Солиҳ кишининг қабри тарафга юзланган ҳолда дуо қилиш ва қабр олдида Аллоҳга қилинган дуо ижобат бўлади деб эътиқод қилиш

0

305. Солиҳ кишининг қабри тарафга юзланган ҳолда дуо қилиш

«Баъзи одамлар дуо қилаётганида, хоҳ шарқ ва хоҳ бошқа тараф бўлсин, солиҳ кишининг қабри бор тарафга ўгирилиб олади. Бу иш ошкор залолат ва очиқ-ойдин ширкдир»[1].

 306. Қабр олдида Аллоҳга қилинган дуо ижобат бўлади деб эътиқод қилиш ширк сабабларидандир

Ибн Таймия айтади: «Маййитдан эҳтиёжларни сўраш ёки ундан дуо ва шафоат талаб этиш ёки унинг қабри олдида қилинган дуо ижобат бўлишга яқинроқ деган гумонда қабр олдида дуо қилиш учун қабрни кўзлаб бориладиган зиёрат бидъат зиёрат ҳисобланади. Мазкур кўринишдаги зиёратларнинг барчаси кейинчалик ўйлаб топилган ишлар бўлиб, уни на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий этганлар ва на саҳобалар у зотнинг қабрлари ёки бошқа бировнинг қабри олдида бундай ишлар қилганлар. Қабр олдида дуо қилиш ширк ва ширкка олиб борадиган ишлар туркумига киради. Бир инсон пайғамбарлар ва солиҳлар қабрлари олдида намоз ўқимоқчи бўлса, масалан, уларнинг қабрларини масжид қилиб олса, гарчи уларга ёки уларнинг қабрлари олдида дуо қилишни мақсад қилмаса ҳам, тақиқланган ҳаром ишга қўл урган, ўзини Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор қилган бўлади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган қавмга Аллоҳ қаттиқ ғазаб қилади”, деганлар[2].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни ҳалок қилсин. Улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”, дедилар ва уларнинг қилмишларидан огоҳлантирдилар[3]. У зот яна бундай деганлар: “Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтган қавмлар ўз пайғамбарлари ва солиҳ кишиларининг қабрларини масжид қилиб олдилар. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен бундан сизларни қайтараман[4].

Модомики қабрни намозгоҳ қилиб олишнинг ўзи ҳаром ва шу билан бирга Раб таолонинг ғазабию лаънатига сабаб бўлар экан, маййитга ёки унинг қабри олдида дуо қилиш учун қабр олдига борадиган ва бу иши дуолар ижобат бўлишига, мақсадлар рўёбга чиқишига ва ҳожатлар ўталишига сабаб бўлади, деб эътиқод қиладиган кимса ҳақида нима дейиш мумкин?! Зеро, Нуҳ қавмида пайдо бўлган ширк ва одамлар орасида тарқалган бутпарастлик айнан шу тариқа бошланган эди.

Ибн Аббос айтади: “Одам билан Нуҳ орасида ўн авлод ўтди, уларнинг барчалари Исломда эди”[5].

Кейин улар солиҳ кишилар қабрларини улуғлашлари ортидан ширк келиб чиқди. «Саҳиҳи Бухорий»да[6] ҳамда тафсир ва пайғамбарлар қиссаларига оид китобларда Ибн Аббос ва бошқалар Аллоҳ таолонинг: “(Мушриклар шерикларига) дедилар: «Худоларингиздан воз кечманглар. Вад, Сувоъ, Яғус, Яуқ ва Насрни тарк қилманглар»” (Нуҳ, 23) ояти тўғрисида бундай деганлари ривоят қилинади: “Оятда айтилганлар Нуҳ қавмининг солиҳ кишилари эди. Улар ўлгач, одамлар уларнинг қабрларига ружу қўйдилар, ҳайкалларини ясадилар ва уларга ибодат қила бошладилар”. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: “Кейин бу бут-санамлар араб қабилаларига кўчди”»[7].

Шайхулислом яна бундай деган: «Саҳобалардан бирортаси на пайғамбарлар ва на бошқаларнинг қабрларини кўзлаб бормас, қабрлар олдида намоз ўқимас, дуо қилмас ва умуман қабр ёнида дуо қилишни мақсад қилиб бормас, “қабр олдида дуо қилиш афзал” ёки “қабр олдида қилинган дуо ижобат бўлади”, деб айтмас эди»[8].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр олдида Аллоҳга дуо қилиб ўтириш ҳам, қабр олдида намоз ўқиш ҳам жоиз эмас. Бу иш ширкка олиб борадиган ишлардан бўлгани учун ундан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки маййитга дуо қилиш катта ширкдир. Ундан мадад ва шафоат тилаш каби ишлар ҳам катта ширк жумласидан ҳисобланади. Қабр олдида ўтириб дуо қилиш ёки намоз ўқиш бидъат ва ширкка олиб борадиган воситалардандир»[9].

[1] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/240-241.
[2] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.
[3] Бухорий (437) ва Муслим (530) ривояти.
[4] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[5] Ҳадис тахрижи 293-масалада ўтди.
[6] Ҳадис тахрижи 263-масалада берилди.
[7] Шайхулислом Ибн Таймия, «Қоидатун жалилатун фит-тавассули вал-васила», 34-36-бетлар.
[8] «Қоида азима», 55-бет.
[9] «Фатово нурун алад-дарб», 1/278. Тўпловчилар: Муҳаммад Мусо ва Абдуллоҳ Тайёр.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг