Дард ва даво (105): Ўй-хаёл

0

Бўлим

Ўй-хаёлга келсак, унинг иши янада қийинроқ. Чунки у яхшилик ва ёмонликнинг боши саналиб, хоҳиш-истак, интилиш, азму қарор ундан пайдо бўлади. Ким ўй-хаёлини назорат қилса, ўзини жиловлай олади ва ҳавойи нафсини бошқара олади. Кимнинг ўй-хаёли ўзидан устун келса, ҳавойи нафси уни енгади. Ким ўй-хаёлларига эрк берса, ўй-хаёллари уни истар-истамас ҳалокатга етаклайди.

Ўй-хаёллар қалбга қайта-қайта келаверишидан улар ботил (пуч) орзуларга айланади. Аллоҳ таоло айтади: «Кофир кимсаларнинг амаллари текис ердаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлайди. Олдига етиб боргач, сув эмаслигини билади. Кофир ҳам қилган амаллари ўзига фойда беради деб ўйлайди. Бироқ қиёмат куни бу амалларига ҳеч қандай ажру савоб топмайди ва Аллоҳ уни ҳисоб учун кутиб турганини топади. Аллоҳ унга амалларининг жазосини тўла-тўкис қилиб беради. Аллоҳ тез ҳисоб қилувчи зотдир» (Нур, 39).

Энг ҳимматсиз, энг ҳақир инсон ҳақиқат ўрнига пуч орзуларга рози бўлган, ботил орзуларга берилган инсондир. Аллоҳга қасамки, пуч орзулар касодга учраганларнинг сармояси, бекорчи ва ялқовлар тижоратидир. Пуч орзулар маҳбубнинг васлига етиш ўрнига ўткинчи хаёлга, ҳақиқат ўрнига ёлғон орзуларга қаноат қилган ҳимматсиз инсонлар озуқасидир.

Пуч орзу инсонга энг зарарли нарса бўлиб, ожизлик ва ялқовликдан пайдо бўлади, унга сусткашлик, ҳасрат ва надомат келтиради. Орзуларга берилган хаёлпараст одам ҳис аъзолари ила реал ҳаётда яшаш қўлидан келмагач, ўзи истаган ҳақиқат суратини хаёлида чизади ва уни қучоқлаб, бағрига босади. Натижада сохта хаёлий суратни қўлга киритгани билан қаноат қилиб қолади. У бамисоли қорни қаттиқ очган ва чанқаган, сўнг таом ва ичимликлар суратини хаёлан чизиб, ўша хаёлий суратни еб-ичган инсонга ўхшайди. Шундай ҳолатга рози бўлиш ва ундан лаззатланиш унинг ҳақир ва тубан инсон эканини кўрсатади.

Инсон нафсининг шарафи, поклиги, тозалиги ва олийжаноблиги хаёлидан ҳар қандай пуч орзу-ҳавасларни чиқариш, уларни хаёлга ҳам келтирмаслик, улардан ҳазар қилиш билангина амалга ошади.

Ўй-хаёллар бир неча турлардан иборат бўлиб, уларнинг барчаси қуйидаги тўрт асосга бориб тақалади:

  • Дунёвий фойдаларни жалб қилишга ундайдиган ўй-хаёллар;

  • Дунёвий зарарларни даф қилишга ундайдиган ўй-хаёллар;

  • Охиратга тегишли фойдаларни жалб қилишга ундайдиган ўй-хаёллар;

  • Охиратга тегишли зарарларни даф қилишга ундайдиган ўй-хаёллар.

Инсон ўй-хаёли ва ғам-ташвишини мана шу тўрт қисмга чеклаши керак. Агар ўй-хаёллар шу қисмларга чекланса, улардан қай бирини амалга оширишга имконият бўлса, бошқасига қарамай шуни амалга оширсин. Борди-ю, қувонч ва ташвишлар кўпайгани сабабли ўй-хаёллар ҳам кўпайиб кетган қолса, муҳимроқ ва қўлдан бой бериш хавфи кўпроқ бўлганини унчалик муҳим бўлмаган ва қўлдан бой бериш хавфи бўлмаганидан олдинга қўйсин.

Яна икки қисм қолди: биринчиси қўлдан бой бериш хавфи йўқ, лекин муҳим бўлган ўй-хаёллар. Иккинчиси муҳим эмас, лекин амалга оширилмаса қўлдан бой бериладиган ўй-хаёллар. Уларнинг ҳар бирида бирини иккинчисидан устун қўйишга ундайдиган сабаблар бор. Мана шу ўринда инсон иккиланиб, ҳайратга тушиб қолади. Муҳим бўлганини устун қўяй деса, ундан қуйи даражадагисини қўлдан бой беришдан қўрқади. Борди-ю, даражаси қуйироғини устун қўяй деса, муҳимроғини ўрнига унча муҳим бўлмагани билан машғул бўлиб қолади.

Шунингдек, гоҳида ҳар иккисини амалга ошириш имкони бўлмаган икки хил ўй келиб қолади. Бирини амалга оширса, иккинчисини қўлдан бой беради. Бу ўринда инсон ақли, фаросати ва билимини ишга солиши керак бўлади. Мана шу жойда мартабаси кўтариладиган одамнинг мартабаси кўтарилади, нажот топадиган нажот топади ва зиён кўрадиган зиён кўради. Ўз ақли ва билимига ишонган одамларнинг кўпчилиги муҳим эмас ва қўлдан бой бериш хавфи бўлмаган ўйини муҳим ва қўлдан бой бериш хавфи бўлган ўйидан устун қўяди. Бундан ҳеч ким саломат қолмайди. Лекин баъзиларда кўп учраса, баъзиларда оз учрайди.

Бу масалада қуйидаги буюк қоидани ҳакам қилиш лозимки, бу қоида шариат ва қадарнинг асоси, бандаларни яратиш ва уларга шариат жорий қилишдан кўзланган мақсад ҳисобланади. Ушбу қоида икки манфаат тўқнаш келганда, гарчи манфаати озроғини қўлдан бой бериб бўлса-да, уларнинг каттароғи ва улуғроғини танлаш, шунингдек, иккита зарар йиғилиб қолганида уларнинг каттароғини кетказиш учун кичикроқ зарарга қўл уришдан иборатдир. Шу тариқа каттароқ манфаатга эришиш мақсадида кичикроқ манфаат қўлдан бой берилади, каттароқ зарарни кетказиш мақсадида кичикроқ бўлган зарарга қўл урилади. Ақлли инсоннинг ўй-хаёли ва фикри бундан нарига ўтмайди. Барча шариатлар мана шу нарсага чақирган, дунё ва охират манфаатлари мана шу қоида устига қурилгандир.

Изоҳ қолдиринг