Чақалоққа оид ҳукмлар (48): Ҳаром ва макруҳ исмлар (7)

0

Имом Молик «Муватто»да Яҳё ибн Саиддан ривоят қилган қуйидаги асар ҳақида тафаккур қилинг: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир кишидан: “Исминг нима?” деб сўради. У: “Жамра” (чўғ), деб жавоб берди. Шунда у киши: “Кимнинг ўғлисан?” деди. “Шиҳобнинг” (олов), деди. Умар: “Қайси қабиладансан?” деб сўради. “Ҳурақадан” (куйган), деди. “Қаерда яшайсан?” деганида, “Олов ҳаррасида” (вулқондан ҳосил бўлган тошлоқ жойда), дейди. Қайси бириданлигини сўраганида: “Зоти лазодан” (алангалисидан), дейди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Сен тезда уйингга қайтиб бор, улар куйиб кетишди”, дейди. Чиндан ҳам уйига борса, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтганидек бўлган эди». Бу Моликнинг ривояти эди[1].

Шаъбий ривоятида бундай дейилади: «Жуҳайналик бир киши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳузурига келди. Умар: “Исминг нима?” деб сўради. У: “Шиҳоб”, деди. “Кимнинг ўғлисан?” деган эди, “Зиромнинг” (аланга), деди. “Кимлардансан?” деган эди, “Ҳурақадан”, деди. “Қаерда яшайсан?” деб сўради. У: “Олов ҳаррасида”, деди. “Қайси бирида?” деган эди, “Зоти лазода”, деди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Уйингга, аҳли оиланг ёнига бор. Дарҳақиқат, уларни куйдириб юбординг”, деди. Киши қайтиб келган эди, уларнинг аксари ёниб кетган ҳолда топди»[2].

Бу ривоятни англаш айримларга муаммо туғдирди. Бу ерда ҳеч қандай англашилмовчилик йўқ, Аллоҳга ҳамд бўлсин. Чунки сабабларни яратган Зот ривоятда келтирилган ўхшашликни мазкур натижани юзага келтирадиган, уларнинг ана шундай кўринишда жамланишини шу натижани келтириб чиқарадиган қилиб қўйди. Сабаблар натижани келтириб чиқаришини эса ҳақдан бошқасини гапирмайдиган, фаришта унинг тилидан сўзлайдиган киши уни айтгунига қадар кечиктириб турди. Айни шу пайтга келиб, барча сабаблар жамланди ва тамомига етди, оқибатда натижани юзага келтирди. Бу бобда яхши тушунчага эга бўлган фаросатли киши бундан чексиз фойда олади. Зеро, бало тилга боғлангандир.

Абу Умар айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бало сўзга боғлангандир”, деганлар»[3].

Сўз ортидан келган балога ҳаётдан умидини узган қария воқеаси мисол бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни зиёрат қилиш учун борганларида иситмалаб ётганини кўрдилар ва: «Ҳечқиси йўқ, иншооллоҳ (гуноҳлардан) покланиш бўлади», дедилар. Қария: «Йўқ, аксинча, қари чолнинг устига тўкилиб, уни гўрга тиқадиган иситма бу», деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, хўп (шундай бўлақолсин)», дедилар[4].

Бу бобга тааллуқли кўп ибратли воқеаларни ўзимизда ва бошқаларда кўрдик. Биз кўрганлар аслида денгиздан томчи, холос. Шоир Муаммил айтганидек:

Ўшал кун Муаммилни бир қараш адо қилди,
Муаммил кўзсиз ҳолда яралса қани эди!

Орадан ҳеч қанча ўтмай у кўр бўлиб қолди.

«Жомеъ Ибн Ваҳб»да айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир болани олиб келишди. У зот: «Бунга нима деб исм қўйдинглар?» деб сўрадилар. Улар: «Соиб» (дайди), дейишди. У зот: «Йўқ, Соиб эмас, Абдуллоҳ деб исм қўйинглар», дедилар. Ровий айтади: «Улар ўзлари қўйган исмда туриб олишди, ҳатто у (исм эгаси) ақлдан озмагунча ўлмади»[5].

[1] Тахрижи аввалроқ ўтди.
[2] Муаллифнинг «Мифтоҳу дор ас-саодат» китобига (2/236) мурожаат қилинг. У ерда асарни Мужолид Шаъбийдан ривоят қилади, дея келтирган.
[3] Ибн Абдулбар «Истизкор»да (10/272), Хатиб Бағдодий «Тарих»да (7/389) бундан узунроқ кўринишда, Қузоий «Муснади Шиҳоб»да (216-рақам), Байҳақий «Шуаб ал-иймон»да (9/222), Абу Шайх «Амсол»да (32-бет, 50-рақам) ва Ибн Адий «Комил»да (6/2212) ривоят қилган. Шунингдек, ҳадисни Ибн Абу Шайба (6/116; «Дор ал-қибла» нашрида эса: 13/130) мавқуф (саҳобийнинг сўзи) кўринишда Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган. Ҳадисни Ибн Жавзий «Мавзуот»да (3/498, 1373-рақам) келтирган ва: «Бу ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўл билан ривоят қилинмаган», деган, кейин Ибн Маиннинг ҳадис санадида ёлғончи ровий бор, деган гапини келтирган. Суютий «Лаолий»да (2/294) Ибн Жавзийнинг бу гапини тасдиқлаган.
Шунингдек, Доктор Халдун ал-Аҳдабнинг «Завоиди тарихи Бағдод» китобига (6/59-64-бетлар) мурожаат қилинг.
[4] Бухорий ривояти, 10/121 ва бошқа ўринлар.
[5] Абдуллоҳ ибн Ваҳб «Ал-жомеъ фил-ҳадис» китобида (1/93, 49-ҳадис) ривоят қилган. Китоб муҳаққиқи: «Ҳадис заиф, чунки у Ибн Абу Ҳубайбдан мурсал кўринишда ривоят қилинган», деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг