Дард ва даво (102): Қотиллик

0

Бўлим

Қотилликнинг зарари шу даражада катта бўлгани боис Аллоҳ таоло Қуръони каримда у ҳақда бундай деган: “Ана ўша (фожиа, яъни Қобил акасини ўлдиргани) сабабли Бани Исроилга қуйидагиларни шариат қилдик: кимда ким бирон жонни ўлдирмаган ёки ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдирибди. Ким унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан тийилса, жонни ҳимоя қилса), гўё барча одамларга ҳаёт берибди…” (Моида, 32).

Ушбу оятни тушунишда кўпчилик одамларда чигаллик пайдо бўлди. Уларнинг айтишларича, Аллоҳнинг ҳузурида юз кишини ўлдирган қотилнинг гуноҳи бир кишини ўлдирган қотилнинг гуноҳидан каттароқ экани барчага маълум. Ушбу оятда эса бир кишини ўлдирган одам барча одамзотни ўлдирган одамга тенглаштирилмоқда?!

Ушбу чигаллик сабаби шуки, улар оятда бир кишини ўлдирган қотилнинг гуноҳи ва жазоси барча одамзотни ўлдирган қотилнинг гуноҳи ва жазосига тенглаштирилмоқда, деб ўйладилар. Ҳолбуки, оятнинг сўзлари бунга далолат қилмайди. Қолаверса, бир нарсани бошқа нарсага ўхшатиш уларнинг ҳар томонлама бирдек эканини тақозо этмайди.

Масалан, қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар қиёматни кўрадиган кун (дунёда) гўё куннинг охирида ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар” (Нозиот, 46);

Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар” (Аҳқоф, 35). Мазкур оятлардан улар дунёда оятда айтилган муддат миқдорича яшашган, деган маъно чиқмайди.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким хуфтон намозини жамоат билан бирга ўқиса, гўё туннинг ярмини намоз билан ўтказгандек бўлади. Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, гўё туннинг барчасини намоз билан ўтказгандек бўлади[1]. Бошқа ривоятда: “Ким хуфтон намози билан бирга бомдод намозини жамоат билан ўқиса…”, дейилган[2].

Пайғамбаримизнинг қуйидаги сўзлари янада яққол мисол бўлади. У зот айтадилар: “Ким рамазон рўзасини (тўлиқ) тутиб, ортидан олти кун шаввол ойида рўза тутса, гуё йил бўйи рўза тутгандек бўлади[3];

Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиса, гуё Қуръоннинг учдан бирини ўқигандек бўлади[4].

Маълумки, ушбу ҳадисларда айтилган амалларни қилган одамга берилган савоб таққосланилаётган амалларни қилган одамга берилган савоб билан тенг бўлмайди. Агар тенг бўлганида хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқиган одам кечаси таҳажжуд намозини ўқиса, беҳуда чарчоқ ва бедорликдан бошқа нарсага эришмади, деган хулоса чиқади (Бошқа далилларга қараганимизда бундай хулоса қилиш нотўғри экани маълум бўлади).

Бандага иймондан кейин Аллоҳ ва Расулининг муродини тушунишдан кўра афзалроқ неъмат ато этилмаган. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни истаган бандасига беради.

Бир кишини ўлдирган қотил барча одамларни ўлдирган қотилга қай жиҳатдан тенглаштирилди, деган савол туғилса, унга қуйидагича жавоб берамиз.

Улар иккиси ўртасида бир неча жиҳатдан ўхшашлик бор:

Биринчиси: уларнинг ҳар иккиси Аллоҳ ва Расулига осий бўлган, буйруқларига хилоф иш тутган, жазога лойиқ кимсалардир. Ҳар бирлари Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлди ва дўзахда мангу қолишга ҳақли бўлди. Гарчи азоб даражалари бир-биридан фарқли бўлсада, Аллоҳ уларнинг ҳар бирига улкан азобни тайёрлаб қўйди. Зеро, пайғамбарни, ё адолатли раҳбарни, ё одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган олимни ўлдирган қотилнинг гуноҳи оддий бир инсонни ўлдирган қотилнинг гуноҳига тенг бўлмайди.

Иккинчиси: иккиси ҳам қатл қилинишга ҳақлидир;

Учинчиси: ҳар иккиси ўлдириш ҳаром қилинган жоннинг қонини тўкишга журъат қилди. Зеро, ер юзида бузғунчилик қилиш, ё мол-мулкини тортиб олиш мақсадида бир жонни ноҳақ ўлдирган инсон, аниқки, кучи етган ва қўлига тушган ҳар бир инсонни ўлдиришга журъат қилади. Бундай кимса бутун инсониятга душмандир.

Тўртинчиси: биргина одамни ўлдирадими, ё бутун одам зотини қириб юборадими, ҳар иккиси қотил, фосиқ, золим, гуноҳкор деб аталади.

Бешинчиси: Аллоҳ таоло мўминларни бир бирларига бўлган меҳр-муҳаббат ва ўзаро алоқаларида бир танадек қилди. Тананинг бир аъзоси оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик ила унга ҳамдард бўлади. Қотил шу тананинг бир аъзосига талофат етказса, гўё тананинг қолган қисмига талофат етказган ва барча аъзоларни оғритгандек бўлади. Демак, ким бир мўминга азият берса, барча мўминларга азият бергандек саналади. Ким барча мўминларга азият берса, бутун одамзотга азият бергандек бўлади. Чунки Аллоҳ азза ва жалла одамларга келадиган азоб ва бало-мусибатларни ораларидаги мўмин бандалар сабабли тўсиб туради. Бинобарин, қўриқловчига азият бериш у қўриқлаётган инсонларга азият бериш демакдир.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қай бир жон мазлумларча ноҳақ ўлдирилса, албатта Одам алайҳиссаломнинг биринчи ўғлига унинг қонидан (гуноҳидан) улуш ёзилади. Чунки одам ўлдиришни биринчи у йўлга қўйган эди[5]. Шариатимизда биринчи зино қилган, биринчи ўғирлик қилган, биринчи маст қилувчи ичимлик ичган одамга бундай таҳдидли сўзлар келмаган. Ширкни биринчи бошлаб берган одам бундай уқубатга қотилдан кўра лойиқроқ бўлиши мумкин. Зеро, у ширкни биринчи бошлаб берган шахс саналади. (Табийки, ким ширк келтирса, биринчи ширк келтирган инсонга унинг гуноҳидан улуш берилади). Шу сабабли бўлса керак, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Луҳайни дўзахда қаттиқ азобланаётганини кўрганларини айтганлар. Чунки у Иброҳим алайҳиссалом динини биринчи бўлиб ўзгартирган, унга ширк аралаштирган одам эди.

Аллоҳ таоло айтади: “Қуръонни биринчи инкор қилувчилардан бўлмангиз” (Бақара, 41). Яъни, кейингилар сизларга эргашиб, Қуръонни инкор қилишмасин, оқибатда бу қилмишларининг гуноҳидан сизларга ҳам ёзилмасин. Ким бирон ёмон ишни бошлаб берса ва одамлар унга эргашса, унинг ҳукми ҳам шундай бўлади.

Имом Термизийнинг “Ал-жомеъ”[6] китобида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёмат куни (ноҳақ) ўлдирилган одам қотилининг пешона ва бошидан тутган, бўйнидаги томирларидан қон оқиб турган ҳолда уни етаклаб келиб, дейди: Раббим, мана бундан сўра, нима учун мени ўлдирди экан?!”. Шунда одамлар Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан, “Қотил тавба қилган бўлсачи?” деб сўрашди. У “Ким мўмин бандани қасддан ўлдирса…” оятини ўқиди ва деди: “Ушбу оятнинг ҳукми бекор қилингани ҳам, ўзгартирилгани ҳам йўқ. Қандай қилиб қотилнинг тавбаси қабул бўлсин!”[7] Имом Термизий мазкур ҳадис ҳақида: “Ҳасан ҳадис”, деган.

Термизийнинг “Ал-жомеъ” китобида (Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси) Нофеъдан мана бу ривоят келтирилган: “Абдуллоҳ ибн Умар бир куни Каъбага қараб деди: “Қанчалар улуғсан, қанчалар ҳурматинг баланд! Бироқ Аллоҳнинг ҳузурида мўмин банданинг ҳурмати сеникидан баландроқдир”[8]. Термизий мазкур ривоят ҳақида: “Ҳасан ҳадис”, деган.

“Саҳиҳи Бухорий”да Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Инсоннинг биринчи бўлиб чирийдиган аъзоси қорни бўлади. Қай бирингиз фақат покиза (ҳалол) таом ейишга қодир бўлса, шундай қилсин. Ким бировнинг бир қошиқ қонини ноҳақ тўккани сабабли жаннатга кирмай қолишдан сақланишга қодир бўлса, шундай қилсин”[9].

Мазкур китобда Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан нақл қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўмин банда модомики ҳаром қонни тўкмас экан, динида кенгчилик бўлади[10].

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан нақл қилади: “Жавобгарлигидан қутулиш оғир бўлган ишлардан бири ўлдириш ҳаром қилинган инсоннинг қонини ноҳақ тўкишдир”[11].

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз: “Мусулмон одамни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир[12], деганлар.

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган бошқа ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мендан (мен вафот этгандан) сўнг бир-бирингизнинг бошини оладиган кофирларга айланиб кетмангиз[13].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобида ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким (омонлик шартига) аҳдлашган одамни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки, унинг ҳидини қирқ йиллик масофадан ҳис қилиш мумкин[14].

Мусулмонлар билан омонлик шартномасига келишган кофир кимсани –Аллоҳнинг душманини – ўлдирган қотилнинг жазоси шу даражада бўлса, мўмин бандани ўлдирган қотилнинг жазоси қандай бўлади деб ўйлайсиз?!

Бир мушукни очлик ва чанқоқдан ўлгунча қамаб қўйган аёл шу қилмиши сабабли дўзахга кирган бўлса, беайб мўминни то ўлгунча қамаб қўйган кишининг жазоси қандай бўлиши мумкин?!

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мушукни очлик ва чанқоқдан ўлгунча қамаб қўйган аёлни дўзахда шу мушук юзи ва кўкрагини тимдалаётганини кўрганлари ҳақида хабар берганлар.

Айрим “Сунан” китобларида (ҳадис тўпламларида) нақл қилинишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло учун дунёнинг йўқ бўлиб кетиши мўмин банданинг ноҳақ ўлдирилишидан енгилроқдир[15], деганлар.

[1] Муслим раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ”да (565) Усмон Ибн Аффон разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[2] Аҳмад, 57\1, 408.
[3] Муслим, 1164.
[4] Аҳмад (5\141, 21275), Абу Убайд (“Фазоили Қуръон”, 143-144 бетлар) ва бошқалар ривоят қилишган. Имом Муслим (811) ҳам мазкур маънодаги ҳадисни ривоят қилган.
[5] Бухорий (3335) ва Муслим (1677) ривояти.
[6] Яъни “Сунан” китоби.
[7] Термизий (3029) ва Насоий (4005) ривояти.
[8] Термизий (2032), Ибн Ҳиббон, (5763) ва бошқалар ривояти.
[9] Бухорий, 7152.
[10] Бухорий, 6862.
[11] Бухорий, 6863.
[12] Барча қўлёзмаларда мазкур ҳадис Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган деб ёзилган. Аммо “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ушбу ҳадис Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Бухорий (48) ва Муслим (64) ривояти. Мазкур ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Ибн Можа (3940) ривоят қилган.
[13] Бухорий (7077) ва Муслим (65) ривояти.
[14] Бухорий, 3166.
[15] Насоий,3990; Ибн Абу Осим. “Ад-диёт”, 8; Ибн Адий. “Комил”, 2\21.

Изоҳ қолдиринг