Муслима аёлнинг дастури (23): Қасам аҳкомлари

0

Қасам деб Аллоҳ номи билан ёки Унинг исмлари ва сифатларидан бири билан муайян ишни қилишга қасам ичишга айтилади.

Қасамнинг уч тури бор:

  1. Лағв – беҳуда қасам. Тил ўрганиб қолганидан ўйламай-нетмай ичиладиган қасамга «беҳуда қасам» дейилади. Ҳар гапида “Йўқ, Аллоҳга қасам”, “Ҳа, Аллоҳга қасам”, деганга ўхшаш. Бундай қасамни бузган кишига каффорат вожиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди” (Моида, 89).

  2. Ғамус – ёлғон қасам. Бўлиб ўтган иш учун билатуриб қасддан ёлғон қасам ичиш. У катта гуноҳлардан саналади. Бу ёлғон қасам кишини жаҳаннамга ботиргани, ҳалокатга дучор қилгани учун шундай (ғамус – ботирувчи) деб номланган.

  3. Мунъақид – боғланган қасам. Бунда қасам ичувчи келгусида бир ишни қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш учун қатъит билан қасам ичади.

  • Гарчи ростгўй бўлса ҳам, бўлар-бўлмасга Аллоҳнинг исми билан кўп қасам ичиш ҳаромдир.

  • Эҳтиёж туғилганда ростгўй бўлса, Аллоҳнинг исми билан қасам ичиш жоиз.

  • Бир киши Аллоҳнинг номига қасам ичса, унга рози бўлиш ва қасам ичувчи кишининг гапини қабул қилиш лозим бўлади.

  • Қасам ичган аёл қасамининг устидан чиқса, унга бирон нарса вожиб бўлмайди. Агар қасамини бузса, унга каффорат ўташ шарт бўлади. Агар қасам ичишда “Иншааллоҳ” (агар Аллоҳ хоҳласа), деб истисно қилган бўлса, масалан, “Аллоҳга қасамки, шу ишни албатта қиламан, иншааллоҳ”, деган бўлса, сўнгра қасамига риоя қилолмаса, қасамини бузган ҳисобланмайди.

  • Бирон нарсани қилишга қасам ичган аёл қасамига “иншааллоҳ” сўзини қўшиб қўйгани афзал. Шундай қилса, борди-ю, қасамини бажара олмаса, унга каффорат ўташ вожиб бўлмайди. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким бир нарсага қасам ичиб, (қасамининг сўнггида) иншааллоҳ, деса, (сўнгра қасамини бажаролмаса) қасами бузилган ҳисобланмайди” (Термизий ривояти).

Қасамни бузиш гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида жоиз бўлади.

  • Вожибни қилмаслик учун қасам ичган бўлса, қасамини бузиши вожиб бўлади. Масалан, қариндошлари билан алоқа қилмасликка қасам ичган бўлса ёки бирон ҳаром ишни қилишга қасам ичган бўлса, қасамини бузиши вожиб бўлади ва каффоратини ўтайди.

  • Бирон вожибни қилиш ёки ҳаромни тарк этиш учун қасам ичган бўлса, қасамини бузиши ҳаром бўлади. Бундай ҳолатда қасамига вафо қилиш вожиб бўлади, бузиш эса жоиз эмас.

  • Жоиз ишни қилиш ёки қилмасликка қасам ичган бўлса, қасамини бузиши жоиз бўлади. Қасамини бузгани учун каффорат ўтайди.

  • Аллоҳ таолодан бошқанинг номига, масалан, омонатга, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга (шунингдек, ота-онага, нонга, дастурхонга, пичоққа) қасам ичиш ҳаромдир.

 Қасамнинг каффорати

Қасамнинг каффорати қуйидагилардир:

Биринчи: қасамини бузган киши ўнта мискинни таомлантириш, кийинтириш ёки қул озод қилишдан бирини қилиши ўртасида ихтиёрлидир. Буларни қила олмаса, ундан сўнг рўза тутиб беради.

Иккинчи: уч кун рўза тутиш.

Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи: “Шундай экан, қасамнинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларга кийим бериш ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким бу нарсаларни топа олмаса, уч кун рўза тутсин. Мана шу — қасам ичган ва уни бузган пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир” (Моида, 89).

Бу ўринда баъзилар хатога йўл қўйишади, рўза тутиш билан каффоратнинг қолган турлари ўртасида танлаш ҳаққим бор, деб ўйлайди ва таомлантиришга ёки кийим олиб беришга имкони бўлатуриб, рўза тутади. Бундай ҳолатда рўза тутиш етарли бўлмайди ва қасам каффорати зиммадан соқит бўлмайди. Чунки рўза тутиш таомлантириш, кийим олиб бериш ва қул озод қилишга қурби етмаганда жоиз бўлади. Бу каби нарсаларга эътибор бериш лозим.

Таомнинг миқдори:

Мискиннинг қорни тўядиган даражадаги кундузги ёки кечки таом бўлиб, бу ярим соъ (тақрибан бир ярим килограм) гуруч ва шунга ўхшаган нарсаларга тўғри келади. Қасам каффорати сифатида пул бериш ҳисобга ўтмайди, албатта таом берилиши лозим. Бошқа бирининг номидан вакил бўлиб, таом сотиб олиш учун пул бериш жоиз.

  • Бир аёл бир пайтнинг ўзида бир нечта нарсага қасам ичса, масалан, “Аллоҳга қасамки, емайман, ичмайман ва кийинмайман”, дегандан сўнг булардан бирини қилиб қўйса, унга битта каффорат вожиб бўлади. Қолганлари эса қасам бузилиши билан соқит бўлади, чунки улар битта қасам ичида эди.

  • Агар бир ишга бир неча бор қасам ичса, масалан, “Аллоҳга қасамки, емайман”, деса, кейин бошқа сафар яна “Аллоҳга қасамки, емайман”, деб қасам ичса, сўнгра қасамини бузиб қўйса, унга битта каффорат ўташ вожиб бўлади.

  • Агар бир қанча ишга бир неча бор қасам ичса, масалан, “Аллоҳга қасамки, емайман, Аллоҳга қасамки, ичмайман”, деса, сўнгра қасамини бузиб қўйса, ҳар қасамига биттадан каффорат ўташи вожиб бўлади.

  • Бир аёл бирон нарсага қасам ичиб, қасамининг охирида “иншааллоҳ”, деса, сўнг қасамига хилоф иш қилса, унга каффорат вожиб бўлмайди. Масалан, “Аллоҳга қасамки, иншааллоҳ фалон ишни қиламан”, деса-ю, сўнг қилмаса, каффорат вожиб бўлмайди.

  • Бир аёл қандайдир бир ишни қилмасликка қасам ичса, сўнг мажбурланган ёки унутган ҳолда ўша ишни қилса, тўғрироқ фикрга кўра, унга каффорат вожиб бўлмайди.

Изоҳ қолдиринг