Чақалоққа оид ҳукмлар (46): Ҳаром ва макруҳ исмлар (5)

0

Бўлим

Одам боласига Жаброил, Микоил ва Исрофил каби фаришталар исмларини қўйиш ҳам макруҳ ҳисобланади.

Ашҳаб айтади: «Имом Моликдан «Жаброил» деб исм қўйиш ҳақида сўралган эди, у буни кариҳ кўрди ва ёқтирмади».

Қози Иёз айтади: «Дарҳақиқат, баъзи уламолар одамга фаришталар исмларини қўйишни макруҳ деб билганлар. Ҳорис ибн Мискин[1] ҳам шу фикрда бўлган. Молик «Жибрил» (Жаброил) ва «Ёсин» деб исм қўйишни ёқтирмаган»[2]. Бироқ бошқалар бунга рухсат берган.

Маъмардан ривоят қилинади: «Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан: “Ўзига Жаброил ва Микоил деб исм қўйган одам ҳақида нима дейсиз?” деб сўрадим. У: “Зарари йўқ”, деб жавоб берди»[3].

Аҳмад ибн Ҳорис айтади: «Бизга Абу Қатода Шомий (ҳижрий 164 йили вафот этган Ҳарроний эмас) Абдуллоҳ ибн Жарод бундай деганини айтиб берди: “Музайна қабиласидан бўлган бир киши менга ҳамроҳ бўлди ва биргаликда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдик. У деди: «Ё Расулуллоҳ, мен ўғил фарзандли бўлдим. Энг яхши исм қайси?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар учун энг яхши исмлар «Ҳорис» ва «Ҳаммом», энг афзал исмлар «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон»дир. (Ўзингиз ёки фарзандларингизга) пайғамбарлар исмларини қўйинглар, бироқ фаришталар исмларини қўйманглар». Ҳалиги киши: «Сизнинг исмингизчи?» деб сўради. У зот: «Менинг исмимни қўяверинглар, бироқ куням билан куняланманглар», дедилар”»[4].

Байҳақий деди: «Бухорий бундан бошқа ривоятда: «Санади саҳиҳ эмас», деган»[5].

[1] Абу Умар Ҳорис ибн Муҳаммад ибн Юсуф. Фақиҳ, муҳаддис ва Мисрда қозилар раиси бўлган. Ҳижрий 250 йили вафот этган. Қаранг: Заҳабий. «Тазкират ал-ҳуффоз», 2/514.
[2] Қози Иёз. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 7/10. Нававий уни ўзининг «Шарҳу саҳиҳи Муслим» китобида (14/114) нақл қилган.
[3] Абдураззоқ «Мусаннаф»да «Китоб ал-жомеъ ли-Маъмар ибн Рошид»да (10/40-41-бетлар) келтирган.
[4] Бухорий «Тарих ал-кабир»да (5/35) ривоят қилган («Дор ал-кутуб» нашрида: 4/348) ва: «Санади саҳиҳ эмас», деган.
[5] «Шуаб ал-иймон», 6/394. «Ал-ҳинд» нашрида эса: 15/125-126-бетлар. Байҳақий айтган гап аввалги ҳаволада ўтди. Кўриб турганингиздек, Бухорий бу гапни «Тарих» китобида шу ривоятни келтиргани ортидан айтган. Эҳтимол, Байҳақийнинг «бошқа ривоятда» деган ибораси аслида «ортиданоқ» бўлган, кейин хато туфайли ўзгариб қолган. Валлоҳу аълам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг