Муслима аёлнинг дастури (32): Вафот иддасига оид аҳкомлар

0

Вафот иддаси аёлга эри вафот этиши билан вожиб бўлади. Бу аёл гарчи ўлим хабари кеч келса ҳам, эри ўлган кундан эътиборан идда сақлашни бошлайди. Эри вафот этган аёлнинг идда муддати тўрт ойу ўн кундир. Агар ҳомиладор бўлса, ҳомиласини туғиши билан иддаси тугайди.

Вафот иддасига хос бўлган бир қатор ҳукмлар бор. Жумладан:

  1. Эри вафот этган аёл эри вафот этган ва ўзи унда яшаб турган уйда идда сақлаши фарз бўлади. У уйдан бошқа жойга узрсиз кўчиб ўтиши жоиз эмас. Агар бошқа жойга кўчиб ўтишга мажбур бўлса, масалан, у ерда қолиши ҳаётига хавф туғдирса, бу ҳолатда истаган жойига кўчиб ўтиши мумкин.

  2. Уйдан фақат эҳтиёж ёки зарурат сабабли чиқиши мумкин. Масалан, шикофорга кўриниш зарурати туғилса ёки ўзига керакли нарсани сотиб олиш керак бўлса ва уни олиб келиб берадиган биронта бўлмаса, уйидан чиқиши мумкин. Ҳаж сафарига бориши эса жоиз эмас.

  3. Ишлайдиган ёки талаба аёл кундузи ишига бориб келса бўлади. Чунки бу муҳим эҳтиёжлар жумласидан ҳисобланади.

  4. Баданига бўёқ, сурма каби нарсалар билан оро беришдан тийилади. Сочини тараши ва озодалик учун ғусл қилиши эса жоиз.

  5. Зийнатли жозибадор кийимларни кийишдан узоқ туради. Лекин шариатда мотам тутадиган аёллар орасида одатга айланган махсус мотам либоси йўқ. Мотам учун қора кийим кийишнинг ҳеч қандай асоси йўқдир.

  6. Маржон, зирак, узук каби ҳар қандай тақинчоқларни тақишдан сақланади. Зийнат ва гўзаллик учун эмас, вақтни билиб туриш мақсадида соат тақса бўлади.

  7. Хушбўй атир-упалар ва ёғлар (кремлар)нинг барча турларидан узоқ туради. Лекин маҳрам меҳмонларига хушбўй атирларни тақдим қилиши жоиз. Ичида заъфарон моддаси бўлган қаҳвани ҳам ичмайди. Чунки у хушбўй модда ҳисобланади. Хушбўй нарса ишлатиш эса тақиқланган. “Саҳиҳайн”да келган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мотам тутадиган аёл ҳақида: “Хушбўй нарса суртмайди”, деганлар.

  8. Хушбўй ҳиди бўлган совун ва шампунларни ишлатиши жоиз. Чунки ундан хушбўйланиш эмас, покланиш мақсад қилинади. Лекин хилофдан чиқиш мақсадида уларни қўлланмаслик эҳтиётлироқдир.

  9. Агар фитна бўлишидан қўрқмаса, маҳрамларидан бошқа бегона эркаклар бор жойда бўлиши, телефонга жавоб бериши, эшикни тақиллатган кишига жавоб қайтариши жоиз.

  10. Мотам тутаётган аёлга эрининг молидан нафақа берилмайди. Негаки, унинг мол-мулки меросхўрларга ўтади. Бу аёл эрининг молидан олган меросидан ишлатади.

Изоҳ қолдиринг