Муслима аёлнинг дастури (28): Аёллар билан тотув яшаш

0

Аёллар билан тотув яшаш

Эр-хотин тотув ҳаёт кечиришлари учун қуйидагиларга риоя қилишлари лозим:

  • Эр-хотин бир-бирига нисбатан хушмуомала ва меҳрибон бўлишлари, бир-бирининг озорларини кўтаришлари ва яхши муомала қилишлари суннатдир.

  • Тинч-тотув яшашда яхши аёллардан — Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларидан ўрнак олиш лозим.

  • Аёл эри учун номусини сақлаши, эрининг эҳтиёжларини қондириши, ишларини қилиши, унга раҳмат ва мақтов айтиши.

  • Хотин эрини ёқтирмаган тақдирда ҳам унга чидаши лозим.

  • Хотин кўчадан уйга қайтган эрини чиройли кутиб олиши лозим. Бу баъзи аёллар эътибор бермайдиган нарсалардан.

  • Хотин эрига ҳайз ҳолатида яқинлик қилишига ва орқа авратига яқинлик қилишига рухсат бериши ҳаромдир. Чунки бу мункар иш бўлиб, буни қилган кимса лаънатланган.

  • Хотин эрининг, эр хотинининг бутун баданига қараши жоиз.

  • Хотин эри тўшакка (қўшилиш учун) чақирганда унга итоат қилиши вожиб. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келмаса ва шу сабабли эр ундан ғазабланган ҳолда тунни ўтказса, фаришталар уни (аёлни) тонг отгунча лаънатлаб чиқадилар” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

  • Агар хотин бетоб бўлиб, эри билан бирга бўла олмайдиган ҳолда бўлса, эр ундан бирга бўлишни талаб қилиши ҳалол бўлмайди. Зеро, зарар бериш ҳам, зарар кўриш йўқ.

  • Эр ҳам, хотин ҳам ўрталарида бўлган жинсий ҳаётга тааллуқли ишларни гапириб юришлари ҳаромдир.

  • Эр хотинини заруратсиз уйдан чиқишини ман қилишга ва истаган жойига кетишига қўйиб бермасликка ҳақлидир. Аёл киши заруратсиз эрининг изнисиз уйидан чиқиши ҳаромдир.

  • Аёл эридан зарурий ишлар учун уйдан чиқишга умумий тарзда рухсат олиши мумкин. Қачон эҳтиёж туғилса, ҳижобини ўраган ҳолда уйдан чиқиб, керакли ишини битиргандан кейин тезда уйига қайтишида бирон зиён ҳам, гуноҳ ҳам йўқ.

  • Аёл киши умуман олганда бозорларга бориши жоиз. Фитнадан қўрқмаса, ёнида маҳрами бўлиши шарт эмас. Лекин ҳижобда, атир-упа сепмаган ҳолда ва эҳтиёжи бўлганда бозорга бориши мақсадга мувофиқ бўлади.

  • Аёл эрининг мол-мулкини асраб-авайлаши, эрининг рухсатисиз унинг мол-мулкини ишлатмаслиги ва сарфламаслиги лозим.

  • Агар эр хотинига нафақа қилмаса, эрига билдирмасдан урфга қараб, исроф қилмай, тўкиб-сочмай ўзига ва фарзандларига яраша олиши мумкин. Ундан кўп олиши жоиз эмас.

  • Хотин эрига оғир қилиб, тоқатидан ортиқча нафақа талаб этиши жоиз эмас.

  • Аёл эри йўқлигида, гарчи ишончли киши бўлса ҳам, бегона одамни уйига киришига рухсат бериши жоиз эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Номаҳрам) аёлларнинг олдига киришдан ҳазир бўлинглар!» дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг ака-укасига (ёки қариндошига) нима дейсиз?» дедилар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эрнинг ака-укаси (ёки қариндоши) ўлимдир!» дедилар” (Бухорий ривояти).

  • Аёл киши умуман намоз ўқимайдиган эр билан яшаши ҳаромдир. Чунки у намозни тарк қилиши билан кофир ёки фосиқ бўлади.

  • Аёл киши ҳомиладорликнинг олдини оладиган (контрацептив) дориларни иккита шарт билан истеъмол қилиши мумкин:

    1. Унга эҳтиёжи бўлиши. Масалан, касаллик туфайли ёки ҳар йил ҳомиладор бўлиб қолиш натижасида юзага келадиган зарарни тўсиш мақсадида.

    2. Эри унга рухсат бериши.

Бунда у аёллар шифокори билан маслаҳатлашиб, бу дориларни ичмаса бўлмаслигини аниқлаши лозим. Лекин бутунлай туғмаслик мақсадида бу дориларни ичиши жоиз эмас. Чунки бу наслнинг узилишига сабаб бўлади.

  • Хотинни эридан айнитиш ҳаромдир. Бу ишни оилани бузиш дейилади. Бундай ишни қилувчилар лаънатлангандир.

Изоҳ қолдиринг