Ширкнинг хатари

0

Ширкнинг хатари ва унга элтувчи сабаблардан четланиш орқали ширкдан огоҳ бўлиш вожиблиги

Дарҳақиқат, ширк гуноҳларнинг энг каттасидир. Аллоҳ таоло Ўзига раҳматни вожиб қилган бўлишига қарамасдан ширкдан тавба қилмаган кишини мағфират қилмаслигини маълум қилди. Бу, бандадан бундай оғир гуноҳдан бениҳоят эҳтиёт ва огоҳ бўлишини ҳамда ширкдан сақланиш учун уни яхши билишини тақозо қилади. Чунки ширк энг қабиҳ гуноҳ ва энг катта зулмдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Зеро, ширк катта зулмдир” [Луқмон: 13]. Чунки ширк Аллоҳни камситиш, Аллоҳдан бошқани Унга тенглаштиришдир. “Сўнгра (яъни Унинг ягона экани ҳақидаги ҳужжатларни кўра туриб) кофир бўлган кимсалар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар” [Анъом: 1]. “Бас,  билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг” [Бақара: 22]. Чунки ширк, Аллоҳнинг мавжудотларни яратиши ва уларни буюришидан кўзда тутилган мақсадга ҳар томонлама зиддир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, яратилган мавжудотни яратган Холиққа тенглаштирган бўлади. Ҳолбуки, энг қабиҳ ташбеҳ (ўхшатиш) – асли хилқатида ҳар томонлама ожиз ва муҳтож бўлган мавжудотни бутун махлуқотлардан беҳожат, асли бой ва қудратли зот Аллоҳга тенглаштиришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ширкдан огоҳлантирдилар ва ширкка элтувчи барча йўлларни олдини олдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборган вақтда, арабларнинг, балки баъзи аҳли китобларнинг қолдиқларини ҳисобга олмаганда бутун ер юзи аҳолиси ўта тубан ҳолатда эди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган),  уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган,  (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди.  Зеро, улар илгари очиқ залолатда эдилар” [Оли Имрон: 164]. Чиндан ҳам бу оралиқ вақтда башарият турли ботил эътиқод ва удумлар гирдобида тентираб юрар эди. У тарашланган тошлар ва у ер бу ерда тикланган бут-санамларни ўзига худо қилиб олди. Бу худолар олдида тиз чўкиб сиғинар, уларнинг атрофида тавоф қилар ва энг қимматбаҳо-нафис мол-давлатини, ҳаттоки айрим фарзандларини уларга атаб қурбонлик қилар эди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шунингдек,  шайтонлари мушрикларни ҳалок этиш ва динларини чалкаштириб юбориш учун улардан кўпларига болаларини ўлдиришни (яъни,  ўз бутлари учун қурбон қилишни) чиройли кўрсатиб қўйди” [Анъом: 137].

Бошқа бир гуруҳ инсонлар, яъни аҳли китоблар эса икки тоифадан иборат эдилар. Бири ҳақ йўлни йўқотган насронийлар бўлиб, олиҳаларни учта қилиб олган, Аллоҳни қўйиб ўзларининг руҳонийлари ва попларига сиғинишарди. Иккинчи тоифа бузғунчи яҳудийлар бўлса, ер юзида фасод тарқатган, башарият ўртасида фитна ўтини алангалатган, Аллоҳ улардан олган аҳд-паймонни бузган ва ўзларининг муқаддас китобларининг матнини ўзгартирган малъун бир тўдани ташкил қилишарди.

Учинчи бир тоифа мажусийлар бўлиб, улар ўтга сиғинишар, ўзларича, иккита худо: яхшилик ва ёвузлик худоси қилиб олган эдилар.

Тўртинчи тоифа эса юлдуз ва сайёраларга ибодат қилишар, уларнинг ерга таъсир қилишини эътиқод қилар эдилар.

Бешинчи бир тоифа даҳрийлар бўлиб, улар ҳеч қандай динни эътироф этишмас, на қайта тирилиш ва на ҳисоб-китобга иймон келтиришмас эдилар.

Дарҳақиқат, башарият Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилган вақтда ана шундай жаҳолат ва залолат  ботқоғига ботган ҳолатда эди. Аллоҳ таоло пайғамбарининг даъватини қабул қилган, унга эргашган кишиларни зулматдан нурга чиқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятга қайтадан Иброҳим алайҳиссаломнинг дини бўлмиш пок дин исломни олиб келди, бут ва санамларни парчалади, ширкдан қайтарди ва унга олиб борувчи барча воситаларнинг йўлини тўсди.

