Муслима аёлнинг дастури (40): Олтинчи ҳадис

0

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Халилим (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга учта ишни: ҳар ойда уч кун рўза тутишимни, икки ракаат чошгоҳ намозини ўқишимни, ухлашдан олдин витр намозини ўқишимни васият қилдилар» (Муттафақун алайҳ).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

  • Ушбу уч васият энг таъкидланган нафл намозлар ва рўзалардандир.

  • Ҳар ой уч кун рўза тутиб юриш йил давомида рўза тутиб юришга тенг экани ҳадисларда келган.

  • Зуҳо (чошгоҳ) намозини ҳар доим ўқиб юриш мустаҳабдир. Унинг энг кам миқдори икки ракаат, кўпи саккиз ракаат бўлиб, унинг вақти қуёш чиқиб, бир найза баробари кўтарилгандан бошлаб, то қуёш заволга келишидан бироз олдингачадир. Энг афзал вақти эса кун қизий бошлаган чошгоҳ маҳалидир.

  • Витр намози таъкидланган суннат бўлиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тарғиб қилганлар ва ўзлари муқим ва сафар ҳолатида ҳам тарк қилмаганлар.

а) Витр намозининг вақти хуфтон намозидан кейин бошланиб, то субҳи содиққачадир.

б) Уни кечанинг охирги қисмида ўқиш афзал.

в) Унинг энг кам миқдори эса бир ракаатдир.

Изоҳ қолдиринг