Урушдан олдин душманни даъват қилишнинг ҳукми

0

Урушдан олдин душманни даъват қилишнинг ҳукми

Бир гуруҳ уламолар душманга даъват етган ёки етмаганлигидан қатъий назар урушдан олдин яна бир бор уларга даъватни етказиш вожиб эканини айтганлар. Бу имом Моликнинг фикридир.

Бошқа бир жамоат уламолар эса, ҳар қандай ҳолатда ҳам душманга даъватни еткизиш вожиб эмас дейишади. Бу ҳанбалий мазҳабидаги фикрлардан биридир.

Жумҳур (аксар)  уламолар эса бу борада даъват етган кишилар билан даъват етмаган кишилар ўртасини ажратадилар. Уларнинг фикрича, даъват етган кишиларни қайтадан даъват қилиш вожиб бўлмай, балки мустаҳабдир. Даъват етмаган кишиларни эса, жангдан олдин даъват қилиш вожибдир. Бу масалада келган далилларни бир-бирига солиштирганимизда жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳ экани маълум бўлади. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон қўшин ёки кичикроқ бўлинма устидан амир тайинласалар, унга Аллоҳдан тақво қилишни ва қўл остидаги мусулмонларга ғамхўрлик қилишни тайинлар эдилар. Сўнгра унга шундай дер эдилар: “Агар мушриклардан иборат душманингга йўлиқсанг, уларни учта хислатга даъват қил. Бу уч хислатдан қай бирига рози бўлишса, қабул қил. (Аввало) уларни исломга даъват қил. Агар исломни қабул қилишни ихтиёр қилсалар, улардан буни қабул қил ва уларга озор беришдан тийил. Борди-ю, (исломни қабул қилишдан) бош тортсалар, у ҳолда жизя тўлашни талаб қил. Агар жизяга рози бўлсалар, қабул қил ва уларга озор беришдан тийил. Борди-ю, бунга ҳам кўнмасалар, у ҳолда Аллоҳдан мадад сўраб, уларга қарши жанг қил[1].

Ушбу ҳадис жанг бошлашдан олдин ислом даъватини еткизиш вожиб эканига далолат қилади. Айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим қавмларга даъват еткизмасдан қўққисдан ҳужум қилгани собит бўлган. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Мусталиқ қавмига кутилмаганда қўққисдан ҳужум қиладилар. Бу вақтда улар қудуқ атрофида чорва молларини суғораётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан жанг қилишга яроқли эркакларни қатл қилиб, аёллар ва ёш болаларни эса асирга олдилар[2].

Жумҳур уламолар ушбу ҳадисларни ўзаро солиштириб шундай хулоса қилганларки, қайси ўринда жангдан олдин даъватга буюрилган бўлса, демак, уларга ҳануз даъват етиб бормаган бўлган. Аксинча, қайси ўринда қўққисдан ҳужум қилинган бўлса, демак, уларга бундан олдин даъват етиб борган ва улар исломга чақирилганлар. Жумҳур уламолар билдирган мазкур фикр рожиҳ фикрдир, валлоҳу аълам.

Мавзуга оид айрим мулоҳазалар:

1) Мусулмонларга қарши жангда хоҳ моддий, хоҳ маънавий ёхуд жанговор ҳисса қўшган ҳар қандай кишини қатл қилиш жоиздир. Аммо мусулмонларга қарши жангда қатнашмаган аёллар, ёш болалар, кексалар, телбалар, ётиб қолган хасталар, оёқ-қўллари ишламай қолган шоллар, ибодатхоналардан чиқмайдиган роҳиблар ёки жанг қилишдан ожиз кимсаларни ўлдириш жоиз эмас. Шунга қарамай мазкур шахслардан биронтаси ўзининг фикри ёки турли қўпорувчилик ҳаракатлари билан жангда ҳиссасини қўшса ёхуд бевосита урушда қатнашса, у ҳолда бундай кимсани ўлдириш жоиздир.

Мазкур кимсаларни ўлдирмаслик тўғрисида келган далиллардан намуналар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳга таяниб, таваккул қилиб ва Ундан мадад сўраб, шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннати (ва йўллари)га эргашган ҳолда (жангга) отланингиз. Кексаларни, гўдакларни, ёш болаларни, аёлларни ўлдирманглар. Ўлжаларни бир жойга тўпланглар, (ўлжалар тақсимланишидан олдин ундан) бирон нарсани ноҳақ олманглар. (Ўрталарингизни) ислоҳ қилинглар. (Ҳар бир ишни шариат буюрганидек) маромига етказиб қилинглар. Зеро, Аллоҳ бундай бандаларни яхши кўради[3].

Рабоҳ ибн Рабеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Холидга етиб олиб: “Асло аёл киши ва (бировнинг қўлидаги) мардикорни ўлдира кўрма![4]” – деб айт”. Бошқа бир ривоятда “аёл киши”нинг ўрнига “ёш болалар” келган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинларини бирон жойга юборсалар: “Ибодатхоналарда ўтирадиган роҳибларни ўлдирманглар” – дер эдилар”[5].

Мазкур кишилардан бири жангда қатнашган, фикр ёки маслаҳати билан жангга ўз ҳиссасини қўшган тақдирда, уни ўлдириш жоиз эканига қуйидаги ҳадис далил бўлади:

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Рабеа ибн Рафеъ Суламий Ҳунайн жангида Дурайд ибн Симмани учратиб қолиб, уни қатл қилади. Дурайд ёши юздан ошган, фақат маслаҳатидангина фойдаланиш мумкин бўлган кекса киши эди. Унинг қатл қилингани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етганида Рабеани койимадилар[6]. Бу воқеа бундай кишиларни ўлдириш жоиз эканига далолат қилади.

2)  Мусулмонлар ўзлари билан душманлар орасида келишилган битим ва аҳдларни бузиши, душманлардан асрга тушган ёки қатл қилинган кишиларнинг қулоқ-бурунлари ва шу каби аъзоларини кесиб таҳқирлаши ва қўлга тушган ўлжалардан ўғирлашлари жоиз эмас.

3) Мусулмон кишининг жанг қилиш ортидан кўзлаган мақсади Аллоҳнинг сўзини устун қилиш бўлмоғи керак. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир кишининг жасурлик туфайли ёки ҳамияти қўзиб ёки риёкорлик қилиб жанг қилиши тўғрисида, улардан қай бири Аллоҳ йўлида жанг қилиш саналиши ҳақида сўралди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳнинг сўзи устивор бўлиши учун жанг қилган бўлса, ана ўша Аллоҳнинг йўлида жанг қилган саналади[7] – деб айтдилар.

4) Жангга отланган мужоҳид шаҳидликни орзу қилиши жоиздир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар умматимни машаққатга солиб қўйишим бўлмаганида, (жанговор вазифани бажариш учун отланган) ҳеч бир ҳарбий бўлинмада қатнашмай қолмаган бўлур эдим. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳнинг йўлида қатл қилиниб, сўнгра қайта тирилишни, сўнг яна қатл қилиниб, сўнгра қайта тирилишни, сўнг яна қатл қилинишни орзу қиламан[8]. Шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шундай дегани собит бўлган: “Эй Аллоҳ, мен Сендан Ўзингнинг йўлингда шаҳид бўлишни ва Расулингнинг юртида ўлишни сўрайман[9].

Саҳл ибн Ҳаниф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Аллоҳ таолодан сидқ билан шаҳидликни сўраса, гарчи тўшагида вафот этсада, уни шаҳидлар мартабасига кўтаради[10].

5) Халифа аскарлардан жангдан қочмаслик ёки то ўлгунга қадар жанг қилиш ҳақида байъат олиши жоиздир. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисида шундай дейди: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилиб, сўнг бир дарахтнинг соясига бориб ўтирдим. Одамлар сийраклашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қараб: “Эй Акваънинг ўғли, байъат қилмайсанми?” – дедилар. Мен: “Ахир байъат қилиб бўлдимку, эй Расулуллоҳ?” – дедим. “Яна бир бор” – дедилар Расулуллоҳ. Мен иккинчи бор байъат қилдим”. Ҳадисни Салама ибн Акваъдан ривоят қилган киши: “Эй Абу Муслим, қайси нарсага байъат қилар эдинглар?” – деб сўради. “Ўлгунча жанг қилишга” – жавоб берди Салама[11]. Ўлгунча жанг қилишдан чиндан ҳам ўлиб бериш лозимлиги келиб чиқмайди. Аксинча, мақсад, жангда собитқадам бўлиш, гарчи қатл қилинсада жангдан қочмасликдир.

