Муслима аёлнинг дастури (26): Васият аҳкомлари

0

Васият аҳкомлари

Васият деб ўлгандан кейин молини хайр-эҳсон қилишга айтилади. Уламолар васият қилишнинг жоизлигига ижмо қилишган. У баъзан вожиб, баъзан мустаҳаб бўлади.

  • Аёл киши бировлардан олиши ёки уларга бериши керак бўлган ва исбот-далиллари бўлмаган ҳақ-ҳуқуқлар ва мажбуриятлар зое бўлмаслиги учун васият қилиб кетиши вожиб бўлади.

  • Вафотидан кейин, хоссатан, мол-мулки кўп ва меросхўрлари ўзларига тўқ бўлса, молининг бир қисмини хайр-эҳсон қилишни васият қилиб кетиши мустаҳабдир. Бу эса бандалар солиҳ амалларини кўпайтириб олишлари учун Аллоҳнинг уларга бўлган лутфи-карамидандир.

  • Молнинг учдан биридан кўпини васият қилиш ҳам, меросхўрларидан бирига васият қилиш ҳам жоиз эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ворисга васият қилиш мумкин эмас», деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

  • Васиятга икки кишини гувоҳ қилиш лозим.

  • Бир киши вафот этганда унинг қолдирган мол-мулкидан дастлаб қарз, закот, назр ва каффорат каби вожиб нарсалар чиқарилади, сўнг васиятига ажратилади, ундан сўнг меросхўрларга тақсимланади.

Васият қилиш намунаси

«Мен фалончи қизи фалончи (тўлиқ исми шарифини ёзади) васият қиламан. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги, У ёлғиз ва шериксизлигига, Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига, Ийсо Аллоҳнинг бандаси ва расули, Марямга туширган калимаси ва Ундан келган руҳ эканига, жаннатнинг ҳақлиги, дўзахнинг ҳақлиги, қиёмат шубҳасиз келишига ва Аллоҳ таоло қабрлардаги ҳамма инсонларни қайта тирилтиришига гувоҳлик бераман. Менинг ортимда қолган оилам, фарзандларим ва бошқа қариндошларимни Аллоҳ таолодан тақво қилишга, ўрталарини ислоҳ этишга, Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламга тоат қилишга, бир-бирларини ҳақ ва сабрга чақиришга васият қиламан».

Сўнгра зиммасидаги ва бошқалардаги ҳақларини баён қилади, сўнг молидан учдан бири ёки ундан озроғини васият қилмоқчи бўлганини ва қаерга сарфланишини айтади ва унга бир вакилни тайин қилади.

Изоҳ қолдиринг