Дард ва даво (103): Зино

0

Бўлим

Зино жамиятга келтирадиган зарарининг катта-кичиклиги жиҳатидан одам ўлдиришдан кейинги ўринда туради. Чунки зино инсонлар насл-насабини сақлаш, ор-номус, обрў-эътибор каби қадриятларни ҳимоя қилишдаги олам низомига зиддир. Одамлар бир-бирларининг хотини, қизи, опаси, синглиси ёки онасини йўлдан уриб, зинога бошлаши ортидан улар ўртасида катта гина-кудурат ва адоват пайдо бўлади. Бу эса бутун оламнинг хароб бўлишига олиб келади. Шу сабабли Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида зинони одам ўлдириш билан ёнма-ён зикр қилган. Бу борадаги оят ва ҳадислар ўтган мақолаларимизда келтирилган эди.

Имом Аҳмад айтади: “Одам ўлдиришдан кейин зинодан кўра каттароқ гуноҳни билмайман”.

Аллоҳ таоло зинонинг ҳаромлигини таъкидлаб бундай деган: “Улар (Аллоҳ суйган бандалар) Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлади. Қиёмат куни унинг учун азоб бир неча баробар қилинади ва у ерда хорланган ҳолида мангу қолади. Тавба қилган, иймон келтириб яхши амаллар қилганлар бундан мустасно бўлиб, Аллоҳ уларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир” (Фурқон, 68-70). Мазкур оятда Аллоҳ таоло зинони ширк ва одам ўлдириш билан бирга зикр қилди ҳамда банда тавба этиш, иймон келтириш, солиҳ амал қилиш орқали зинонинг жазосидан ўзини халос этмаса, унинг жазоси бир неча баробар кучайтирилган азобда мангу қолиш экани ҳақида хабар берди.

Аллоҳ таоло айтади: “Зинога яқинлашманглар. Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир” (Исро, 32). Зино аслида бузуқ иш экани ҳақида Аллоҳ таоло хабар бермоқда. Зинонинг жирканч иш экани шу даражада ойдинки, ҳар қандай соғлом ақл буни тасдиқлайди. Ҳатто кўп ҳайвонлар унинг жирканчилигини билишади. Имом Бухорий “Саҳиҳ” китобида Амр ибн Маймун Авдийдан қуйидаги сўзини нақл қилади: “Мен жоҳилият даврида икки маймун зино қилганини, сўнг маймунлар йиғилиб, у иккисини то ўлгунларича тошбўрон қилганларини кўрдим”. Оят давомида зинонинг ёмон йўл эканини айтиб, унинг оқибати ҳақида хабар бермоқда. Зеро, зино дунёда ҳалокат, бахтсизлик, фақирликка элтувчи йўл бўлса, охиратда азоб, хорлик, уқубатга элтувчи йўлдир.

Инсон ўз отасининг хотинига (ўгай онасига) уйланиши зинонинг энг қабиҳ турларидан бири саналади. Шу сабабли Аллоҳ таоло бу ишни қаттиқ қоралаб: “Албатта бу бузуқ, жирканч ва ёмон ишдир” (Нисо, 22), дейди.

Аллоҳ таоло банданинг нажот топишини жинсий аъзосини ҳаромдан сақлашига боғлиқ қилган. Жинсий аъзосини ҳаромдан сақламаган банда учун нажотга йўл йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни адо қилувчи кишилардир. Улар авратларини (зинодан) сақлагувчи кишилардир. Ўз жуфту-ҳалоллари ва қўлларидаги чўрилари бундан мустасно. Улар (жуфт-ҳалолларига ёки чўриларига яқинлик қилганлар) маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариатда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир” (Мўминун, 1-7).

Мазкур оятдан уч нарсани тушунамиз: ким авратини ҳаромдан сақламаса охиратда дўзах азобидан нажот топмайди, маломатга қолади ва ҳаддан ошувчилардан саналади. Бошқача қилиб айтганда, нажотни қўлдан бой беради, ҳаддан ошган деган номга ҳақли бўлади ва маломатга қолади. Шаҳват аламига сабр қилиш, хуморини ютиш оятда қайд этилган уқубатларнинг ҳар биридан кўра енгилроқдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло инсон зоти бесабр қилиб яратилгани, на кенгчиликка ва на қийинчиликка сабр қилиши, бошига бирон ёмонлик (камбағаллик, кулфат) тушгудек бўлса, ўта бесабр бўлиши, бирон яхшилик (бойлик, саломатлик) етгудек бўлса, ўта бахил бўлиб қолишини айтиб, инсон зотини маломат қилади. Сўнг Аллоҳ сақлаган айрим бандалар бундан мустасно эканини айтади. Қуйидаги сифатга эга зотлар шулар жумласидан: “Улар авратларини (ҳаромдан) сақлайдиган зотлардир. Ўз жуфт-ҳалоллари ва қўлларидаги чўрилари бундан мустаснодир. Улар (жуфт-ҳалолларига ёки чўриларига яқинлик қилганлар) маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариатда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир” (Маориж, 29-31).

Аллоҳ таоло Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламга мўминларни кўзларини ҳаромдан тийишга, авратларини ҳаромдан сақлашга буюришга ва Аллоҳ таоло уларнинг барча амалларини кўриб тургани, барчасидан хабардор эканини билдириб қўйишга амр этди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур” (Ғофир, 19). Зино ҳаромга қарашдан бошлангани боис кўзни тийишни авратни ҳаромдан сақлашдан олдин зикр қилди. Зеро, катта алангалар кичик учқунлардан бошланганидек, зино ҳам қарашдан бошланади. Дастлаб бир қарашдан бошланган иш ҳаял ўтмай ўй-хаёлга айланади, сўнг гуноҳ сари қадам босилади, сўнг гуноҳга қўл урилади.

“Ким қуйидаги тўрт нарсани сақласа, динини сақлаб қолади: қараш, ўй, сўз ва қадам босиш”, деб бежиз айтилмаган. Шундай экан, банда ушбу тўрт «дарвоза» олдида ўзига ўзи посбонлик қилиши, уларни эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Зеро, душман унинг «қалъаси»га ўша ерлардан кириб келади. «Қалъа»га киргудек бўлса, унинг ичида изғиб, йўлида учраган нарсани вайрон этади!

Изоҳ қолдиринг