6) Юқорида айтиб ўтганимиздек, душманга йўлиққан пайтда қочмасдан собит қолиш вожибдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар, (кофир) жамоатга рўбарў бўлганингизда,  саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз,  шояд нажот топурсизлар” [Анфол: 45]. Бироқ мағлубиятга учраш ва қатл қилиниш эҳтимоли катта бўлса, у ҳолда кўпроқ куч – қўшин йиғиб, қайтадан ҳужумга ўтиш ёки бошқа бир гуруҳга бориб қўшилиш мақсадида ортга чекиниш жоиздир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда,  уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса,  бас,  у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди” [Анфол: 16].

Из ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Жангдан қочиш катта зиёнга сабаб бўлувчи ишдир. Бироқ инсон кофирларга ҳеч қандай зиён еткизмай ўлиб кетишини билса, у ҳолда қочиш вожибдир[12].

7) Мусулмонлар қурол-яроғ, от-улов ва ҳарбий техникалар каби кофирларнинг ҳарбий тайёргарлигини оширадиган нарсаларни уларга сотиши ҳаромдир.

8) Мусулмонлар томонидан душманни парокандаликка дучор қиладиган, уларнинг кучини синдирадиган, душман истеҳкомларини портлатиш, ёқиш, сувга ғарқ қилиш, қуруқликдан, сувдан ва ҳаводан ўққа тутиш ҳамда ракеталар отиш каби қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш жоиздир.

9) Аслида мусулмонлар кофирларга қарши жангда ширк аҳлидан ёрдам олмаслиги лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жангида у зотга эргашган бир кишига қарата: “Ортга қайт, мен мушрикдан ёрдам олмайман[13] – деган эдилар. Негаки, мушрикларнинг мусулмонларга хиёнат қилмаслигига ишониб бўлмайди.

Бироқ айрим  фуқаҳолар агар зарурат ёки эҳтиёж туғилса, бошқарув мусулмонлар қўлида бўлиши шарти билан мушриклардан ёрдам олишни жоиз деганлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн жангида Сафвон ибн Умайядан ёрдам сўраган[14], Макка фатҳида эса Хузоа қабиласи билан ҳамкорлик қилган эдилар.

[1] Муслим (1731), Абу Довуд (2612), Термизий (1408), Насоий “Сунани кубро” да (8586) ва Ибн Можа (2858) ривоят қилганлар.

[2] Бухорий (2541), Муслим (1730) ва Абу Довуд (2633) ривоят қилганлар.

[3] Абу Довуд (2614) ривоят қилган. Ҳадиснинг санадида заифлик бор. Шундай бўлсада, навбатдаги ҳадис ушбу ҳадисдаги “кексаларни” деган жойини ҳисобга олмаганда унинг мазмунини қўллаб-қувватлайди.

[4] Ҳасан, Абу Довуд (2669), Ибн Можа (2842) ва Аҳмад (3\ 488) ривоят қилганлар.

[5] Имом Аҳмад (1\ 300) ривоят қилган. Шайх Шуайб Арнаут ҳадис санадини заиф деган.

[6] Бухорий (4323) ва Муслим (2498) ривояти.

[7] Бухорий (123, 2810), Муслим (1904), Абу Довуд (2517), Термизий (1646) ва Насоий (6\ 23) ривоят қилганлар.

[8] Бухорий (36, 2797), Муслим (1876), Насоий (6\ 20) ва Ибн Можа (2753) ривоят қилишган.

[9] Бухорий (1890) ва Молик “Муваттоъ”да (1006) ривоят қилишган.

[10] Муслим (1909), Абу Довуд (1520), Термизий (1653), Насоий (6\ 36) ва Ибн Можа (2797) ривоят қилишган.

[11] Ҳадисни Бухорий (2960) ва Аҳмад (4\ 54) тўлалигича, Муслим (1860) ва Термизий (1592) мухтасар тарзда ривоят қилишган.

[12] “Қавоидул аҳком фи масолиҳил аном” (1\ 198) (Шайх Аффонийнинг “Фурсонун наҳор” (“Кундуз чавондозлари”) китобидан нақл қилинди).

[13] Муслим (1817), Термизий (1558), Абу Довуд (2732) ва Аҳмад (6\ 148) ривоят қилишган.

[14] Муслим (2313) ривояти.

Изоҳ қолдиринг