Кесарча кесиш амалиёти ҳақида

0

Савол:

Табиий йўл билан туғиш ҳомила ҳаётига хатарли бўлиши мумкин, деган эҳтимол билан кесарча кесиш (кесарево) амалиёти қилиш жоизми? Шу йўл билан туғдириш кўпайиб бораётганини сезмоқдаман. Бу мусулмонлар наслини озайтириш ва уларни заифлаштириш учун қилинаётган Ғарб режаси бўлса керак деб ўйлайман. Саволим шуки, болани сақлаб қолиш даъвоси билан тўлғоқ келгунча кутиб ўтирмай, шошилиб бу амалиётга ўтиш вожибми ёки бола тирик қолиши ё ўлишидан қатъи назар, тўлғоқ келгунча кутиб туриш афзалми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.

Биринчидан:

Кесарча кесиш амалиёти деб ҳомилани онанинг қорнини кесиш (ёриш) орқали туғдириб олишга айтилади. Айтишларича, ушбу жарроҳлик амалиётига мазкур ном Рим императори Юлий Цезар шарофатига берилган экан. Чунки унинг онаси тўлғоқ пайтида вафот этади. Шунда табиб унинг қорнини ёриб, Юлийни чиқариб олади. Шу тариқа Юлий яшаб кетади ва келажакда Рим императорига айналади.

Иккинчидан:

Албатта, ҳомилани табиий йўл билан туғиш она учун афзалдир. Бироқ кесарча кесиш йўли билан туғдиришга мажбур бўлинадиган ҳолат юзага келса, у ҳолда буни ман қиладиган моне бўлмайди. Йўлдош бачадоннинг пастки қисмига тушиб қолиши, ҳомилага кислород етишмай қолиши, онанинг тос суякларида шиш бўлиши, қон босими юқори бўлиши, қон тўхтамаслиги натижасида она ё боланинг ҳаётига хавф туғилиши, эгизак ҳомилаларнинг бир-бирга ёпишиб қолган бўлиши, ҳомиланинг жуда катта бўлиши ва ҳоказо ҳолатлар кесарча кесиш амалиётига ўтишга мажбур қиладиган зарурий ҳолатлар саналади. Кесарча кесиш амалиётининг кашф этилиши Аллоҳнинг бандаларга это этган улуғ нематларидан ва бандаларига кўрсатган марҳаматларидан биридир.

Аммо кўпчилик шифокорлик мол-дунё орттириш илинжида кесарча кесиш орқали туғдиришга шошилишади ёки она тўлғоқ пайтидаги оғриқларга чидай олмай мазкур амалиётни афзал кўради. Шунингдек, баъзи аёллар қадди-қоматини сақлаб қолиш ёки туғиш пайтидаги оғриқдан холос бўлиш учун шу йўлни танлашади.

Шубҳасиз, бу йўлни танлаган она бир қанча фойдалардан қуруқ қолади. Қолаверса, кесарча кесиш амалиёти навбатдаги туғиш пайтида онага салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Саволда айтилган нарса шулар жумласига киради.

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шу ўринда бизга етган айрим маълумотларга суяниб бир масала ҳақида айтиб ўтсам дегандим. Туғуруқхоналарда кўпчилик шифокорлар болани кесарча кесиш деб номланадиган жарроҳлик амалиёти орқали туғдиришга ҳарис бўлишмоқда экан. Бу мусулмонларга қарши қилинаётган ҳийлаларнинг бири бўлса керак, деб қўрқаман. Чунки аёл киши қанча кўп шу йўл билан фарзандини дунёга келтирадиган бўлса, шунчалик қорин териси заифлашиб, ҳомиладор бўлиш унга хатарли ва ҳомиладорлик қийинчиликларини кўтара олмайдиган бўлиб қолади. Хусусий шифохонада ишлайдиган шифокорлардан бирининг менга айтиб беришича, аёллар давлат шифохонасига боришган пайтда шифокорлар кесарча кесиш амалиётидан бошқа йўл йўқлигини айтишган. Лекин хусусий шифохонага келиб, табиий йўл билан туғишган. Бундай ҳолатлар кўп рўй берган. Бир ой ичида саксондан ошиқ шундай ҳолат юз берганини айтиб берди. Бу эса масаланинг қанчалик хатарли эканини кўрсатади. Бунга жиддий эътибор қаратишимиз ҳамда аёлларимиз туғиш жараёнида оғриқлар бўлиши табиий ҳолат эканини тушуниб етишлари лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Уни онаси қийинчилик билан қорнида кўтариб юрди ва қийинчилик билан дунёга келтирди”, деб айтганидек фарзандни дунёга келтиришнинг ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлари бор. Ҳомиладор аёл тўлғоқ тутиши биланоқ дарров ҳеч оғриқ ва қийинчиликсиз фарзандини дунёга келтириб олиши шарт деб ҳеч ким айтмаган-ку! Хуллас, табиий йўл билан туғиш кесарча кесиш орқали туғишдан яхшироқдир”. Бироз ўзгартиришлар билан нақл қилинди[1].

Шайхдан яна қуйидаги саволни сўрашади:

“Фазилатли шайх, Аллоҳ таоло Абаса сурасида: “Сўнг йўлини осон қилиб қўйди”, деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло ҳомиланинг дунёга келиш йўлини енгил қилиб қўйишни кафолатига олгани ҳақида хабар бермоқда. Кўпчилик инсонлар, хоҳ эркаклар, хоҳ аёллар бўлсин, туғиш вақти келганда кесарча кесиш деб номланадиган жарроҳлик амалиётига шошилишади. Бу банданинг Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога рисоладагидек таваккул қилмаётганининг натижаси эмасми?”

   Шайх қуйидагича жавоб берди:

“Ҳозирда кўпчилик инсонлар ҳомиладор аёл биринчи тўлғоқни ҳис қилиши биланоқ шоша-пиша уни туғуруқхонага олиб бориб, фарзандини кесарча кесиш йўли билан дунёга келтиришга ошиқади. Менинг фикримча, бу шайтон васвасасидир. Бу йўлнинг зарари фойдасидан каттароқ. Чунки аёл киши тўлғоқ оғриғини ҳис қилиши лозим. Зеро, бу оғриқ ва қийинчиликларнинг онага бир қанча фойдалари бор:

Биринчи: Гуноҳларига каффорат бўлади;

Иккинчи: Бунга сабр этса ва ажр-савоб умид қиладиган бўлса, Аллоҳнинг ҳузуридаги ва охиратдаги мартабаси кўтарилишига сабаб бўлади;

Учинчи: Аёл ўзининг онаси қандай оғриқ ва қийинчиликни бошидан кечирганини ҳис этади;

Тўртинчи: Аллоҳ берган сиҳат-саломатликнинг қадри қанчалар улкан эканини англайди;

 Бешинчи: Боласига меҳри ортади. Чунки инсон бир нарсага қанчалик қийинчилик билан эришса, шунчалик уни авайлайди ва шунчалик қалбининг тўридан жой олади.

Олтинчи: Фарзанд табиий йўл билан дунёга келиши онага ҳам, болага ҳам яхшироқ.

Еттинчи: Жарроҳлик амалиётининг зараридан қутилади. Чунки жарроҳлик амалиёти бачадон пардасини заифлаштиради ва унинг бундан бошқа зиёнлари ҳам бор. Қолаверса, бачадон йиртилиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ундан ташқари жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтишига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Саккизинчи: Бир неча марта кесарча кесиш йўли билан туққан аёл кейинчалик табиий йўл билан туға олмай қолади. Чунки аввалги амалиётда тикилган жой табиий туғиш пайтида очилиб кетиш хавфи бўлади.

Тўққизинчи: Жарроҳлик амалиёти орқали туғиш налснинг камайишига олиб келади. Зеро, она қорнини уч марта турли ерлардан кесадиган бўлса, у ер заиф ва нимжон бўлиб қолади. Оқибатда, келажакда унга ҳомиладор бўлиш хавфли бўлиб қолади.

Ўнинчи: Бу енгил ҳаётга ружу қўйишнинг бир кўринишидир. Енгил ҳаётга ўтиш эса ҳалокатга етаклайди. Аллоҳ таоло “чап тараф” эгалари ҳақида бундай деган: “Дарвоқе, улар бундан илгари (яъни ҳаёти дунёда) енгил ҳаётга муккасидан кетганлардан эдилар” (Воқеа, 45). Бинобарин, аёл киши туғиш пайтидаги қийинчиликларга сабр этиб, эвазига Аллоҳдан ажр-савоб беришини умид қилиб, табиий йўл билан фарзандини дунёга келтириши лозим. Зеро, бу унинг дунёси учун ҳам (ҳозирги ҳолати учун ҳам), охирати учун ҳам (келажаги учун ҳам) яхшироқдир. Эркаклар ҳам шу нарсага эътибор қаратишлари керак. Ким билсин, балким душманларимиз бизга шу йўлни енгил қилиб қўйиш орқали мазкур фойдалардан қуруқ қолишимизни ва ёмон оқибатларга дучор бўлишимизни кўзлагандир”.

Сўровчи: “Енгил ҳаётга ружу қўйиш деганда нимани назарда тутдингиз?”

Шайх: “Енгил ҳаётга ружу қўйиш табиий тўлғоқ оғриқларидан қочишдир. Бу ҳам енгил ҳаётга ружу қўйишнинг бир кўриниши. Енгил ҳаёт Аллоҳга тоат-ибодат қилишга, ҳеч бўлмаганда мубоҳ ва ҳалол ишларга ёрдамчи бўлмас экан, шариатимизда маъқулланмайди”[2].

Хулоса шуки, кесарча кесиш амалиётига зарурат ҳолатидагина ўтиш жоиз. Масалан, табиий йўл билан туғдиришнинг имкони бўлмаса ёки у она ё ҳомила ҳаётига жиддий хавф бўлса, шу ҳолатлардагина бу йўл билан туғдириш жоиз бўлади.

Валлоҳу аълам.

 Манба: IslamQA веб-саҳифаси.

[1] “Лиқоат ал-боб ал-мафтуҳ”, 2/42-савол.

[2] “Лиқоат ал-боб ал-мафтуҳ” 86, 17-савол.

Изоҳ қолдиринг