Бош кийим ва қўлқоплар билан сажда қилишнинг ҳукми

0

Савол:

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, сўрамоқчи бўлганим шуки, намозда сочни қошигача туширган ёки шапкаси қошигача тушган ҳолда намоз ўқиса зарари йўқми? Саволдаги камчиликлар учун узр, олдиндан раҳмат!

(Савол матни ўзгартиришсиз келтирилди)

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Намоз ўқувчи киши узрлик ҳолатда бўлмаса, икки қўли ва пешонаси ерга бевосита тегиб туриши афзал эканига барча уламолар иттифоқ қилишган.

Уламолар намозхоннинг саждада қўл ва пешонасини бевосита ерга тегизиши вожиб ёки вожиб эмаслигида ихтилоф қилишган. Имом Шофеий бу ишни вожиб деган бўлсалар, имом Молик, Абу Ҳанифа, Авзоий, Исхоқ ибн Роҳавайҳ ҳамда Аҳмад ибн Ҳанбал каби жумҳур уламолар эса вожиб эмас, балки мустаҳаб дейишган.

“Таҳзиб” китобининг муаллифи: “Аксар уламолар шу фикрни қўллаб-қувватлашган” – деган. Улар бу ишнинг вожиб эмас, балки мустаҳаб эканига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилишган: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жуда иссиқ пайтларда ҳам намоз ўқир эдик. Агар биронтамиз пешонасини ерга тегиза олмаса, кийимини ёзиб, унга сажда қилар эди” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлари ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмғирли кунда кўрдим. У киши сажда қилганларида кийимларини икки қўлларининг остига қўйиб лойдан сақланар эдилар” (Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”да ривоят қилган).

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари қўлларини енгларининг ичига киргизиб сажда қилишар, баъзилари салласининг бир четига сажда қилар эди” (Байҳақий ривояти).

Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар пешонани ерга тўғридан тўғри тегиб туриши афзал эканига ижмо қилишган” (“Мажмуъ” китоби, 3/397-400).

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Намоз ўқувчининг бу аъзоларидан биронтаси ерга бевосита тегиши вожиб эмас.

Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Агар салланинг бир четига, енгига ёхуд осилиб турган сочга сажда қилса намози саҳиҳ бўлади”. Имом Молик ва Абу Ҳанифанинг (Аллоҳ таоло барчаларини ўз раҳматига олсин) мазҳабларида ҳам шундай.

Ато, Товус, Нахаий, Шаъбий, Авзоий, Молик, Исҳоқ ва Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг асҳоблари (Аллоҳ таоло ҳаммаларини ўз раҳматига олсин) иссиқ ва совуқ пайтларда кийимга сажда қилишга рухсат беришган.

Ҳасан, Макҳул ва Абдураҳмон ибн Язид (роҳимаҳумуллоҳ) фақат салланинг четига сажда қилишга рухсат беришган. Шурайҳ бурнус, яъни қалпоқли яктагига сажда қилган” (“Муғний” китоби, 1-жилд, 305-бет).

Хулоса

Юқорида келтирилган Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадиси намозда пешона саждагоҳга бевосита тегиши афзал, ернинг иссиқ ёки совуқлиги сабабли инсон устидаги кийими ёки салласига сажда қилиши жоиз ва бунинг ҳеч қандай зарари йўқ эканига далил бўлади. Бироқ шундай бўлса-да, сажда пайтида бурнини ерга тегизишга аҳамият бериши керак. Чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Етти аъзо: пешона (Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шу жойга келганда қўли билан бурнига ишора қилди), икки кафт, икки тизза ва икки оёқ учи билан сажда қилишга буюрилдим” (Муттафақун алайҳ), валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг