Пайғамбар ва солиҳлар қабрлари балони даф қилмайди ва душманларга қарши ёрдам бермайди (2)

0

Қолаверса, тарих уларнинг бу даъволарини ёлғонга чиқаради. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Одам фарзандларининг саййиди эдилар. У зот Мадинада қабрларида ётар эканлар, «Ҳарра» воқеаси содир бўлди. Бу воқеа ортидан Мадина аҳли бошига тушган қатлиом, талончилик ва қўрқувлар кўлами Аллоҳгагина аён. Мадина аҳли хулафои рошидинлардан кейин қўл урган қилмишлари сабабли бу ишларни ўзларига тилаб олдилар. Рошид халифалар даврида уларнинг иймонлари ва тақволари сабабли Аллоҳ улардан балою офатларни четлатиб турар, халифалар ҳам халқни иймон ва тақвога чақирар эдилар. Халқ халифаларга бўйсуниши ҳамда халифаларнинг халққа нисбатан қилаётган ишлари баракасидан Аллоҳ уларга ғалаба ва мадад берар эди. Шунингдек, Иброҳим Халил алайҳиссалом Шом ерларида дафн этилганига қарамай насронийлар бу диёрни юз йилга яқин эгаллаб турди ва халқ кўп оғир кунларни бошидан кечирди. Демак, тириклар Аллоҳга исён қилишда давом этишига қарамай маййит улардан балони даф қилаверади деб ўйлаган кимса қаттиқ адашган кимсадир.

Шунингдек, Аллоҳ ва Расулининг тоатидан четга чиққан ва бандани Аллоҳга шерик қилган кимсага ўша шерик қилинган шахснинг баракаси етиб туради деб ўйлаган одам ҳам аниқ адашгандир. Масалан, Аллоҳ ва Расулига итоат қилмасам-да, Аллоҳдан ўзгага қилган саждам барака келтиради ёки қабрнинг тупроғини ўпишим каби ишлар бахт-саодат олиб келади деб ўйлаш адашишдир. Шунингдек, қабрда ётган шахсга шунчаки муҳаббат қўйишим ва ўзимни унга нисбат беришим туфайли у мени шафоат қилади ва жаннатга олиб киради, деб ўйлаш ҳам шулар жумласидан. Бу каби ишлар Китоб ва суннатга очиқ тескари бўлган ишлардир. Булар ширк ва бидъат аҳлининг ишларидир. Бундай эътиқод қилиш ва Аллоҳдан ўзгага суяниш асоссиз ва ножоиз ишлардандир»[1].

Яна бир мисол: «Ҳижрий 251 йил Исмоил ибн Юсуф ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб Маккани босиб олди. Макка волийси қочиб кетди. Исмоил волийнинг ва султонга яқин кишиларнинг уйларини талон-торож қилди, Макка қўшини ва унинг аҳли бўлган бир гуруҳ одамларни қатл этди. (Замзам) булоғини таъмирлаш учун олиб келинган молларни ҳам олди. Каъба ва унинг хазинасидаги олтин, кумуш ва бошқа бойликларни ўмарди. Каъбапўшни ҳам ечиб олди. Одамлардан икки юз минг динорга яқин пул ундирди.

Шаҳарни талон-торож қилганидан ва айрим жойларни ёқиб кул қилганидан эллик кун ўтиб рабеул аввал ойида Маккадан чиқиб, Мадина томон йўл олди. Бундан хабар топган Мадина волийси  яширинди.

Сўнг ражаб ойида Исмоил яна Маккага қайтиб келди ва шаҳарни қамалга олди, ҳатто Макка аҳли очлик ва чанқоқдан ўлар ҳолатга келди. Ноннинг уч увқияси (85 грамм) бир дирҳам, бир ратл (382 грамм) гўшт тўрт дирҳам ва бир қултум сув уч дирҳамга етди. Исмоил Макка аҳли бошига турли балоларни солди.

Маккада эллик етти кун турганидан сўнг Исмоил Жиддага йўл олди. У ерда одамларни овқатсиз қолдирди, кема эгалари ва тижоратчиларнинг пулларини тортиб олди.

Кейин Исмоил Арафотга келди. У ерда «Каъбул бақар» лақабли Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исо ибн Мансур ва Макка қўшини қўмондони Исо ибн Муҳаммад ал-Махзумий бор эди. Уларни у ерга Халифа Муътаз юборган эди. Исмоил иккаласига қарши урушди, ҳожилардан бир минг юз нафар атрофида қатл этди ва одамларни тунади. Одамлар Маккага қочишди, Арафотда на кечаси ва на кундузи тура одилар. У ерда фақат Исмоил ва унинг шериклари қолди»[2]. «Аллоҳ улардан на фарз ва на нафл ибодатларини қабул қилсин!»[3]

Ибн Ҳазм айтади: «Исмоилнинг бола-чақаси йўқ эди. У Мадина аҳли очликдан ўлгунича Мадинани қамал қилиб турган, ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларида намоз ўқийдиган одам қолмаган эди.

Ҳижрий 251 йили Муътаз билан Мустаин ўртасида уруш бўлиб турган пайтда Исмоил сувчечак касаллигидан ўлди. Бу жанг рабеул аввал ойида бошланган эди. 252 йил охирида Ҳижозда сувчечак касаллигидан ўлди. Ўшанда ёши йигирма иккида эди»[4].

Эътироз: Шурайҳ ибн Убайддан ривоят қилинади: «Ироқда Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ҳузурида Шом аҳли тилга олинди. Шунда одамлар: “Эй амирулмўминин, уларни лаънатланг”, дейишди. Али разияллоҳу анҳу деди: “Йўқ. Чунки мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Абдоллар Шомда бўлади. Улар қирқ кишидир. Қачон улардан бир киши ўлса, Аллоҳ унинг ўрнига бошқасини чиқаради. Улар сабабли ёмғир ёғади, душманларга ғолиб бўлинади. Улар сабабли Шом аҳлидан азоб узоқ қилинади», деганларини эшитганман”». Имом Аҳмад ривояти[5].

Жавоб: Бу ҳадис Имом Ибн Таймия айтганидек, «Санади узуқ, саҳиҳлиги исботланмаган ҳадисдир»[6].

«Абдоллар, ақтоблар, ағвослар, нуқаболар, нужаболар ва автодлар ҳақидаги ҳадисларнинг барчаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга асоссиз равишда нисбат берилган ҳадислардир»[7].

«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг тақводор валий бандалари кўпаяди ва камаяди. Бу ҳолат иймон ва тақвонинг кўпайиши ва камайишига қараб бўлади. Исломнинг аввалида улар қирқ нафардан кам эдилар, Ислом ёйилганидан сўнг ададлари ҳам кўпайди»[8].

«Мабодо ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам бу билан уларнинг дуолари қасд қилинган бўлади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “Сизларга фақат заифларингиз сабабли мадад ва ризқ берилади[9]»[10].

[1] Шайхулислом Ибн Таймия, «Мажмуъ ал-фатово», 11/114-115-бетлар.
[2] Муҳаммад ал-Жосир, «Ҳадис ал-кутуб: фусул мин тарих ал-Мадина», 258-259-бетлар. «Ал-араб» журнали, учинчи жилд, учинчи йил, рамазон, 1388 ҳ.й.
[3] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 14/487.
[4] Абу Муҳаммад Али ибн Ҳазм (вафоти: 456 ҳ.), «Жамҳарат ансоб ал-араб», 1/46. Муҳаққиқ: Абдуссалом ибн Муҳаммад Ҳорун (вафоти: 1408 ҳ.) «Дор ал-маориф» нашриёти, бешинчи нашр, нашр йили кўрсатилмаган.
[5] «Муснад», 2/231, 896-ҳадис.
[6] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ, «Ал-фурқон байна авлиё ар-Раҳмон ва авлиё аш-шайтон», 72-бет. Муҳаққиқ: Абдураҳмон Яҳё. «Дор тувайқ» нашриёти, биринчи нашр, 1414 ҳ.й.
[7] Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ, «Ал-манор ал-муниф фис-саҳиҳи ваз-заиф», 132-бет. Муҳаққиқ: Яҳё Сумолий. «Олам ал-фавоид» нашриёти, биринчи нашр, 1428 ҳ.й.
[8] Шайхулислом Ибн Таймия, «Мажмуъ ал-фатово», 27/498.
[9] Бухорий ривояти, 2896-ҳадис.
[10] Шайхимиз Абдураҳмон ал-Баррок фойдаларидан.
Қаранг: Доктор Аҳмад Маккий, «Ан-нусра биз-зуафо саҳмун ла юнса ва ваъдун ла яхиб». «Ал-баён» журнали, 26-28-бетлар. 317-сон, 1434 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг