Қуръонни тафаккур қилиш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Бугунги кунда кўпчилик кишилар Қуръон ўқийдилар-у, лекин ундан таъсирланувчилар жуда ҳам камчиликни ташкил қилади. Аксар мусулмонлар Қуръон ўқиб, ундан ўзига керакли сабоқ ололмаётганидан шикоят қилишади.

Қуръон тиловатидан кўзда тутилган манфаатлар рўёбга чиқиши учун аввало қалбингиз-хаёлингизни фақат унга қаратишингиз, бошқа нарсаларга чалғимаслигингиз, бу оятларни сизга ким айтаётганини ва ким орқали етказилганини эслашингиз керак бўлади. Бу оддий бир китоб эмас, балки осмонлару ерни яратган Зот бандаларининг ҳидояти учун нозил қилган китобдир. Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 37-оятида шундай дейди: “Албатта бу (китоб)да қалби-ақли бор кишиларга ёки уйғоқ ҳолда қулоқ солганларга эслатмалар бордир”.

Бир нарса бошқа бир нарсага ўз таъсирини ўтказиши учун баъзи омиллар керак бўлади. Бу омиллар қуйидагичадир:

  • Таъсир қилувчи омил;

  • Уни қабул қилувчи ўрин;

  • Таъсир қилиши учун керакли бўлган талабларнинг бўлиши;

  • Таъсир қилишига тўсқинлик қиладиган тўсиқлар бўлмаслиги.

Юқоридаги оятда бу тўрталаси қисқа ва лўнда қилиб айтиб ўтилган. Масалан, “Албатта бу (китоб)да…” деганда таъсир қилувчи омил назарда тутилган. Зеро, Қуръон ҳидоят учун нозил қилингани ва қалбларга қайтадан ҳаёт бахш этишида шак-шубҳа йўқ. “Қалби-ақли бор” деганда, юқоридаги омилни қабул қилувчи ўрин назарда тутилган. Чунки инсонда қалб бўлмаса ва ақлини ишлатмаса бу оятлар унга заррача ҳам таъсир қилмайди. “Қулоқ солганларга” деганда шу омил таъсир қилиши учун керакли бўлган талаб айтилмоқда. “Уйғоқ ҳолда” деганда эса, шу омил таъсир қилиши учун тўсқинлик қиладиган воситаларнинг йўқлиги айтилди, яъни бу омил таъсир қилиши учун қалб ғафлатда бўлмаслиги керак. Демак, Қуръон қалбга таъсир қилиши учун қулоқ солиш талаб қилинади. Шунда ҳам, агар қалбни ғафлат босган бўлса, у ҳолда Қуръон бу қалбга таъсир қилмайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: агар Қуръон таъсир қилиши учун соғлом қалб ва ақлнинг бўлиши ҳамда ғафлат босмаган ҳолда қулоқ солиш талаб қилинган бўлса, унда нима учун бу оятда “ва” ёки “ҳамда” дейилмай, аксинча, “ёки” дейилган?

Бу жуда ҳам ўринли савол бўлиб, бу саволнинг жавоби қуйидагича: одамлар икки хил бўлади. Биринчи хилдаги одамлар қалби уйғоқ бўлади. Бундай кишилар қалбига қулоқ солса, қалби уни фитратга, яъни ҳақ сари чорлайди. Бундай инсонлар Қуръон оятларини эшитишлари билан фитрат ҳидоятига Қуръон ҳидояти қўшилиб, нур устига аъло нур бўлади. Қуръони Каримда бу кишилар ҳақида шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад), илм ато этилган кишилар сизга Раббингиз тарафидан нозил қилинган китобнинг ҳақ эканини ва у китоб Қудратли, Ҳамид (яъни ҳамду санога лойиқ) зотнинг йўлига ҳидоят қилишини биладилар” (Сабаъ, 6).

Баъзи инсонлар эса ўта ақлли бўлмаганлари сабабли Қуръон оятларини эшитиб, ҳидоят топа олишлари учун Қуръонга қулоқ солишлари ва қалблари уйғоқ бўлиши керак. Ана шунда улар бу ҳақ эканини билишади.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон ўқиб, ундаги ҳаққа эргашувчилардан қилсин! Қуръон ўқишни буткул ташлаб қўйган ёки ҳарфларининг махражи ва тиловатига эътибор бериб,  маъносига эса беэътибор бўлиб қолишдан Ўзи сақласин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг