Дард ва даво (113): Баччабозликнинг жазоси оғирроқми ёки зиноникими (1)

0

Бўлим

Баччабозлик ортидан келадиган зарар жуда катта бўлгани учун унга дунёда ҳам, охиратда ҳам энг оғир жазолардан бири тайин қилинди.

Баччабозликнинг жазоси оғирроқми ёки зиноникими ёки иккисининг жазоси тенгми? Бу борада уламолар уч хил фикр билдиришган.

Биринчиси: Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб, Холид ибн Валид, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Зайд, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Маъмар, Зуҳрий, Рабеа ибн Абу Абдураҳмон, Молик, Исҳоқ ибн Роҳавайҳларнинг фикрича ҳамда имом Аҳмаддан нақл қилинган тўғрироқ ривоят, шунингдек, имом Шофеийдан нақл қилинган бир ривоятга кўра, баччабозликнинг жазоси зиноникидан оғирроқдир. Уларнинг фикрича, бу жиноятга қўл урган одам турмуш кўрган ёки кўрмаганлигидан қатъи назар, ўлдирилиши лозим.

Иккинчиси: Ато ибн Абу Рабоҳ, Ҳасан Басрий, Саид ибн Мусайяб, Иброҳим Нахаий, Қатода,Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг фикрича, шунингдек, Шофеий мазҳабининг зоҳирига ҳамда имом Аҳмаддан нақл қилинган иккинчи ривоятга кўра, баччабозликнинг жазоси билан зинонинг жазоси тенгдир.

Учинчиси: Ҳакам (ибн Утайба) ва Абу Ҳанифанинг фикрига кўра, баччабозликнинг жазоси зиноникидан енгилроқ. Чунки баччабозлик қилган одамга жазо таъзир сифатида берилади. Яъни бу жиноятга на Аллоҳ таоло, на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муайян бир жазони тайин қилган. Бинобарин, ўлимтик, қон, ва чўчқа гўштини истеъмол қилган одамнинг жазосидагидек, баччабозлик қилганга ҳам таъзир сифатида жазо берилади.

Шунингдек, баччабозлик одатда инсон табиатан жирканадиган жойга жинсий яқинлик қилиш саналади. Аллоҳ таоло ҳатто онгсиз ҳайвонлар табиатида бу ишдан жирканиш ҳиссини жо қилган. Шу сабабли, эшак ва ҳоказо ҳайвонларга жинсий яқинлик қилишдаги каби, бачабозликка ҳам муайян жазо белгиламади.

Қолаверса, луғавий маънода ҳам, шариат истилоҳида ҳам, урф-одатда ҳам баччабозлик қилган одамга зино қилди деб айтилмайди. Демак, зинокорга белгиланган жазони баён қилувчи далил баччабозликка тегишли бўлмайди.

Уларнинг айтишича, шариат қонун-қоидаларига назар соладиган бўлсак, бирор гуноҳдан тиядиган омил инсон табиатида бор бўлса, у гуноҳга ҳад – муайян жазо белгиламай, ўша омил билан чекланганини кўрамиз. Аммо инсон табиатида муайян гуноҳга мойиллик бор бўлса, ўша мойиллик даражасига қараб унга жазо тайин қилди. Шу сабабли зино, ўғрилик, маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилишга муайян жазо жорий қилиб, ўлимтик, қон ёки чўчқа гўшти ейишга муайян жазо (ҳад) белгиламади.

Ушбу қоидага биноан, чорва моллари ва ўлган инсон билан жинсий яқинлик қилган одамга шариат муайян жазо белгиламади. Зеро, Аллоҳ таоло эркак кишини бошқа эркак билан жинсий алоқада бўлишдан табиатан қаттиқ жирканадиган қилиб яратган. Шунингдек, жинсий яқинлик қилмоқчи бўлган кишини бу ишга чақиришдан жирканадиган қилиб яратган. Зинода эса ундай эмас. Чунки зинога ундовчи омил ҳар икки тарафдан содир бўлади.

Икки эркак бир-бири билан жинсий яқинлик қилиб роҳатланса (шаҳватини қондирса), шунингдек, икки аёл бир-бирининг шаҳватини қондирса, уларга ҳад, яъни муайян жазо берилмайди.

Кўпчилик уламоларни ташкил этган биринчи фикр эгаларининг айтишича, гуноҳлар ичида баччабозлик зараридан каттароқ зарар йўқ. Унинг зарари куфрнинг зараридан кейинги ўринда туради. Баъзан қотилликнинг зараридан ҳам ошиб тушади. Буни кейинроқ баён қиламиз, иншааллоҳ. Бир қанча олимлар саҳобаларнинг шу фикрга, яъни баччабозликнинг жазоси зиноникидан оғирроқ эканига ижмо қилишганини нақл қилган.

Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом қавмидан олдин ҳеч бир умматни мазкур катта гуноҳ билан синамаган ва ҳеч бир умматга бермаган жазо-уқубатни уларнинг бошига ёғдирган. Лут қавмини ҳалок қилиш, юртларини остин-устин қилиш, ерга юттириш, осмондан тош ёғдириш каби бир қанча уқубатлар билан бир вақтнинг ўзида жазолаган. Ҳеч бир умматни бунчалик қаттиқ жазоламаган. Бунга сабаб ушбу жиноятнинг зарари катта эканидир. Ер юзининг қай жойида бу жиноят содир этилса, ер ларзага келади, унга гувоҳ бўлган фаришталар жиноятчилар бошига азоб келишидан ва бу азоб уларга ҳам тегиб кетишидан қўрқиб, осмонлару ернинг бурчак-бурчакларига қочиб кетишади. Ер эса Раббиси таборака ва таолога бу жирканч жиноятга қўл урганлардан нолийди, тоғлар жойидан жилиб кетай дейди.

Эркак киши баччабозлик қилдирганидан кўра қатл этилгани яхши. Чунки унга бошқа эркак жинсий яқинлик қиладиган бўлса, уни шундай қатл этган бўладики, ҳаётининг мазмуни қолмайди, ундан кўра ўлгани яхшироқ бўлиб қолади. Аммо ростакамига қатл этилса, мазлум ҳолида шаҳид бўлган бўлади. Эҳтимол, бу охиратда унга фойда бериши мумкин.

Баччабозликнинг жазоси зиноникидан оғирроқ эканига далил Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қотилга бериладиган жазони ўлдирилган одам валийсининг ихтиёрига топширди. Хоҳласа ўлдиради, хоҳласа кечириб юборади. Баччабозлик қилган ва қилдирган одамни эса ҳад-жазо ўлароқ ўлдиришга қатъий буюрди. Бу ҳукмга саҳоблар ижмо қилишган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадислар ҳам шунга далолат қилади. Бу ҳадисларга зид келадиган бошқа бирон далил йўқ. Аксинча, саҳобалар ва хулафои рошидин (дастлабки тўрт халифа)лар шу ҳукмга амал қилишган.

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳудан нақл қилинган саҳиҳ ривоятда келишича, у араб диёрларининг бир четида худди аёл кишидек никоҳланадиган бир эркак борлигидан хабар топади. Бу ҳақда Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга мактуб йўллайди. Абу Бакр саҳобалар билан бу борада маслаҳатлашади. Улар орасида энг қаттиқ фикрни (жазони) Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу билдиради. У айтади: “Бу жиноятни фақат бир қавм қилгани маълум. Аллоҳ таоло уларни қандай жазолаганидан хабарингиз бор. Уларни ёқиб юбориш керак деб ўйлайман”. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Холидга уни ёқиб юборишга буюриб хат йўллайди ва Холид шундай қилади[1].

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Баччабозни шаҳар ё қишлоқдаги энг баланд ерга олиб чиқиб, оёғини осмондан қилиб ташлаб юборилади ва ортидан тошбўрон қилинади”[2]. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бу жазони Аллоҳ таоло баччабозлик қилган Лут алайҳиссалом қавмига юборган азобга қиёсан айтган.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Лут қавми амалини қилган одамни кўрсангиз, қилганни ҳам, қилдирганни ҳам ўлдиринглар”, деган сўзини бизга нақл қилган Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бўлади. Ушбу ҳадисни сунан муаллифлари ривоят қилишган[3]. Ибн Ҳиббон ва бошқа олимлар саҳиҳ деган. Имом Аҳмад шуҳадисни далил қилган. Ҳадис санади Бухорий шартига мувофиқдир.

[1]Хароитий (“Масовий ал-ахлоқ”,451), Ибн Абу Дунё (“Зам ал-малоҳий”, 145), Ожуррий (“Зам ал-ливот”, 29), Байҳақий (“Сунан”, 8/232), Ибн Ҳазм (“Муҳалло”, 11/281) ва бошқалар ривоят қилган. Байҳақий: “Мурсал ҳадис”, деган. Ибн Ҳазм: “Нақл қилинган барча ривоятларнинг санади муттасил (туташ) эмас. Нақл қилган ровийларнинг ҳеч бири Абу Бакр билан учрашган эмас”, деган.
[2]Ибн Абу Шайба (“Мусаннаф”, 28328), Аббос Дурий (“Тарих”, 4/329), Ибн Абу Дунё (“Зам ал-малоҳий”, 130), Ожуррий (“Зам ал-ливот”, 30), Байҳақий (“Сунан”, 8/232) ва бошқалар ривоят қилган. Санади саҳиҳ.
[3]Абу Довуд (4462), Термизий (1465), Ибн Можа (2561), Аҳмад (1/300, 2732), Ибн Адий (5/116), Ибн Жоруд (820), Ҳоким (4/395, 8047) ва бошқалар Амр деган ровий орқали нақл қилишган. Ҳоким: “Бу ҳадиснинг санади саҳиҳ. Уни қўллаб-қувватлайдиган бошқа ривоят бор. Лекин Бухорий ва Муслим ривоят қилмаган. Амрнинг бу ривоятини Яҳё ибн Маин, Насоий ва Ибн Адий каби муҳаддис олимлар инкор қилишган. Имом Шофеий айтади: “Агар ушбу ҳадис саҳиҳ бўлса, мен унда айтилган ҳукм билан фатво берардим”. Қаранг: “Ат-талхис ал-ҳабир” (4/91-92). Бу ҳадиснинг бир қанча ривоятлари бор. Лекин ҳеч бири саҳиҳ эмас. Шунингдек, Абу Ҳурайра ва Жобир разияллоҳу анҳумодан ҳам нақл қилинган. Улар ҳам саҳиҳ эмас.

Изоҳ қолдиринг