Бошга кулфат тушганда ўликлардан мадад сўраш (2)

0

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Кимда-ким намоз ўқийдиган, рўза тутадиган ва Ислом арконларини адо этадиган бўлса-ю, бироқ ўликлар, ғойиб кимсалар, фаришталар ва шу кабилардан мадад сўрайдиган бўлса, у одам мушрикдир. Насиҳатни қабул этмай, то ўлгунича бу ишидан воз кечмаса, бу одам Ислом динидан чиқарадиган катта ширк қилган бўлади. Бундай одамнинг жасади ювилмайди, унга жаноза намози ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва унга Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилинмайди. Тавҳидда бўлган фарзандлари, ота-онаси, ака-укалари ва бошқа мусулмон яқинлари ундан мерос олмайди. Сабаби, улар бир диндаги одамлар ҳисобланмайди. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон кофирдан ва кофир мусулмондан мерос олмайди”, деганлар[1]»[2].

Қўмита яна бундай дейди: «Биринчидан: ўлган одамдан: “Эй фалончи, менга мадад беринг” деб сўраётган кишига бу иши ширк ва ҳаром экани тўғрисида насиҳат қилинади ва танбеҳ берилади. Қайсарлик қилиб туриб олса ва бу ишини ташламаса, у мушрик ва кофир бўлади. Чунки у фақат Аллоҳ қодир бўлган нарсани Аллоҳдан ўзгадан сўради. Бу билан у Аллоҳнинг ҳаққини бандага йўналтирди.

Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг борар жойи дўзах бўлади” (Моида, 72).

Иккинчидан: ёнида бўлмаган ғойиб тирик шахсдан мадад сўраш ҳам жоиз эмас. Чунки бу одам Аллоҳдан ўзгага дуо қилган ва Аллоҳ таолодан ўзгаси қодир бўлмаган ишни бандадан сўраган бўлади. Бу ҳам ширкдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Раббига йўлиқадиган куни (Унинг ажру савобидан) умидвор бўлса, солиҳ амаллар қилсин ва ибодатда Раббига бошқа бировни шерик қилмасин» (Каҳф, 110). Ғойиб тирик шахсга дуо қилиш ҳам ибодат турига киради. Бу ишни қилган одамга насиҳат қилинади. Агар қабул қилмаса, Ислом динидан чиқарадиган ширк амалини қилган мушрик ҳисобланади»[3].

Маъсумий айтади: «Ўликлар, қабрдагилар ва руҳлардан мадад сўраш – мадад сўралаётган кимса ким бўлишидан қатъи назар, гарчи пайғамбар бўлса ҳам – оташпарастлар, браҳмийлар, ҳиндулар, собиийлар ва мунажжимлардан иборат мушриклар амалларидандир»[4].

Санъоний деди: «Ўликлардан мадад ва ҳожатлар ўталишини сўраш, уларни Аллоҳга васила (восита) қилиш бутпарастликка оид ибодатлар қолдиқларидир. Чунки жоҳилият замони одамлари бутлардан мадад ва эҳтиёжларини сўрар эди. Саҳиҳ ҳадисларда айтилганидек, ҳар бир бидъат залолатдир[5]. Банда бутун борлиқни йўқдан бор қилган Зотдан юз ўгириб, ҳожатларини ўликдан сўрашидан ҳам каттароқ адашиш борми?! Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча саҳобадан одамлардан ҳеч нима сўрамасликка байъат (қасамёд) олганлар. Ўша саҳобалардан бирортаси уловида ўтирган жойида қамчиси ерга тушиб кетса, уни кимгадир олиб бер демас, балки пастга тушиб, ўзи олар эди[6]. Улар эҳтиёжларини ёлғиз Аллоҳдан сўраш учун шундай қилар эдилар.

Ҳожатларини ўликдан сўраётган кимса: “Мен Аллоҳдан юз ўгирмадим, аксинча, улар сабабли Аллоҳга яқинлашяпман”, деса, унга бундай жавоб берилади:

– Бу гап худди “Биз бутларимизга улар бизни Аллоҳга яқинлаштириши учунгина ибодат қиламиз” (Зумар, 3) деган одамлар айтган гапнинг айни ўзидир. Асосий фарқ шуки, унинг бути тош ёки ёғочдан, сенинг бутинг эса лой сулоласидандир»[7].

[1] Бухорий (6764) ва Муслим (1614) ривояти.
[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/107-108, 6792-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[3] Аввалги манба, 1/137, 4259-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[4] Муҳаммад ибн Султон Маъсумий Ҳанафий (вафоти: 1397 ҳ.), «Ҳукмуллоҳ ал-воҳид ас-самад фий ҳукми ат-толиби минал маййити ал-мадад», 314-бет. Шайх Муҳаммад ал-Хамиснинг «Ал-мажмуъ ал-муфид» китобига илова қилинган.
[5] Тахрижи 163-масалада ўтди.
[6] Авф ибн Молик ал-Ашжаий разияллоҳу анҳу айтади: «Биз – тўққиз, саккиз ёки етти киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Аллоҳнинг пайғамбарига байъат бермайсизларми?” дедилар. Ваҳоланки, яқиндагина байъат бериб бўлгандик. Шунинг учун “Сизга байъат берганмиз, ё Расулуллоҳ!” дедик. У зот яна: “Аллоҳнинг пайғамбарига байъат бермайсизларми?” дедилар. “Биз сизга байъат бериб бўлганмиз, ё Расулуллоҳ!” дедик. У зот яна: “Аллоҳнинг пайғамбарига байъат бермайсизларми?” дедилар. Шунда қўлимизни (у кишига қараб) чўзиб, “Биз сизга байъат бериб бўлганмиз, ё Расулуллоҳ! Энди нимага байъат берамиз?” дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, беш вақт намоз ўқишга, итоат қилишга – шу ерда бир сўзни пичирлаб айтдилар – ва одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка”, дедилар. Мен шу байъат берганлардан баъзиларини кейинчалик кўрдим: улардан бирининг қамчиси (улови устидан) ерга тушиб кетса, ҳеч кимдан уни олиб беришни сўрамас эди” (Муслим ривояти, 1043-ҳадис).
[7] Санъоний, «Ал-инсоф фий ҳақиқатил авлиё ва ма лаҳум минал каромати вал-алтоф», 107-бет. Муҳаққиқ: Абдураззоқ ал-Бадр. «Дор Ибн Аффон» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг