Муслима аёлнинг дастури (27): Никоҳ аҳкомлари

0

Никоҳ аҳкомлари

Никоҳ деб эр-хотиннинг бир-биридан лаззатланишини ҳалол қилиб берувчи шаръий битимга айтилади.

Никоҳнинг ҳукми:

Никоҳ Қуръон, суннат ва ижмо билан машруъ бўлган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга уйланаверинглар” (Нисо, 3).

Никоҳнинг ҳикмати:

Никоҳнинг ортида жуда кўп манфаатлар бор. Жумладан, инсон наслининг давом этиши, мусулмонлар сонининг кўпайиши, иффатни сақлаш, насабларни муҳофаза қилиш, жамиятни бузуқ иш ва бошқа разил ахлоқлардан ҳимоя қилиш.

  • Бир аёлга харидор бўлишни истаган ва унинг рози бўлишига ишончи комил бўлган одам, агар фитнадан омонда бўлса, у билан ёлғиз қолмаган ҳолда, унинг одатда очиқ бўладиган ўринларига, яъни юз ва кафтларига ҳамда ташқи кўринишига назар солиши жоиз бўлади.

  • Аёл киши никоҳдан олдин қаллиғи билан бирон жойга ёлғиз чиқиши (ёки у билан ёлғиз қолиши) жоиз эмас. Чунки улар ҳали бир-бирларига бегона ҳисобланади. Ёлғиз қолиш эса фитнага сабаб бўлади.

Никоҳнинг дуруст бўлиш шартлари

  1. Келин-куёвга аниқлик киритиш;

  2. Келин-куёвнинг розилиги;

  3. Валий бўлиши; аёл киши ўзини никоҳлаши ёки уни валийдан бошқа бири никоҳлаши дуруст бўлмайди. Аёлнинг тенги бўлмаган бирига никоҳланишдан  бош тортиш ҳолати бундан мустасно.

  4. Гувоҳлар бўлиши. Никоҳ пайтида иккита оқил ва адолатли эркак кишилар гувоҳ бўлишлари шарт.

  5. Эмикдошлик, насаб ёки никоҳ сабабли юзага келган маҳрамлик каби никоҳни тўсадиган монеларнинг бўлмаслиги.

  • Маҳр бериш Қуръон, суннат ва ижмо билан вожибдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз!” (Нисо, 4). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Маҳр сифатида бериш учун) бир темир узук бўлса ҳам топ”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

  • Маҳрнинг энг озининг ҳам, энг кўпининг ҳам муайян чеки йўқ. Лекин куёв тарафга оғирлик қилмаслик мақсадга мувофиқдир.

  • Маҳр аёлнинг мулки ҳисобланади. Аёл ўз хоҳиши билан рухсат бермаса, валийси маҳрдан бирон нарса олишга ҳаққи йўқ. Агар аёл маҳрга муҳтож бўлмаса, отаси қизининг рухсатисиз унга зарар бермайдиган миқдорда олса бўлади. Негаки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ва мол-мукинг отангникидир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

  • Жумҳур уламоларнинг фикрича, валима (никоҳ тўйи) қилиш суннатдир. Лекин унда исроф қилиш жоиз эмас.

  • Никоҳни эълон қилиш ва никоҳ тўйида доира (ёхуд чилдирма) чалиш суннатдир.

  • Аёл киши ҳаё доирасидан чиқмаган ҳолда ўзига тенг бўлган солиҳ кишига турмуш қуришни таклиф қилишида зиён йўқ. Зеро, Хадича разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга турмуш қуришни таклиф қилган эдилар.

  • Киши қизини рози бўлмаган йигитга турмушга чиқишга мажбурлаши жоиз эмас.

Изоҳ қолдиринг