Пайғамбар ва солиҳлар қабрлари балони даф қилмайди ва душманларга қарши ёрдам бермайди (1)

0

308. Пайғамбар ва солиҳлар қабрлари балони даф қилмайди ва душманларга қарши ёрдам бермайди

Айрим жоҳил кишилар: «Қайси шаҳар ёки қишлоқда (бирон пайғамбар ёки солиҳ кишига оид) қабр бўлса, шу қабр баракотидан ўша макон аҳлига ризқу рўз ва ғалаба келади, балою офатлар ва душманлар улардан чекинади», деб эътиқод қилади. «Улар ўзлари улуғлайдиган маййит тўғрисида: “У фалон юртнинг ҳимоячиси”, деб айтадилар. Масалан, “Саййида Нафиса Миср ва Қоҳира ҳимоячиси”, “Фалончи ва писмадончи Дамашқ ҳимоячилари”, “Фалончи Ҳаррон шаҳри ҳимоячиси”, “Фалончи ва писмадончи Бағдод ҳимоячилари” каби гаплар айтишади. Бу юртлардан жой олган пайғамбарлар ва солиҳ кишилар қабрлари сабабли балою офатлар ушбу шаҳар ва қишлоқларга яқин йўламайди, деб ўйлашади. Ҳолбуки, ўша юртларда улар ҳимоячи деб билган шахсдан кўра афзал кишилар – саҳоба ва тобеинларга оид қабрлар ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, Мисрда Нафисадан бир неча баравар афзал бўлган саҳобаю тобеинлар ва солиҳ зотлар қабрлари талайгина… Бу нарса саҳоба ва тобеинлар даврида маълум бўлмаган, аксинча, улардан кейин пайдо қилинган бидъатлардандир… Эҳтимол, ўша одамлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда ётган ҳолларида одамлар ёнида бўлишлари тирик ҳолларида улар билан бирга бўлишлари билан бир хил, деб ўйлашар. Бироқ бу катта хатодир. Чунки Аллоҳ таоло: “(Эй Пайғамбар,) модомики сиз улар ичида экансиз, Аллоҳ таоло уларни азобламайди ва модомики улар (гуноҳларига) истиғфор айтишар экан, Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир” (Анфол, 33) деган. Термизий ривоят қилади:

– Бизга Суфён ибн Вакеъ Ибн Нумайрдан, у Исмоил ибн Иброҳим ибн Муҳожирдан, у Аббод ибн Юсуфдан, У Абу Бурда ибн Абу Мусодан, Абу Мусо отасидан ривоят қилиб сўзлаб беришича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ умматимга икки омонлик туширди. «(Эй Пайғамбар,) модомики сиз улар ичида экансиз, Аллоҳ таоло уларни азобламайди ва модомики улар (гуноҳларига) истиғфор айтишар экан, Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир». Агар мен (дунёдан) ўтиб кетсам, сизларга истиғфорни ташлаб кетаман[1]. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб бердиларки, у зот сабабларидан бўладиган омонлик у зот тирик бўлган ҳолатда қарор топади, вафотларидан кейин эса фақат истиғфор қолади. Демак, қабрлар омонликка сабаб бўлмайди. Шунингдек, «Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисда Абу Мусо Ашъарий Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Юлдузлар осмоннинг тинч-омонлиги (сабабидир), агар (қиёматда) юлдузлар сўниб битса, осмонга (Қуръон оятларида) ваъда қилинган нарса келади. Мен асҳобларим учун омонлик сабабиман, агар мен дунёдан ўтиб кетсам, асҳобларимга ваъда қилинган (фитна ва жангу жадаллар каби) нарсалар келади. Асҳобларим умматим учун омонлик (сабаби), агар асҳобларим ўтиб кетишса, умматимга ваъда қилинган (бидъатлар ва сафларнинг бўлиниши каби) нарсалар келади[2].

Буни қуйидаги мисол янада очиқлаб беради: Байтул Мақдис ва унинг теварагида пайғамбарлар қабрлари бошқа ҳар қандай жойдан кўпроқ экани маълум. Чунки Бани Исроилга минг нафар пайғамбар юборилгани айтилади. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло Қуръонда: “Биз Бани Исроилга ўзларига нозил қилинган Тавротда хабар бердикки, улар тарафидан Байтул Мақдис ва унинг ён-атрофида (пайғамбарларни қатл қилиш, кибр, туғён, зулм ва тажовузкорлик қилиш билан) икки марта бузғунчилик содир бўлади… (Эй Бани Исроил, агар тавба қилсангиз ва ўзингизни тузатсангиз,) шояд Раббингиз (сизларни жазолаганидан сўнг яна) сизларга раҳм қилса! Агар (бузғунчилик ва зулмга) қайтсангиз, Биз ҳам (сизларга жазо беришга ва хорлашга) қайтамиз”, дейди (Исро, 4-8). Аллоҳ таоло мазкур оятларда баён қиладики, Бани Исроил туғёнга кетиб, ерда бузғунчилик қилганларида Аллоҳ уларни гуноҳларига яраша жазолади ва уларни душманлари қўлига топшириб қўйди. Душманлари уларнинг диёрларини кезиб юрди, масжидларига кирди ва уларни шундай қирғинбарот қилдики, ўлганларнинг адади ёлғиз Аллоҳга аёндир. Ўша диёрда бўлган пайғамбарлар қабрларидан бирортаси уларни ҳимоясига олмади. Чунки одамлар фақат амалларига кўра жазоланадилар. Бандаларга ризқ ва нусрат берувчи фақат Аллоҳ таолодир, У зотдан ўзга ризқ берувчи ҳам, ёрдам ато этувчи ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй кофирлар,) Раҳмондан бошқа сизларга ёрдам берадиган жамоангиз ким ўзи?! Кофирлар (шайтоннинг сўзига кириб,) алданиб ва адашиб юрадилар, холос. (Эй кофирлар,) Аллоҳ сизларга ризқ беришни тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ бера оладиган ким бор?! Кофирлар қайсарлик ва кибр ила ҳақдан ўгириб, туғён ва залолатда давом этдилар” (Мулк, 20-21-оятлар). Ҳа, бандалар учун Аллоҳдан ўзга ризқ берувчи ҳам, нусрат ато этувчи ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “(Кофир бўлган ва пайғамбарларни ёлғончига чиқарган) ҳар қандай шаҳар-қишлоққа қиёмат келмасидан (туриб, шу дунёнинг ўзидаёқ) албатта ҳалокат туширамиз ё унинг аҳлини қаттиқ азобга гирифтор қиламиз» (Исро, 58). Бу оятда Аллоҳ таоло ҳар қандай бузғунчи шаҳар ёки қишлоқ ҳалокатга ёки ҳалокатдан қуйироқ азобга дучор бўлишини, бу улар учун пайғамбар юборилганидан сўнг қилган гуноҳларига жазо бўлишини хабар бермоқда. Аллоҳ таоло айтади: “Биз (ўтмиш халқлардан) бирор қишлоқ аҳлини то уларга (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантирадиган пайғамбарларни юбормасдан туриб ҳалок қилган эмасмиз. Бу улар учун эслатма эди ва Биз золимлардан бўлмадик» (Шуаро, 208-209-оятлар).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар – Абу Бакр, Умар ва Усмон разияллоҳу анҳум даврида Мадинаи мунаввара шаҳарлар ичра ҳолати энг барқарор шаҳар эди. Аллоҳнинг уларга берган неъмати энг буюк неъмат эди. Чунки улар Аллоҳ ва Расулига бўйсунувчи кишилар эдилар. Халифалар халқни пайғамбар сиёсатига мувофиқ бошқарар эди. Халқ ўзгариб, Усмон разияллоҳу анҳу қатл этилгач, ишлар ҳам чаппасига кетди, уларни қўрқув ва хорлик қамраб олди. Кейин неча-неча қонлар тўкилди, ваҳоланки, ўша он Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларида кўмилган ҳолда эдилар. У зот одамларга рисолатни тўла-тўкис етказдилар ва омонатни адо этдилар. У зот одамларга ўзларининг ёки ўзларидан бошқа бирор пайғамбар ва солиҳ кишиларнинг қабрлари борлиги сабабли бало-офат келмаслиги кафолатини бермадилар, балки бало пайғамбарларга итоат этиш сабабли аришини хабар бердилар, қабрлари сабабли эмас. Ким пайғамбарларга эргашса, дунёю охиратда бахтлилардан бўлади. Ким уларга осий бўлса, ўзи каби осийлар ҳақли бўлган жазога у ҳам ҳақли бўлади, гарчи атрофи пайғамбарлар қабрига тўла бўлса ҳам… Қабрлар бизга фойда беради ёки бошимизга келган азоб-уқубатларни даф қилади деб ишонадиган анавилар Аллоҳни қўйиб, қабрларни бут қилиб олган кимсалардир. Бутпарастлар бутлари ҳақида қандай гумонда бўлса, улар ҳам қабрлар тўғрисида шундай гумон қила бошладилар. Чунки мушриклар ҳам бутларидан қўрқар ва умид қилар, улар фойда ёки зарар келтира олади деб ўйлар эди»[3].

[1] Термизий «Сунан»да (3082) ривоят қилган ва заиф деган.
[2] Муслим ривояти, 2531-ҳадис.
[3] «Ар-радду алал-Ихноий», 189-195-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг