Қабрдаги маййитларга дуо қилиш (2)

0

«Дуо икки хил бўлади: ибодат маъносидаги дуо ва сўраш маъносидаги дуо.

Аллоҳ таолони мақташ ҳамда таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), ҳавқала (Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ), тасбеҳ (субҳоналлоҳ), таҳмид (алҳамдулиллаҳ) ва бошқа зикрлар билан улуғлаш ибодат маъносидаги дуо жумласига киради.

Сўраш маъносидаги дуога келсак, Аллоҳдан ниманидир сўраш мазмунидаги дуолар бу қисмга киради. Масалан, “Эй Аллоҳ, гуноҳларимни кечир, менга раҳм айла, менга ғазаб қилма, қалбимни ҳақдан бурма” каби дуоларга “сўраш маъносидаги дуолар” дейилади.

Сўраш маъносидаги дуо ибодат маъносидаги дуони ҳам ўз ичига олади. Чунки Раб таоло бандалари эҳтиёжлар ўталиши ва қийинчиликлар ариши каби тилакларини фақат Ўзидан сўрашга буюрди ва буни ибодат (бандалик, қуллик қилиш) дея эътиборга олди. У зот бандалари Ўзига дуо қилишини яхши кўради. “Раббингиз деди: «(Эй бандалар,) фақат Менга дуо қилинг, Мен сизларнинг дуоларингизни қабул қиламан. Шубҳасиз, Менга ибодат қилишдан кибр қиладиган кимсалар яқинда хору хақир ҳолда жаҳаннамга киргайлар»” (Ғофир, 60).

Қолаверса, сўраш маъносидаги дуода Аллоҳ таолони кечиримлилик билан сифатлаш ва У зотга мақтов айтиш маънолари ҳам бор. Чунки дуо қилувчи: “Ё Раббим, мени мағфират қил”, деганида Аллоҳни мақтаётган ва У зотга ибодат қилаётган бўлади. Ибодат дуоси сўраш дуосига узвий боғлиқдир. Чунки ибодат қилаётган киши аслида тилида бўлмаса ҳам маънода ниманидир сўраётган бўлади. Зеро, у Аллоҳнинг розилиги, мағфирати ва жаннатига киритиши каби нарсаларни умид қилмаганида эди, ибодат дуосини қилмаган бўлар эди.

Шундай қилиб, иккала тур орасида умумийлик ва хусусийлик нисбати бор. Ибодат дуосини қилаётган киши маънода (зимдан) сўраётган, сўраш дуосини қилаётган эса лафзда сўраётган ва маънода ибодат қилаётган бўлади. Демак, дуони Аллоҳдан бошқага қилиб бўлмайди. Аллоҳга хос бўлган мақтов сўзларни бандага қўллаш тўғри эмас. Оламлар Рабби Аллоҳнинг ҳаққини ожиз махлуқларга бериш асло ярамайди. Дуонинг мазкур икки туридан озгинасини бўлса-да Аллоҳдан ўзгага йўналтириш катта ширк ҳисобланади»[1].

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага дуо қилманг! Агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардан бўлиб қоласиз» (Юнус, 106).

«Бу хитоб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган хитобдир. Ваҳоланки, у зот Аллоҳдан ўзгага дуо қилишдан маъсум (сақланган) зотдирлар. Оят хос маънода айтилган бўлса-да, аслида оммага қаратилгандир. Қолаверса, унинг замирида талай фойдалар ётади. Жумладан, модомики башарият саййидига (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш тақиқланган экан, бошқа одамларни қўяверасиз. Дарҳақиқат, пайғамбарлар ҳам, бошқалар ҳам бу ишдан бирдек қайтарилган. Мазкур оятда тақиқланган дуо ибодат маъносидаги дуони ҳам, сўраш маъносидаги дуони ҳам ўз ичига олади. “Аллоҳни қўйиб” дегани Аллоҳ билан бирга дуо қилиниши мумкин бўлган барча нарсани қамраб олади. У подшоҳ бўладими, пайғамбарми, валийми ёки улардан бошқами, фарқсиздир. Ўликлардан мадад тилаётган, ҳожати раво бўлиши ва ғам-ташвиши аришини улардан сўраётган кимса катта ширк қилаётган, кечирилмас гуноҳга қўл ураётган мушрикдир. «Агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардан бўлиб қоласиз», яъни мушриклардан бўлиб қоласиз»[2].

[1] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳу китоб ат-тавҳид», 106-бет.
[2] Аввалги манба, 107-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг