Дард ва даво (112): Ёмон хотиманинг сири

0

Абдулҳақ Ишбийлий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билиб қўйингки, зоҳирию ботини тўғри бўлган инсон ёмон хотима топмайди. Аллоҳ барчамизни ёмон хотимадан асрасин! Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бундай бўлгани эшитилган ёки билинган эмас. Аксинча, ақидаси бузуқ, ё катта гуноҳларни доимий қилиб юрадиган ва улардан тап тортмайдиган одам ёмон хотима билан вафот этади. Эҳтимол, бундай инсонлар ўлим келгунча шу ҳолатида давом этаверган бўлиши мумкин. Натижада тавба қилиб, ўзини ўнглашга, Аллоҳнинг йўлига қайтишга улгурмасидан бурун ўлим чангалига тушиб қолади. Кутилмаган зарбадан гангиб турган пайтида шайтон муродига эришади, уни тўрига илинтиради. Аллоҳ сақласин!

Нақл қилишларича, Мисрда бир киши бўлган экан. У азон айтиш ва намоз ўқиш учун доим бир масжидга боришга одатланган экан. Юзидан тоат-ибодат таровати ва зиёси таралиб турар экан. Бир куни одатдагидек азон айтиш учун минорага чиқибди. Миноранинг остида бир насронийнинг уйи бор экан. Ўша уйга қараб, унинг қизига кўзи тушибди ва унга мафтун бўлиб қолибди. Азон айтишни қўйиб, унинг уйига тушибди ва уйига кириб борибди. Шунда қиз унга дебди:

– Тинчликми? Сизга нима керак?

– Сен кераксан.

– Нима учун?

– Ақлимни олдинг, юрагимни асир этдинг.

– Сен мени чорлаган бу шубҳали (ҳаром) ишга асло қўл урмайман.

– Сенга уйланаман.

– Сен мусулмонсан, мен эса насронийман. Отам мени сенга турмушга бермайди.

– Насроний бўламан.

– Шундай қилсанг, сенга турмушга чиқаман.

Ҳалиги киши қизга уйланиш учун Ислом динини ташлаб, насроний динига ўтади ва ўша қизнинг уйида қолади. Ўша куни уйнинг томига чиқади. Кутилмаганда томдан йиқилиб вафот этади. На қизнинг висолига етишади, на динини сақлаб қолади”.

Изоҳ қолдиринг