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ана шундай воситалар – сўз ёки хатти-ҳаракатларни баён қиламиз:

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга Унинг махлуқотларидан бирини тенглаштиришни ифода этадиган сўзларни гапиришдан қайтардилар. Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг у зотга қарата: “Аллоҳ ва сиз хоҳлаганингиз” ёки “Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда”, деган гапни айтишдан қайтардилар. Унинг ўрнига “Аллоҳнинг хоҳлагани, сўнгра сизнинг хоҳлаганингиз”, дейишга буюрдилар. Чунки араб тилидаги “ва” боғловчиси икки нарсанинг ўртасини тенглаштиришни ифода қилса, “сўнгра” боғловчиси эса, улар иккиси ўртасидаги кетма-кетликка далолат қилади. Зеро, гапдаги мазкур тенглаштириш кичик ширк ҳисобланиб, айни пайтда диндан чиқарувчи катта ширкка элтувчи восита ҳамдир.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига мақбаралар қуриш, унга чироқ ва шамлар ёқиш, қабрларни гипс, ғишт ва мармар ишлатиб безаш ва унга турли ёзувларни ёзиш орқали қабрларни улуғлашдан қайтарганлар.

  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни масжидга айлантириш ёки масжид қурилмасада қабрлар олдида намоз ўқишдан қайтарганлар. Негаки, бундай хатти-ҳаракатлар бора-бора қабрларга сиғинишга олиб борувчи воситалардир.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёшнинг чиқиш ва ботиш вақтида намоз ўқишдан қайтардилар. Сабаби, бу ишда мазкур вақтларда қуёшга сиғинувчи кимсаларга ўхшашлик бор.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта масжид: Масжиди Ҳаром, Масжиди Набавий ва Масжиди Ақсодан ташқари бошқа бирон жойга, у ерда Аллоҳга тоат-ибодат қилиб, Унга яқинлашаман деган мақсадда сафар қилишдан қайтарганлар.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни у зотни ҳаддан ортиқ кўкка кўтаришдан қайтариб, шундай деганлар: “Мени насоролар Ийсо ибн Марямни ҳаддан ортиқ кўкка кўтаргани каби ортиқча мақтаб юборманглар. Мен бор-йўғи бир бандаман. Шундай экан, “Аллоҳнинг бандаси ва Расули”, деб айтинглар”.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутга сиғиниладиган ёки жоҳилият байрамларидан бири ўтказиладиган жойларга тааллуқли назрга вафо қилишдан қайтарганлар.

Юқорида зикр қилинган барча ишлардан қайтаришнинг сабаби тавҳидни сақлаш, унга путур етказадиган ҳар қандай сўз ва хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ва ширкка элтувчи сабаб ва воситаларнинг йўлини тўсишдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк ва ширкка олиб борувчи ишларни тўла-тўкис баён қилишлари ва умматни ширкдан сақлаш учун кучли эҳтиёт чораларини қўллашига қарамай қабрпарастлар у зотнинг суннатларига хилоф иш тутдилар, буйруқларига осийлик қилиб, у зот қайтарган мазкур барча ишларга қўл урдилар. Қабрлар устига қуббалар бино қилдилар, масжидлар қурдилар, уларни турли-туман нақш ва безаклар билан зийнатладилар. Улар Аллоҳни қўйиб ушбу қабрларга сиғина бошладилар. Аллома ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларга оид кўрсатмалари, бу хусусда нимага буюрган ва нимадан қайтарганлиги ҳамда бу борада у зотнинг асҳоблари қандай йўл тутганлиги билан бугунги кундаги аксар одамларнинг бу борадаги аҳволини таққослар экан, бу икки ҳолатнинг бири иккинчисига мутлақ зид ва тескари экани, иккиси асло бир нуқтада туташмаслигига гувоҳ бўлади. Қарангки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарсалар, улар бўлсалар қабрлар олдида ва уларга юзланиб намоз ўқийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни масжид қилиб олишдан қайтарганлар, улар бўлсалар қабр устига масжид қуриб, бу қабрларни Аллоҳнинг уйларига ўхшатиш мақсадида “машҳад” – зиёратгоҳ деб атайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига чироқлар ёқишдан қайтарганлар, улар бўлсалар қабрларда мудом чироқ ва қандиллар ёқиб туришга масъул бўлган вақфлар ташкил қиладилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни сайлгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, бинобарин улар қабрларни сайлгоҳ, қурбонликлар сўйиладиган муқаддас даргоҳ қилиб олиб, уларнинг атрофида ҳайитдагидек, балки ундан ҳам катта базм-тантаналар уюштирадилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни ердан баланд қилиб кўтармасликка буюрганлар. Имом Муслим “Саҳиҳи”да Абут Тайёҳ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Менга Али розияллоҳу анҳу шундай деди: “Мен сени (бир вақтлар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени амир қилиб юборган вазифани бажариш учун юбораман. (Бу вазифа) биронта ҳам сурат қолдирмай ўчиришинг ва биронта ҳам (ер сатҳидан ҳаддан зиёд кўтарилган ёки устига мақбара қурилган ёки тош, ғишт, гипс ва мармар каби нарсалар қоплаб) ердан кўтарилган қабрларни қолдирмай ер билан баробар қилиб (яъни қабр экани билиниб турадиган даражада бир қарич ёки ундан бироз баландроқ қилиб) текислашингдир”. Аксар одамлар бу ҳадисга зид иш тутиб, қабрларни уйга ўхшатиб ердан баланд кўтарадилар ва устига қуббалар қурадилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипслаш, устига бино қуришдан қайтарганлар. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипслаш, устига ўтириш ва устига бино қуришдан қайтардилар”. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга турли ёзувлар ёзишдан қайтарганлар. Абу Довуд “Сунани”да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипслаш ва улар устига ёзишдан қайтардилар” (Термизий “ҳасан саҳиҳ ҳадис” деган). Одамларни кўрсангиз, қабр устига турли лавҳаларни ўрнатишиб, унга Қуръон оятлари ва бошқа нарсаларни ёзадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қабрдан чиққан тупроқдан бошқа нарса қўшишдан қайтарганлар. Абу Довуд яна Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипслаш, унга ёзиш ва (ўзини тупроғидан бошқа нарсани) зиёда қилишдан қайтарганлар”. Ҳолбуки, одамлар қабрга тупроғидан ташқари пишиқ ғиштлар, гипс ва тошларни ишлатадилар. Иброҳим Нахаий шундай дейди: “(Салафлар) қабрларида пишиқ ғишт ишлатишни макруҳ санар эдилар”. Бу гапларни айтишдан мақсад, анави қабрларни улуғловчилар, уларни сайлгоҳга айлантириб олганлар, устига шам ва чироқларни ёқувчилар, устига масжид ва қуббалар бино қилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу борадаги кўрсатмаларига зид иш тутишлари ва у зотнинг суннатига қарши чиқишларини баён қилишдир. Энг ёмони, қабрларни масжид қилиб олиш ва у ерда чироқлар ёқиш бўлиб, бу ишлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) ҳисобланади…”. (Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг ўз замонасидаги қабрпарастлар пайдо қилган ишларни таърифлаш хусусидаги гапи тугади).

Таассуфки, у замонлардан кейин иш янада шиддатли тус олиб, қабрларга сиғиниш авжига минди. Бу ишларга қарши чиққан инсон “ақидапараст”, “авлиёларни камситувчи” деган таъналарга учрайдиган бўлиб қолди. Ажабланарли жойи шундаки, қабрпарастлар “авлиёлар”га сиғинишни тарк қилишни уларга нисбатан ҳурматсизлик санашиб, уларнинг ҳаққи “поймол” этилишига йўл қўймай дарғазаб бўладилар. Ҳолбуки, катта ширк амаллар билан Аллоҳнинг ҳаққи поймол бўлиши ёки суннатларига хилоф чиқиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи таҳқирланса-да, асло ғазаб қилмайдилар, уларнинг бунга парвойи-палак! Ҳа, Аллоҳнинг ўзи тавфиқ берсин. Зеро, Аллоҳнинг тавфиқи ва мададисиз залолатдан ҳидоятга, зулматдан нурга, бидъатдан суннатга ва ҳоказо бирон ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўтиш ва бу ҳолатда доим ва собитқадам бўлиш имконсиздир! Парвардигор барчамизни ҳақда собитқадам қилсин!

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг