Қинни торайтириш учун жарроҳлик амалиёти қилдириш ҳукми

0

Савол:

Аёл киши фарзанд кўрганидан кейин жинсий аъзоси кенгайиб кетади ва бу жинсий алоқа пайтида айрим ноқулайликларга сабаб бўлади. Шу сабабли аёл киши жинсий аъзосини торайтириш мақсадида жарроҳлик амалиёти қилдириши жоизми? Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамдлар, Пайғамбаримизга, у зотнинг яқинлари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Шуни билиб олишимиз керакки, баъзан тиббий омил (эҳтиёж) аёл кишининг жинсий аъзосини торайтиришни талаб этиши мумкин. Масалан, қин билан сийдик йўли ёки ахлат йўли билан жинсий аъзо йўли бирлашиб кетган бўлса ёки мушаклар заифлиги туфайли мазкур ҳолатлар юзага келиши хавфи бўлса, бундай ҳолатларда тиббий эҳтиёж борлиги учун жарроҳлик амалиётини қилдиришга шариат рухсат беради. Чунки бу даволаниш ва танадаги айбни кетказиш қабилидан бўлади.

Баъзан жинсий яқинлик лаззатини ошириш мақсадида бундай жарроҳлик амалиётига мурожаат этилади. Бу эса пластик (қайта тиклаш) жарроҳлик амалиёти ҳисобланиб, шариатимизда ҳаромдир.

Доктор Солиҳ ибн Муҳаммад Фавзон ўзининг “Пластик жарроҳлик амалиётлари” номли рисоласида бундай деган:

“Иккинчи ҳолат: Бирон тиббий сабаб (эҳтиёж) бўлмай, фақат эр-хотин жинсий алоқадан кўпроқ лаззат олиш мақсадида одатий кенгликда бўлган жинсий аъзони торайтириш учун жарроҳлик амалиёти қилдириши. Менинг фикримча, мазкур мақсадда жарроҳлик амалиёти қилдириш қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир:

а) Аёл киши ёш ўтган сайин ва бир неча марта туққандан кейин жинсий аъзосидаги мушакларнинг бўшашиб қолиши одатий ҳолдир. Бинобарин, ушбу одатий ҳолатни ўзгартириш мақсадида жарроҳлик амалиёти қилдириш Аллоҳ яратган асл хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу эса шариатимизда ҳаром этилган. Юқорида айтилганидек, шариатимизда ҳаром этилган хилқатни ўзгартириш деганда “одатий ва нормал ҳолатда бўлган хилқатга доимий ўзгартиш киритиш” назарда тутилади. Жинсий аъзонинг мушаклари касаллик ёки бошқа бирон фавқулодда омил сабабли бўшашган, заифлашган бўлса, худди танада кейинчалик пайдо бўлган айбу нуқсон ва жисмоний камчиликлар каби уни ҳам кетказиш учун жарроҳлик амалиёти қилдириш жоиз бўлади.

б) Бундай жарроҳлик амалиёти аёл кишининг авратига қараш ва уни ушлаш орқали амалга ошади. Бу энг каттиқ тақиқланган ҳаром ишлардан, фитнага чорлайдиган энг катта омиллардан саналади. Хусусан, амалиётдан кўзланган мақсад жинсий лаззатни ошириш бўлар экан, шифокор ва бу амалиётни истаётган аёл ўртасида бу ҳақда сўзлашув бўлиши эҳтимоли бор. Бу эса аёл кишининг ҳаёсини заифлаштиришга ўз ҳиссасини қўшиши табиийдир.

Авратни бошқа инсон олдида эҳтиёж ёки зарурат бўлгандагина очишга рухсат берилиши юқорида айтиб ўтилди. Мазкур ҳолат эҳтиёжли ёки заруратли ҳолатлар сирасига кирмайди. Чунки аёл киши дунёдаги бошқа турмушга чиққан, фарзанд кўрган ва ёши ўтган миллионлаб аёллар каби жинсий алоқадан одатий лаззат олиб яшаса ҳам бўлади.

в) Бундай жарроҳлик амалиёти баъзи салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, қин сийдик ёки ахлат йўли билан қўшилиб кетиши мумкин. Боз устига, наркоз олиш, қон кетиши ва ҳоказо жарроҳлик амалиётида содир бўладиган салбий жиҳатлар ҳам бор. Аслида наркоз олиш ва жарроҳлик амалиёти қилдириш эътиборга лойиқ эҳтиёж бўлмаса ҳаром экани юқорида айтиб ўтилди. Биз сўз юритаётган ҳолатда эса бундай эҳтиёж йўқ. Шу сабабли, бу ҳолатда жарроҳлик амалиёти қилдириш ҳаром саналади.

г) Бундай жарроҳлик амалиёти ўтказиш катта маблағ талаб этади. Ҳолбуки, бунга жиддий эҳтиёж йўқ. Бинобарин, бу исроф ҳисобланади. Шариатимиз эса исрофни ҳаром қилган”. Иқтибос тугади.

Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг