Ота-она – оиланинг вужудга келиш сабаби ва унинг устуни. Ота-онанинг шахсий характери, улар иккиси ўртасидаги алоқа тури ва иккисининг фарзандлар билан алоқаси йиғиндисидан оиладаги инсоний ва руҳий муҳит ташкил топади. Шуни очиқча айтиш мумкинки, агар биз катталар лаёқатли бўлсак, бошқача қилиб айтганда, сўзимиз билан хатти-ҳаракатимиз ўртасидаги фарқ қисқа ва жуда қисқа бўлса, ана ўшанда тарбия иши осон, самарали ва муваффақиятли кечади. Аммо фарзандларимиздан ўзимиз амал қилмайдиган баъзи фазилатли хулқларни талаб қилсак ёхуд улардан ўзимизда мавжуд салбий хислатлардан воз кечишни талаб қилсак, у ҳолда болаларимизни тарбиялашимиз жуда оғир ва самарасиз кечади ва кутилган натижани бермайди.
Бундай ҳолатларда фарзандлар тилларида айтмасаларда, бироқ ичида биз катталарга шундай дейдилар: “Кўзгуга бир қаранглар, ўшанда сизларни баъзи вазифаларни бажармасликка ва айрим хато ишларга қўл уришга ундаган нарсанинг айнан ўзи бизни ҳам шундай қилишга ундаган эканини кўрасизлар. Бинобарин, сиз катталар ақлан етук, ишларни оқибатини биладиган тажрибали одам бўлсангизлар!” Ҳа, қуш инида кўрганини қилади, деб бекор айтишмаган.
Биз катталар болаларнинг кўзидан қочишимиз, улар биз қилаётган ишлардан ғофил деб ўйлашимиз мумкин. Лекин бу тўғри эмас, улардан яширинишнинг имкони йўқ. Негаки, улар бугун яширган нарсамизни эртага аниқ кўрадилар. Ким бир хулқ-атворни ичида сир тутса, Аллоҳ унга ана ўша хулқнинг “тўн”ини кийдириб қўяди. Шоир айтганидек:
Кишида бўлса гар бирон табиат,
Ҳарчанд яширмасин билинар албат.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, боланинг ҳаётига таъсир ўтказадиган энг катта ўрнак-намуна ота-онадир. Ўғил болалар асосан оталаридан, қизлар эса оналаридан таъсирланадилар. Албатта, бу тушунарли, табиий бир ҳолат. Негаки, ўғил болалар келажакда оталари, устозлари ёки уларнинг кўзига муваффақиятли ва буюк шахслар бўлиб кўринган кишилардек бўлишга ҳаракат қиладилар. Қиз болалар ҳам худди шундай. Шу боис, киши уйланиш мақсадида бирон бир қизнинг қўлини сўрар экан, шуни унутмаслиги керакки, ана ўша қиз келажакда фарзандлари тарбия топадиган оилавий муҳитни ташкил этишда унга ҳамкорлик қилади. Шунингдек, унинг бўлажак қизларининг тарбиясига таъсир этувчи асосий омил бўлишини кўз олдига келтириши лозим. Ўз навбатида, қиз ҳам қўлини сўраб келган йигитга розилик билдирар экан, умр йўлдошининг бўлажак ўғил фарзандларига таъсир этувчи бош омил эканини ёдда тутиши лозим.
Изланишлар шуни кўрсатадики, ҳаётда ўрнак олишга арзийдиган намунали шахсларга дуч келмаган болалар, теварак-атрофида ўзлари севган ва ёқтирган намунали шахслар қуршовида ўсиб-ўлғайган болалар билан қиёслаганда кўпроқ муаммоларни бошдан кечирадилар.
Статистик маълумотларга қараганда, оталари тамаки чекувчи болалардаги кашандаликка чалиниш нисбати бошқа болаларга нисбатан уч баравар юқоридир. Шунингдек, ота-оналаридан бири ҳаддан ортиқ семизликка мубтало бўлган болаларнинг ўсмирлик даврида ортиқча вазн ёки ҳаддан ташқари семизлик дардига чалиниш нисбати 70-80 фоизни ташкил қилади.
Биз чиндан ҳам ўзимизнинг кундалик юриш-туришимиз ва хатти-ҳаракатларимиз орқали фарзандларимизнинг бўлажак хулқ-атворини белгилар эканмиз. Бундан ҳам ортиғи бизлар оилавий муҳит орқали болага ўзини танитамиз, унинг келажак орзу-истаклари ва интилишларининг турини яратамиз ҳамда ундаги бу орзу-истакларнинг бўсағасидан тортиб, то чўққисигача, яъни бола орзу қилган энг қисқа ғоя ва у эришмоқчи бўлган энг юксак орзугача белгилаб берамиз.
Қиз бола отасининг онасига лутф ва назокат ила муомала қилишини, онасининг кўз қарашини эҳтиром қилганини кўргач, унга ҳам ана шундай муносабатда бўладиган йигитга турмушга чиқишни ўз ҳаққи деб билади ва бундай турмуш ўртоққа эришиш пайида бўлади. Борди-ю, отаси онасига нисбатан совуққон ва бепарво ёки қўрс ва қўпол муомалада бўлса, у ҳолда бундай қиз совчи юборган йигитда ўз орзу-истакларига муносиб хислатлар бор ёки йўқлигига унчалик қизиқмайди. Агар совчилар келавермаса, ўзидаги меҳр-муҳаббатга бўлган ташналикни қондириш учун эҳтимол ўз дугоналари ёки интернетга мурожаат қилади. Шундай қилиб, у ахлоқий бузилиш йўлидаги дастлабки қадамини ташлайди.
Биз фарзандларимизга ўз қадриятларимиз ва одоб-ахлоқимизни мажбурлаб сингдиришни истамаймиз. Нега дейсизми? Чунки қадриятлар зўрлаб сингдирилмайди. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидан ҳам илғаб олишингиз мумкин: “Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) рушду ҳидоят залолатдан ажраб бўлди” [Бақара: 256], “Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?” [Юнус: 99]. Биз чиндан ҳам ўзимиз ишонган, ҳақ эканига иймон келтирган қадриятларимизни фарзандларимизга ўтишини исмаймизми? Агар чиндан ҳам хоҳласак, бунга имкон яратадиган олдимизда биргина йўл бор: у ҳам бўлса – уларни ўзимизга жалб қилиш, юриш-туришимиз ва хатти-ҳаракатларимизда қадриятларимизга нисбатан садоқатимиз, қатъиятимиз ва ихлосимизни уларга кўрсатиш.
Бир йигит шундай ҳикоя қилади: “Болалик чоғимда дадам билан бирга машинада кўчага чиқдик. Машинада кетаётиб йўлни кесиб ўтаётган ҳасса суянган кекса отахонга дуч келдик. Отахон йўлнинг ўртасига етганида светофорнинг яшил чироғи ёниб, машиналар отахоннинг орқа-олдидан шиддат билан ўта бошлади. Шунда дадам зудлик билан машинани тўхтатдилар-да, сакраб тушиб отахоннинг олдига бордилар ва ДАН ходими вазифасини бажариб, машиналарни тўхтатдилар. Сўнгра отахоннинг қўлидан тутиб йўлни кесиб ўтишига ёрдам бердилар. Узоқ йиллар олдин бўлиб ўтган мазкур воқеа бир умр хотирамда михланиб қолди. Бу воқеа орқали ташаббускорлик ва олийжаноблик бобида шу қадар салмоқли сабоқ олдимки, эҳтимол бу борада ёзилган уч юз саҳифалик китоб ўқиб ҳам бунчалик ибрат ололмас эдим”.
Фарзандларимизни яхши ва салоҳиятли тарбиялаш иши аввало ўзимиздан бошланади. Бунинг учун биз ўзимизни тарбияламоғимиз, токи фарзандларимиз амалий тарбия топиши учун нафсимизга босим ўтказишимиз, уни жиловлашимиз зарур. Бунинг учун ўзимизда қатъият пайдо қилмас эканмиз, кўп нарса йўқотишимиз муқаррар.
Чинакам камбағал миллат мўл-кўл бойликларга эга бўлмаган миллат бўлмай, балки фарзандлари теварак-атрофга боқиб, ўрнак олишга арзигулик инсонлар учратмаган ёхуд фақат ахлоқий таназзулга юз тутган эркак ва аёлларнигина учратган миллатдир. Шунингдек, камтарона моддий имкониятларга эга уйда яшаган оила фақир оила эмас. Балки оиладаги фарзандлар ота-онада ўрнак оладиган, айтарли бирон ижобий хислат топмаса, ана ўша оила камбағалдир. Зеро, бойлик ва камбағалликнинг ахлоқий-маданий ўлчови шудир.
Тинч, осойишта ва қувноқ муҳит:
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло болага шундай шахсият ато этганки, одатда бу шахсият умид, қувноқлик, хотиржамлик, қатъият, савол бериш ва атрофдаги барча нарсаларни ўрганишга бўлган қизиқиш, шунингдек, соддадиллик ва маъсумликка тўла бўлади. Бироқ ҳаёт ташвишлари, ота-она ўртасидаги келишмовчиликлар, асабий тарангликлар ҳамда бола у ер, бу ердан эшитадиган турли ташвишли хабарлар туфайли ундаги мазкур ижобий хислатлар ва руҳий кўтаринкилик пасайиб боради. Секин-аста турли-туман ғам-ташвишлар унинг дилига йўл топа бошлайди. Шунинг учун бола Аллоҳ таоло унга инъом этган мазкур ажойиб хислатларни имкон қадар кўпроқ сақлаб қолишига ёрдам берадиган муҳит яратиш бизнинг бурчимиздир. Албатта, бу биздан кўп меҳнат талаб қилади. Жумладан:
А. Болага ростгўй, ишончли ва софдил деган эътиқодда муомала қилиш;
Б. Имкон қадар тинч, осойишта ва сокин маскан яратиш;
В. Яхши кўриш, ўзаро меҳр-шафқат, эътибор, қадрлаш, майин муносабат;
Г. Меъёридаги ҳазил-мутойиба, қувноқлик ва некбинлик;
Д. Имкон қадар оила аъзолари ва оиладан ташқаридаги кишиларни оз танқид қилиш;
Е. Болага эрталабдан кечгача дарс ва ўқув машғулотлари юкламасдан, унинг тоқат чегарасини тушунишга ҳаракат қилиш, шунингдек, унга вазифаларини катта қизиқиш ва иштиёқ билан бажаришига шароит яратиш;
Ё. Фарзандлар ўртасидаги жисмоний ва ақлий тафовутни инобатга олиш, улар ўртасида адолат қилиш;
Ж. Ўзаро ҳурмат, фарзандларни хато қилишга ундаган сабаб ва ҳолатларни тушунишга ҳаракат қилиш;
З. Катталар ёки кичиклар бўлишидан қатъий назар хато қилган кишининг узр сўраши;
И. Айрим хато-камчиликлардан кўз юмиш. Зеро, инсон зоти хато қилади.
3) Шинам уй:
Биз муҳит таъсири тўғрисида сўз юритар эканмиз, оила аъзоларини ўз бағрига олган уй ҳақида гапирмай ўтолмаймиз. Чиндан ҳам уйнинг инсонга таъсири бениҳоят улкан. Зеро, биз аввало уйимизнинг меъморий режасини тузамиз ва уни бино қиламиз. Шундан сўнг уйимиз бизнинг ҳис-туйғуларимизни шакллантиради. Бир қанча тадқиқотлар, кузатишлар шуни кўрсатадики, кенг, шинам, ҳаводор, сокин ва осойишта уйда яшаган инсонларда қаноат, қатъият ва устунлик ҳис-туйғулари пайдо бўлиб, бундай одамлар ўз ўрталарида ўзаро меҳр-оқибатли ва лутф-марҳаматли бўладилар. Аксинча, тор, дим, бетартиб ва кир уйда яшаган инсонлар ўртасида сиқилиш ва ҳаётдан норозилик шуури устун бўлиб, бу уларда бадбинлик кайфиятини туғдиради. Оқибатда, бундай уй бездирувчи муҳитга айланади. Маълумки, одатда оналар уй торлиги сабаб, айниқса уйга меҳмон келган пайтларда фарзандларини уйдан ташқарига чиқишга ундайдилар. Табиийки, уйни тарк қилган болалар кўчада қаровсиз қоладилар.
Менимча, она уйни покиза ва саранжом-саришта тутиш орқали уни кўркам бир масканга айлантириши лозим. Оиланинг моддий имкониятлари ҳар қанча оғир бўлишига қарамай, бу борада оналар кўп ишлар қилиш имкониятига эгалар.
Охирги пайтларда уйларни жиҳозлаш, безаш ва тартибга солиш соҳаси кескин ривожланди. Уларнинг кўпи бу борадаги тадқиқотлар ва илмий асослардан келиб чиққан.
Мен ота-оналарни, айниқса оналарни уйга эътибор беришга чақираман. Токи, уйларимиз тотувлик, роҳат-фароғат ва шодлик масканига айлансин. Шуни ҳам унутмаслик керакки, уйларимизнинг тузилиши ва манзарасига бўлган эътиборимиз мўътадил ва меъёрида бўлиши лозим.
Дарҳақиқат, оилавий муҳит масаласи кўп гапиришни тақозо қилади. Масаланинг аҳамиятини янада ойдинлаштириш мақсадида келгусида бу мавзуга яна қайтиш умидида учинчи қоидамизни ниҳоясига еткизамиз.