Қабрлар устидаги қуббаларга ҳамда авлиёлар қабридан олинган тупроққа сажда қилиш ва табаррук мақсадида қабрлар олдида намоз ўқиш

0

301. Қабрлар устидаги қуббаларга сажда қилиш ширкдир

«Қабрлар устига бино қуриш шунчалар кўп ёмонликка сабаб бўлдики, бу ёмонликларнинг батафсил ҳажми Аллоҳдан ўзгага аён эмас. Қалбида заррача иймон бўлган инсон борки, бу ишлардан ғазабланади… Жумладан, аксар зиёратчилар сағана устига қурилган бинони кўрган заҳоти саждага йиқилади. Бу иш Қуръон ва суннатдаги далиллар ҳамда уммат ижмосига биноан очиқ куфр эканида шак-шубҳа йўқ. Бу иш айнан бутпарастликнинг ўзидир. Чунки қуббага сажда қилиш унга ибодат қилиш демакдир. Бу иш насронийлар черковларида худоларининг ўз тасаввурларидаги суратларига сиғинишларига ўхшайди. Улар худоларига ҳам, уларнинг суратларига ҳам сиғинишади. Қабрпарастлар ҳам қабрлар устига қуббалар қуришгач, Аллоҳ таолони қўйиб, ўша қуббалару унинг остида ётган кимсаларга сиғинишга ўтиб кетишди»[1].

302. Баъзи солиҳлар қабридан олинган тупроққа сажда қилиш дажжолларнинг адаштиришидандир

Айрим дажжолларнинг адаштируви шу даражага бориб етдики, баъзи солиҳ кишиларнинг қабрларидан олингани иддао қилинадиган тупроққа одамларни сажда қилдира бошладилар. «Агар «валийнинг тупроғи» деб аталадиган тупроққа сажда қилишдан мақсад бу тупроқни табаррук қилиш ва валийга яқинлашиш бўлса, катта ширк қилинган бўлади. Агар мақсад Аллоҳга яқинлашиш бўлса-ю, бироқ мазкур тупроққа сажда қилиш муқаддас маконлар бўлмиш Масжиди Ҳаром, Масжиди Набавий ва Масжиди Ақсо ерларига сажда қилиш каби фазилатга эга деб эътиқод қилинса, бундай одам динда бидъат чиқарган, Аллоҳ номидан илмсиз гапирган, Ислом шариатида Аллоҳ рухсат бермаган ҳукмни жорий этган ва ширк томон эшик очган бўлади. Чунки Аллоҳ ҳаж амаллари бўлиб ўтадиган муқаддас маконлар ва уч муборак масжиддан бошқа бирор ерни фазилат билан хосламади. Ҳатто ўша муқаддас маконлар ва масжидлар тупроғидан олиб, кейин унга сажда қилишимиз шариатимизда жорий этилмади. Фақатгина Байтуллоҳда ҳаж қилишимиз ва мазкур уч масжидда намоз ўқишимизга рухсат берилди. Бу жойлардан бошқа ерларга келсак, ҳеч бири на муқаддаслик ва на алоҳида фазилатга эга.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ер мен учун масжид ва поклик қилинди”, деганлар[2]. У зот бирор жой ёки тупроқни бошқасидан хосламаганлар. Балки бундай гаплар илмсиз кишиларнинг туҳматлари, дажжолларнинг ҳамда Аллоҳ рухсат бермаган ишларни одамларга жоиз қилиб берадиган ботил аҳлининг адаштирувларидир. Шариатда бу ишнинг ҳеч қандай асоси йўқ ва уни қилувчилар қаршилик қилинишга ҳақли кимсалардир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Ким шариатимизда бўлмаган нарсага амал қилса, у рад этилади[3]»[4].

303. Табаррук мақсадида қабрлар олдида намоз ўқиш ширкка олиб борадиган энг ёмон ишлардандир

«Агар инсон бирон пайғамбар ва солиҳ кишилар қабри олдида намоз ўқишни мақсад қилса ва намози билан ўша жойни табаррук қилишни хоҳласа, бу иш очиқчасига Аллоҳ ва Расулига қарши чиқиш, динга тескари иш тутиш ва шариатда Аллоҳ рухсат бермаган бидъатни пайдо қилишдир. Чунки мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган динда билишлари зарур бўлган ва унга ижмо қилган нарса шуки, қабр олдида намоз ўқиш бирор фазилатга эга эмас ва бу ҳукм барча қабрларга бирдек тааллуқлидир. Қабрлар олдида намоз ўқишнинг бирор афзаллиги йўқ, аксинча, бу иш талай ёмонликларни ўз ичига олгандир»[5].

«Дарҳақиқат, мусулмонлар уламолари қабрлар олдида намоз ўқиш ҳамда дуо қилиш учун ўша ерларни кўзлаб бориш, қабрни силаш ва ўпиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилган. Бу борада пайғамбарлар ва бошқаларнинг қабрлари орасида фарқ йўқ»[6].

Демак, бу иш «Исломда пайдо қилинган ёмон бидъатлардандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шариатда жорий этмадилар, Ислом пешқадамлари бўлган саҳобалар ва уларга яхшилик йўлида эргашган тобеинлар бу ишни қилмадилар, мусулмонлар имомларидан бирортаси уни мустаҳаб санамади. Аксинча, бу иш ширкка олиб борадиган воситалардан ва ёлғон ва бўҳтонга етаклайдиган ишлардандир»[7].

[1] «Тайсир ал-азиз ал-ҳамид», 1/592-594-бетлар.
[2] Ҳадис тахрижи 101-масалада ўтди.
[3] Ҳадис тахрижи 83-масалада берилди.
[4] Шайх Солиҳ ал-Фавзон. «Ал-мунтақо мин ал-фатово», 1/212.
[5] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/193.
[6] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Масъалат ал-муробата бис-суғури афзал ам ал-мужовара би-Макката шаррафаҳаллоҳу таоло», 66-бет, 167-рақам. Муҳаққиқ: Ашраф Абдулмақсуд. «Азво ас-салаф» нашриёти, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.
[7] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 27/145.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг