни найзалар учида кўтариб, девордан ошириб юбордилар. Баро разияллоҳу анҳу абжирлик билан ичкарига сакраб тушиб, қўққисдан муртадларга ҳамла қилди ва улар билан олишиб, ниҳоят дарвозани очиб юборди. Ислом лашкари боғнинг ичига дарвозаларидан ва деворлар оша ёпирилиб кирди. Муртадларни қиличдан ўтказиб, Мусайлима Каззобга етиб боришди. Ваҳший ибн Ҳарб найза отиб сохта пайғамбарни ўлдирди[6].

Мусулмонлар олти юз кишини йўқотган бўлса, кофирлардан ўн мингга яқин киши ўлдирилди. Қолганлар қалъадан паноҳ топишди. Холид улар билан сулҳ тузиб, Исломга чақирди. Ҳаммалари Исломни қабул қилдилар. Қалъага киришларидан олдин қўлга тушганлар асирлар сирасига ўтказилди. Ана шу асирлар орасида келажакда Али разияллоҳу анҳуга Муҳаммад исмли ўғил туғиб берган аёл ҳам бор эди. Бу ўғил кейинчалик Муҳаммад ибн Ҳанафия исми билан машҳур бўлган[7].

[1] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/315.

[2] Бу фикрда ҳикмат ва узоқни кўра билиш хислатлари мужассам. Тулайҳа жанг ишлари ва қўмондонлик сир-асрорлари борасида катта тажриба эгаси эканини Абу Бакр билар, бироқ у бир марта Исломдан қайтиб муртад бўлгани ва кейин яна Исломга қайтгани сабабли у энди ҳеч қачон мусулмонлар қўшинига қўмондон бўлолмас эди. Бинобарин, ундан фақат маслаҳат олиш мумкин эди.

[3] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/323.

[4] У Бани Тамимдан экани ҳам айтилади.

[5] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/324.

[6] Ваҳший айтади: «Жоҳилиятда энг яхши инсонни ўлдирган бўлсам, Исломда энг ёмон одамни ўлдирдим». Қаранг: Ибн Асир. «Усд ал-ғоба», 5/386; Заҳабий. «Тарих ал-Ислом», 3/39.

[7] «Ат-табақот ал-кубро», 3/12. Аёлнинг исми Хавла бинти Жаъфар ибн Қайс эди.

Изоҳ қолдиринг