307. Қабрларга илтижо қилинганида айрим ҳожатлар раво бўлган, деган иддаога раддия
Имом Ибн Таймия айтади: «Пайғамбарлар ва солиҳ кишилар қабри олдида қилинган дуо ижобат бўлади, деган гап на Аллоҳнинг Китоби ва на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бирор асосга эга бўлган гапдир. Бу гапни на саҳобалар ва на уларга яхшилик йўлида эргашган тобеинлар ва на мусулмонларнинг машҳур имомларидан бирортаси айтган… Саҳобалар, тобеинлар, имомлар ва салаф уламолардан бирортаси “пайғамбарлар ва солиҳлар қабри олдида қилинган дуо мустажобдир” деган гапни на мутлақ кўринишда ва на муайян шахсга нисбатан айтган. Улар орасида: “Кишининг пайғамбар ва солиҳлар қабри олдида қилган дуоси бошқа жойда қилган дуосидан афзал”, дейдигани бўлмаган»[1].
«(Маййитга қилинган) дуо ижобат бўлишига келсак, бунинг сабаби дуо қилувчининг чорасизлиги ва самимийлиги бўлиши мумкин. Ёки бу шунчаки Аллоҳнинг ўша бандага кўрсатган марҳамати бўлиши ёки банда дуо қилиб сўрагани учун эмас, Аллоҳ тақдирда битиб қўйгани учун амалга ошган бўлиши мумкин.
Ёки дуо қилувчига фитна ва синов тарзида юқорида айтилганлардан бошқа сабаблар бўлиши ҳам мумкин. Зеро, барчамизга маълумки, гоҳида кофирлар ўзларининг бутлари ёнида ва уларни ўртага қўйиб қилган дуолари ижобат бўлиб, уларга самодан ёмғир ёғиши, мадад ва нусрат келиши, ризқу рўз ато этилиши каби ҳолатлар бўлган. Аллоҳ таоло айтганидек: “Биз ҳар икки гуруҳга – мўминларга ҳам, кофирларга ҳам Ўз ризқу рўзимиздан ато этаверамиз. Раббингизнинг фазлу марҳамати эса (хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлсин,) ҳеч кимдан қайтарилмас” (Исро, 20);
“Баъзи инсонлар баъзи жинлардан паноҳ сўрар, (инсонлар улардан паноҳ сўрагани боис жинлар ҳаддан ошиб,) уларни янада қўрқувга солар эди” (Жин, 6).
Тақдирга битиб қўйилган ишнинг сабаблари кўп бўлиб, уларни бирма-бир санаш узоқ вақт талаб этади ва ҳозир батафсил келтиришнинг мавриди ҳам эмас. Одамлардан талаб этиладиган нарса Аллоҳ пайғамбарлари орқали юборган ҳидоятга эргашиш ва бу ҳидоят дунёю охират яхшилигини ўзида мужассам этганини билишдир»[2].
Имом Ибн Таймия айтади: «Айримлар: “Баъзи вақтлар (қабрга бориб дуо қилганларнинг) ҳожатлари раво бўлади-ку, бу нарса қабрга бориб дуо қилишни оқламайдими?” дейди. Бунга жавобан: «Йўқ, бу нарса қабрларни кўзлаб боришга асос бўла олмайди», деймиз. Чунки:
Биринчидан: Мушриклар ва аҳли китоблар ўзларининг бут-санамлари олдида қилган дуолари сабабли кўп ҳожатлари раво бўлади. Шундай экан, мусулмонлар ҳаром эканига ижмо қилган бу каби ишларни шу важ билан қайси мусулмон оқлаб бера олади?!
Иккинчидан: Бу бобда ёлғон-яшиқ гаплар кўп айтилади[3]. Қуръон бирдан ортиқ ўринда ёлғон билан ширк, ихлос билан сидқ (самимийлик) бир-бирига боғлиқ эканини айтади. Мўминлар сидқ ва ихлос аҳли, кофирлар ширк ва ёлғон аҳлидир. Мазкур мақбараларда қилинаётган ширк амаллар бир неча тарафлама ёлғонга қоришиб кетгандир. Жумладан:
Бу қабрга фалон улуғ зот ёки унинг боши кўмилган, деган даъволар. Бундай гапларнинг аксари ёлғондан иборат;
Қабр эгаларининг дунёдаги ҳолати ҳақида айтиладиган кўп гаплар ёлғон бўлади;
Қабр олдида сўралган неча-неча истаклар амалга ошгани ҳақида чўпчаклар айтилади. Ноодатий ҳодисалар содир бўлгани, ҳожатлар бароридан келгани ҳақида қабрпарастлар тарафидан содда одамларга айтиладиган ҳақиқатдан йироқ гаплар ва ҳийла-найрангларни санаб адоғига етиш мушкул. Дарҳақиқат, бундай ишлардан кўпини кўрдик.
Маййитга насаб жиҳатидан алоқадорлигини билдириш учун айтиладиган ёлғонлар. Кўп одамлар ўзини қабрда ётган маййит авлодидан эканини даъво қилади ёки бошқа тарафлама унга нисбатланишни хуш кўради. Ҳатто бир киши ёлғондан ўзини Иброҳим ибн Адҳам авлодидан эканини даъво қилиб, ўша қабр хизматкорлигига эришмоқчи бўлганини кўрганман. Пайғамбар хонадонига ёлғондан нисбат берилиш ҳолатларини санаб тугатиб бўлмайди.
Рофизий-шиалар Ислом умматининг мутлақ энг ёлғончи тоифасидир. Улар ўзини Исломга нисбат берадиган тоифалар орасида ғулув ва ширкка энг кўп ботган одамлардир. Биринчи бўлиб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндошларида илоҳликни даъво қилган ҳам, у зотдан бошқа одамни пайғамбар деган ҳам ўшалардир. Улар Али разияллоҳу анҳуни пайғамбар деб даъво қилишди, Мухтор ибн Абу Абдуллоҳга ўхшаган айримлари ўзини пайғамбар деб эълон қилди. Рофизийлардан кейин одамларни адаштиришда шайхпараст жоҳил сўфийлар туради. Улар рофизийлардан кейин қабрларни энг кўп улуғлайдиган, қабрлар борасида ҳаддан ошадиган ва ёлғон гапирадиган кимсалардир. Иккала тоифанинг ҳам насронийлар билан ўхшаш жиҳатлари бор. Насронийлар ёлғони, ширки ва муболағаси каттаю кичикка бирдай маълум. Бу тоифалар тарафидан содир бўладиган ширк ва ёлғонлар ададига Аллоҳдан ўзгаси етолмайди.