Чақалоққа оид ҳукмлар (49): Ҳаром ва макруҳ исмлар (8)

0

Тилни тийиш ва муносиб исмларни танлаш Аллоҳнинг бандага берган муваффақиятидандир.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли орзу қилишга буюриб, «Бирортангиз унга орзуларидан нима битилганини билмайди»[1], яъни унга нима тақдир қилинганини билмайди, деганлар. Демак, инсоннинг орзуси ўша орзу қилган нарсасининг тўла ёки қисман амалга ошишига сабаб бўлар экан. Бир нарсани орзу қилиб, кейин ўша орзуси амалга ошган одамлар ҳақида эшитган бўлсангиз ажаб эмас.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ушбу байтни кўп такрорлар эди:

Тилга бўл огоҳ, тағин бўлма балога мубтало,

Зеро, тилингга боғлиқдир ҳар касофат, ҳар бало[2].

Ҳусайн шериклари билан Карбалога қадам қўйганида бу жой номи ҳақида сўради, унга «Карбало» деб жавоб беришди. Шунда у: «Карб (қайғу) ва бало экан-да», деди[3].

Ҳалима Саъдия Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизишни сўраб Абдулмутталибнинг олдига келганида Абдулмутталиб ундан: «Сен кимсан?» деб сўради. У: «Бани Саъд қабиласидан бўлган бир аёлман», деди. Абдулмутталиб: «Исминг нима?» деб сўраган эди, «Ҳалима», деб жавоб берди. Шунда Абдулмутталиб бундай деди: «Офарин! Саъд (бахтиёрлик) ва ҳилм! Бу икки хислатда умрбод беҳожатлик мужассам»[4].

Сулаймон ибн Арқам Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳдан, у Ибн Аббосдан ривоят қилишича, Рум подшоҳи Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи юборади ва унга: «Қаерда ўтиришига, ёнида ким ўтиришига ва икки кураклари орасига разм сол», деб тайинлайди.

Элчи келиб қараса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тепаликда икки оёқларини сувга солганча ўтирган бўладилар. Ўнг тарафларида Абу Бакр разияллоҳу анҳу бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам элчини кўрганларида унга: «Ортимга ўтиб, сенга буюрилган нарсага қара», дейдилар. Элчи пайғамбарлик муҳрини кўради, кейин хўжайини олдига қайтиб, унга бор гапни айтиб беради. Шунда подшоҳ: «Унинг дини олий бўлади ва икки оёғим остидаги мулкка эга чиқади», дейди, тепаликни олийликка, сувни эса ҳаётга йўяди[5].

Авона ибн Ҳакам айтади: «Ибн Зубайр одамларни ўзига байъат беришга чақирганида Абдуллоҳ ибн Мутиъ туриб, унга байъат бермоқчи бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр унинг қўлидан тутиб, Убайдуллоҳ ибн Али ибн Абу Толибга: “Тур, байъат бер”, деди. Шунда Убайдуллоҳ: “Тур, эй Мусъаб, унга байъат бер”, деди. У туриб, байъат берди. Одамлар: “Убайдуллоҳ Ибн Мутиъга байъат беришдан бош тортди, Мусъаб эса байъат қилди. Энди халифалик ишида машаққатга учрайди”, дейишди». («Мутиъ» – муте, итоаткор, «мусъаб» қийинчилик маъносида.)

Салама ибн Муҳориб айтади: «Ҳажжож «Қурра» (маъноси: салқин, хурсандчилик) деган жойга, Абдураҳмон ибн Ашъас эса «Жаможим» (маъноси: бош чаноқлари) деган жойга келиб тушди. Шунда Ҳажжож: “Иш менинг қўлимда қарор топди, унинг иши эса «жамжама» бўлди (яъни ҳалоката юз тутди). Энди уни аниқ ўлдираман”, деди»[6].

Аслида бу боб узун ва кони фойда бўлган бобдир. Биз унга қисқача тўхталиб ўтдик, холос. Мақсадимиз фақат макруҳ ва маҳбуб исмларни зикр этишдир.

[1] Имом Аҳмад Абу Ҳурайрадан (2/357; «Ар-рисола» нашрида: 14/317) қуйидаги лафз билан ривоят қилган: «Бирортангиз орзу қилса, нима орзу қилаётганига эътибор берсин, чунки унга орзусидан нима ёзилганини билмайди». Шунингдек, ҳадисни Таёлисий (2341) ривоят қилган, Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да (794) келтирган. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (10/151) бундай деган: «Ҳадисни Аҳмад ва Абу Яъло ривоят қилган. Аҳмаднинг санадидаги ровийлар саҳиҳнинг ровийларидир».
[2] Қаранг: Ибн Абдулбар, «Ал-истизкор», 10/272.
[3] Ибн Асокир «Тарихи Димашқ»да (14/220), Ибн Адим «Буғят ат-талаб фий тарихи Ҳалаб»да (6/2417) ва Заҳабий «Тарих ал-Ислом»да (2/59, «61-йил ҳодисалари») келтирган.
[4] Ҳалабий «Инсон ал-уюн фий сийрат ал-амин ал-маъмун» китобида (1/89) «Шифо ас-судур» китобидан нақл қилган. Шунингдек, Муновийнинг «Файз ал-қадир» китобига (1/705) мурожаат қилинг.
[5] Хабарни Ибн Ҳамдун «Ат-тазкира ал-ҳамдунийя»да (8/21) келтирган.
[6] Қаранг: «Тарихи Табарий», 6/347. Муаллиф бу воқеани «Мифтоҳ дор ас-саодат» китобида ҳам (2/237) келтирган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг