Чақалоққа оид ҳукмлар (47): Ҳаром ва макруҳ исмлар (6)

0

Бўлим

Болага ёқимсиз ва ғалати маъноли исмларни қўйиш ҳам жоиз эмас. Масалан, Ҳарб (уруш, жанг), Мурра (аччиқ, оғир, ғамгин), Калб (ит), Ҳайя (илон) каби исмлар шулар жумласидан. Имом Молик «Муватто»да келтирган асар аввалроқ ўтган эди. Унда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соғин туяга ишора қилиб: «Буни ким соғади?» дедилар. Бир киши ўрнидан турган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Мурра», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ўтир», дедилар. Кейин: «Буни ким соғади?» деб сўрадилар. Бошқа бир киши турган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Ҳарб», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам: «Ўтир», дедилар. Кейин яна: «Буни ким соғади?» деб сўрадилар. Яна бошқа бир киши турган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳам: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Яийш» (яшайди), деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Туяни соғ», дедилар[1].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяни исми ёқимсиз шахс соғишини ёқтирмадилар.

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хунук исмни жуда ёмон кўрар эдилар. Одамлар, жойлар, қабилалар ва тоғларга қўйилган хунук исмларни ўзларига оғир олар эдилар. Ҳатто бир марта сафарда эканларида икки тоғ орасига келадилар ва тоғларнинг исмларини сўрайдилар. «Фозиҳ» ва «Мухзин» (шармандали ва хорловчи) деган жавобни олгач, тоғлар орасидан юрмай, уларни айланиб ўтиб кетадилар[2]. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу нарсага жиддий қарар эдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва сийратлари ҳақида фикр юритган инсон исмлар ва маънолар бир-бирига боғлиқ эканини топади. Ҳатто маънолар исмлардан олинганми ёки исмлар маънолардан пайдо бўлганми, деб ўйлаб қолади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини мушоҳада қилиб кўринг: «Асламни Аллоҳ саломат сақлади, Ғифорни Аллоҳ мағфират этди, Усайя Аллоҳга осий бўлди»[3].

У зот Ҳудайбия сулҳи куни Суҳайл ибн Амр келганида асҳобларига: «Ишингиз енгиллашди», деган эдилар[4] («суҳайл» – енгиллик).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бурайдадан исмини сўрадилар. У: «Бурайдаман», деди. Шунда у зот Абу Бакрга: «Ишимиз салқин кечиб, ўнгидан келадиган бўлди», дедилар («бурайда» «салқинлик» маъносини англатади). Кейин: «Қайси қабиладансан?» деб сўрадилар. «Аслам»дан, деди. У зот Абу Бакрга: «Саломат қолдик», дедилар. Кейин: «Қайси уруғдансан?» деб сўрадилар. У: «Саҳм»дан, деган эди, «Ўқинг чиқди (яъни қуръада ютдинг, омон қолдинг)» дедилар («саҳм» – ўқ). Ҳадисни Абу Умар «Истизкор»да келтирган[5].

Ҳатто у зот буни туш таъбирида ҳам эътиборга олар эдилар. Бир куни бундай дедилар: «Бир кеча туш кўрдим. Уқба ибн Рофеънинг ҳовлисида эмишмиз. Шунда бизга Ибн Тобнинг хурмосидан олиб келишибди. Буни дунёда юксалишимиз, охиратда (хайрли) оқибатимиз ва динимизнинг қарор топишига йўйдим»[6].

Исмларнинг исм эгаларига таъсири ҳақида билмоқчи бўлсангиз, Саид ибн Мусайяб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ушбу ҳадис ҳақида фикр юритинг: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. У зот мендан: “Исминг нима?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳазн” дедим. Шунда у зот: “Сен (энди) Саҳлсан”, деган эдилар, у: “Отам қўйган исмни ўзгартирмайман”, деди». Ибн Мусайяб айтади: «Ўша «ҳузунат» бизни ҳеч тарк этмади»[7].

Ҳузунат – ғадир-будур, нотекислик. Нотекис ерга «арзун ҳазина», текис, юмшоқ ерга «арзун саҳла» дейилади.

[1] Ҳадис тахрижи аввалроқ берилди.
[2] Ҳадис тахрижи аввалроқ ўтди.
[3] Бухорий (2/542) ва Муслим (2518) ривояти.
[4] Ҳадис тахрижи аввалроқ берилди.
[5] 10/270.
[6] Муслим ривояти, 2270-ҳадис.
[7] Бухорий ривояти, 10/574 ва бошқа ўринлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг