Усмон розияллоҳу анҳу: Бошига тушган синовлари ва Ҳабашистонга ҳижрат қилиши

0

Ҳақда турган ҳар бир шахс, жамоат, халқ ва давлатлар имтиҳон қилиниши, синовдан ўтиши Аллоҳ таолонинг ўзгармас суннатларидан бири экан. Саҳобалар ҳам худди шундай оғир синовларни бошларидан кечиришди. Уларнинг бошларига тушган бу синовларга тоғлар ҳам бардош бера олмас эди. Улар Аллоҳ йўлида бор мол-мулкларини, ҳатто жонларини ҳам фидо қилдилар. Саҳобаларга берилган бу синовлар ёшу қари, бою камбағал ўртасини ажратмади.

Усмон розияллоҳу анҳу ҳам қаттиқ синовларни бошидан кечирди. Амакиси Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя уни итни боғлагандек арқон билан боғлаб қўяр ва: “Ота-боболаринг динини ташлаб, шу янги динга ўтиб олдингми?! Аллоҳга қасам, токи бу диндан қайтмагунингча мен сени қўйиб юбормайман” – дер эди. Усмон розияллоҳу анҳу амакисининг бу қийноқларига сабр қилди ва динидан воз кечмади. Амакиси унинг қатъиятини кўргач қўйиб юборди[1].

Мушриклар тарафидан мусулмонларга азоб бериш тобора ривожланиб борар эди. Ҳатто Аммор розияллоҳу анҳунинг дадаси Ёсир ва онаси Сумайя (розияллоҳу анҳумо) исломни қабул қилганлари учун ваҳшийларча қатл қилинишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воқеаларни кўриб қаттиқ қийналар, мусулмонлар қаерга кетишини ўйлаб ўйига етмас эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига Ҳабашистонга ҳижрат қилиш фикрини солди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга: “Ҳабашистонга ҳижрат қилинглар. У ернинг подшоҳи ҳеч кимга зулм қилишга йўл қўймайди” – дедилар[2]. Шундай қилиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилиш бошланди. Мусулмонлар Маккадан бирма-бир яшириниб чиқиб Қизил денгиз соҳилига етиб олдилар. Улар Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни ўзларига амир қилиб тайинлашди. Соҳилда икки кема бор эди. Мусулмонлар кема эгалари билан гаплашиб, Ҳабашистонгача ҳар бир мусулмон ярим дирҳамдан беришига келишишди. Бундан хабар топган Қурайшликлар мусулмонларнинг ортидан чиқишди. Улар соҳилга етиб келишганида мусулмонлар аллақачон кемага миниб кетишган эди[3]. Ҳабашистонга йўл олган муҳожирлар ичида Усмон ибн Аффон ва хотини Руқайя ҳам бор эди. Муҳожирлар ваҳийнинг бешинчи йили ражаб ойида Ҳабашистонга етиб олдилар. Муҳожирлар у ерда тинч-хотиржам, Аллоҳ таоло буюрганидек ибодат қилар эдилар. Аллоҳ таоло у ерга ҳижрат қилган муҳожирлар ҳақида шундай деган: “Зулму ситам кўрганларидан кейин Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда гўзал ерларга жойлаштирурмиз. Охиратдаги (уларга бериладиган) ажру мукофотлар эса янада улуғдир. Кошки одамлар буни билсалар эди!” (Наҳл: 41).

Усмон розияллоҳу анҳу умматимиздаги оиласи билан ҳижрат қилган биринчи мусулмон бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларга (яъни Усмон ва хотинига) Аллоҳ ҳамроҳ бўлсин! У Лут алайҳиссаломдан кейинги оиласи билан ҳижрат қилган биринчи кишидир” – деганлар.

Ҳабашистонда Маккаликлар мусулмон бўлишибди, деган хабар тарқалганидан кейин баъзи муҳожирлар қайтиб келишди. Улар Макка яқинига келишганида не кўз билан кўрсинларки, бу хабар ёлғон экан.  Уларнинг ичида Усмон ва хотини Руқайя (розияллоҳу анҳумо) ҳам бор эди. Шундан кейин Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан айрилмади. Мадинага ҳижрат қилишга рухсат берилганидан кейин у ҳам Мадинага ҳижрат қилди.

[1] “Шаҳид Усмоннинг қатл қилинишининг баёни” китоби, 22-бет.

[2] Ибн Ҳишомнинг “Сийрати набавийя” китоби, 1-жилд, 413-бет.

[3] Табарий роҳимаҳуллоҳнинг тарих китоби, 2-жилд, 69-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг