Қабрдаги маййитларга дуо қилиш (1)

0

304. Қабрдаги маййитларга дуо қилиш

«Фаришталар ва пайғамбарларни Аллоҳга восита қилиб, уларга дуо ва таваккул қилган, фойда келтириш ва зарар кетказишни улардан сўраган, масалан, гуноҳлар кечирилиши, қалблар ҳидоят топиши, ғам-ғуссалар ариши ва ҳожатлар ўталиши каби нарсаларни улардан сўраган кимса кофир бўлишига мусулмонлар ижмо қилган»[1]. «Агар инсон маййит ётган тобут олдига келиб, Аллоҳни қўйиб, ўша маййитга дуо қилса ва мадад сўраса, у одам мусулмонлар ижмосига кўра ҳаром ширк қилган бўлади»[2].

«Бу ижмо барча мусулмон билиши зарур бўлган ишончли ва асосли ижмодир. Тўрт мазҳаб уламолари ва бошқа имомлар муртаднинг ҳукми тўғрисида бундай деган: Аллоҳга ширк келтирган кимса кофир бўлади. Яъни ибодат турларининг бирортаси билан Аллоҳга сиғиниш асносида У зотдан бошқани ҳам ибодатга шерик қилган одам кофир ҳисобланади. Дарҳақиқат, Аллоҳга дуо қилиш ибодат экани Қуръон, суннат ва ижмо билан тасдиғини топган. Бинобарин, бу ибодатни Аллоҳдан ўзгага йўналтириш ширк бўлади»[3].

«Аллоҳнинг Раб ва якка-ёлғиз эканини инкор этган ёки Аллоҳ билан бирга бошқага ҳам ибодат қилган кимса кофир саналишида ихтилоф йўқ»[4].

Шайх Ҳамад ибн Муаммар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳдан ўзгага дуо қилишдан қайтариб, огоҳлантириб ва уни қилган кимса қаттиқ азобга ҳақли экани тўғрисида хабар бериб келган оят ва ҳадислар шу қадар кўпки, кофирлик ва муртадликнинг бошқа бирор тури бу борада унга тенглаша олмайди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган тавҳид ҳақиқатини билмаган одамгина Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш бобида шубҳаларга алданади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирга чиқарган, қонларию молларини ҳалол санаган, уларга қарши уруш қилишга буюрилган мушриклар ҳақиқатини англамаган кимсагина бу бобда шубҳалар тўрига илинади. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўминлар,) фитна йўқолмагунича ва (ер юзида) дин Аллоҳга холис бўлмагунича мушрикларга қарши урушинг!” (Анфол, 39). Оятдаги «фитна»дан мурод ширкдир.

Ўликларга дуо қилиш ширкнинг энг катта турларидан бўлиб, Аллоҳ у сабабли мушрикларни кофирга чиқарди. Аллоҳнинг Китобига қулоқ осган киши буни билмай қолиши имконсиздир»[5].

Шайх Абдуллатиф ибн Абдураҳмон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўликларга дуо қилиш ва улардан ҳожатлар ўталишини сўраш ҳаром ширкдир. Қуръон ва суннатда бунга далолат қиладиган оят ва ҳадислар тўлиб-тошган ва мутавотир даражасига етган. Буни қилган кимса нодонларнинг нодони, одамларнинг энг адашганидир. Бу кимса Раббидан юз ўгирган, фақат Аллоҳ учун қилиниши лозим бўлган ва Ундан ўзгаси лойиқ бўлмаган ибодатда У зотга бошқани тенг кўрган ва шерик қилган бўлади»[6].

Шайх Ибн Саъдий айтади: «Ўликдан ҳожатини сўраётган кимса ўша маййит унинг эҳтиёжини ўзи мустақил суратда қондиради, деб эътиқод қилиши билан у фақат Аллоҳ билан унинг ўртасида воситачилик қилиб беради, деб эътиқод қилиши ўртасида фарқ йўқ. Чунки Пайғамбаримиз замонидаги мушриклар: “Биз бу худоларга бизни Аллоҳга яқинлаштириши учунгина ибодат қиламиз” (Зумар, 3) ва “Биз уларга Аллоҳ ҳузурида бизга воситачи бўлишлари учунгина ибодат қиламиз” (Юнус, 18), дер эдилар. “Қабрда ётган маййитга бирон истагини сўраб дуо қилаётган киши ўша маййит мустақил равишда фойда ё зарар келтиради, деб ишонмагунича кофир бўлмайди” деб ўйлаган ва “Дуоларни ижобат қилувчи фақат Аллоҳ, қабрдагилар эса ўзларига дуо қилаётган ва мадад сўраётган киши билан Аллоҳ ўртасида воситачи холос, деб эътиқод қилса кофир бўлмайди” деб ўйлаган кимса Қуръон ва суннатда келган ва уммат ижмо қилган ҳукмларни ёлғонга чиқарган бўлади. Чунки Аллоҳдан ўзгага дуо қилган кимса мазкур иккала ҳолатда ҳам кофир ва мушрик бўлишига уммат ижмо қилган. У одам қабрдагилар ўзлари мустақил ижобат қилади деб ўйлайдими ёки улар фақат воситачи деб эътиқод қиладими, фарқи йўқ. Бу нарса Ислом динида билиш зарур бўлган бирламчи масалалардандир. Сиз бу муҳим бобда ҳақ билан ботил ўртасини ажратиб берадиган ушбу тафсилотни яхшилаб англаб олинг. Зеро, бу иш кўплаб фитна ва чалкашликларга сабаб бўлди. Ҳақни таниган ва унга эргашган кишиларгина бу фитнадан омон қолди»[7].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўрасанг Аллоҳдан сўра», деганлар[8].

[1] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 1/147.
[2] «Ас-сорим ал-мункий», 325-бет.
[3] «Тайсир ал-азиз ал-ҳамид», 1/427.
[4] Қарофий. «Аз-захира», 12/27.
[5] Нажд диёри муфтийси Шайх Ҳамад ибн Муаммар раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1225 ҳ.). «Мажмуат ар-расоил вал-масоил ан-наждийя» китоби таркибида бўлган «Ан-нубза аш-шарифа ан-нафиса фир-радди ала-қубуриййин» рисоласи, 4/602.
[6] Шайх Абдуллатиф ибн Абдураҳмон ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1293 ҳ.). «Мисбоҳ аз-залом фир-радди ала ман казаба алаш-шайх ал-имом», 393-бет. Муҳаққиқ: Абдулазиз аз-Зайр. Исломий ишлар вазирлиги нашри, биринчи нашр, 1424 ҳ.й.
[7] Шайх Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ. «Ал-қавл ас-садид шарҳу китоб ат-тавҳид», 66-67-бетлар.
[8] Имом Аҳмад (4/410, 2669-ҳадис) ва Термизий (59-боб, 2516-ҳадис) ривояти. Термизий: «Ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган.
Имом Ибн Таймия айтади: «Бу маълум ва машҳур ҳадис. Бироқ гоҳида қисқа кўринишда ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, ёрдам талаб қилсанг Аллоҳдан талаб қил”, деган сўзлари у зотдан ривоят қилинган энг саҳиҳ хабарлардандир» («Мажмуъ ал-фатово», 1/182).
Яна бундай дейди: «(Аллоҳдан ўзгадан) сўраш ҳаром экани тўғрисида жуда кўп ҳадислар келган. «Саҳиҳ» ва «Сунан» тўпламларида уларнинг сони ўндан ортиқни ташкил этади. Одамлардан сўраш талай ёмонликларга сабаб бўлади…» («Жомеъ ал-масоил», тўртинчи тўплам, 358-бет).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг