Аллоҳ таоло шундай дейди: “Айтинг: “Менга ваҳий қилинган нарса (Қуръон)да ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Фақат бундан ўлакса ё тўкилган қон ёки тўнғиз гўшти истисно бўлиб, албатта у нажасдир” [Анъом: 145]. Аллоҳ таолонинг “албатта у нажасдир”, деган сўзидан мақсад тўнғиз гўштидир.
3)Одамнинг сийдик ва ахлати:
Сиддиқ Ҳасанхон роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Одамнинг сийдик ва ахлати нажас экани динда барчага маълум бўлган ишлардандир. Буни шаръий далилларни тушунган мутахассислар яхши билишади”.
Одам ахлатининг нажаслиги хусусида жумладан қуйидаги ҳадислар келган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар биронтангиз пойабзали билан одам ахлатини босса, албатта тупроқ уни тозаловчидир”[1].
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожат учун холи жойга чиқсалар, мен у зотга сув олиб борар эдим ва сув билан истинжо қилар эдилар”[2].
Одам сийдигининг нажосат эканига далолат қиладиган ҳадислардан намуналар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина боғларидан бирининг яқинидан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар ва шундай дедилар: “Улар иккиси азобланаяптилар. Улар (сақланиш қийин ва машаққатли бўлган) катта ишни деб азобланаётганлари йўқ. Улардан бири сийдигидан (яъни унинг бадан ёки кийимига тегишидан) сақланмас (Муслимдаги бир ривоятда: “сийдигидан покланмас”), бошқа бири эса, (одамлар ўртасида) чақимчилик қилиб юрар эди”[3].
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда сияётган аъробийни кўриб, “Уни тинч қўйинглар”, дедилар. Аъробий сийиб бўлгач, сув олиб келтириб, сийдикнинг устига тўкдилар” (Муттафақун алайҳи). Муслим ривоятида қуйидагича қўшимча бор: “Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъробийни чақириб, унга шундай дедилар: “Бу масжидларда сийиш ва ҳожат чиқариш асло ярамайди. Масжидлар Аллоҳни зикр қилиш, намоз ўқиш ва Қуръон ўқиш учун учундир”[4].
Ўғил боланинг сийдиги:
Умму Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у ҳали таом ейишга одатланмаган ўғил боласини кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани олиб тиззаларига ўтқизадилар. Бола у зотнинг кийимларига сийиб қўяди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув олиб келишга буюриб, (кийимнинг сийдик теккан жойига) сепадилар ва уни ювмайдилар”[5].
Абус Самҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Кийим) қиз боланинг сийдиги сабаб ювилади, ўғил боланинг сийдиги сабаб (унга сув) сепилади”[6].
Юқоридаги икки ҳадисдан қуйидаги ҳукмлар олинади:
Ёш боланинг сийдиги нажосатдир;
Ўғил боланинг сийдигини тозалашда сийдик теккан жойга сув сепиш кифоя қилади. Қиз боланинг сийдиги теккан жойни эса ювиш вожибдир.
Ўғил боланинг сийдиги теккан кийимни тозалашда унга фақат сув сепиш кифоя қилиши учун, унинг ҳали таом емаган бўлиши талаб қилинади. Яъни, у она сутидан бошқа овқатларни мустақил тарзда истеъмол қилиш даражасига етмаган бўлиши лозим. Боланинг овқат ея бошлагани унинг овқатга талпиниши ва овқат берилмаса йиғлаши билан билинади.
(Давоми бор)
[1] Саҳиҳ, Абу Довуд (385, 386), Ҳоким (1\ 166), Байҳақий (2\ 430) ва Ибн Хузайма (292) ривоят қилишган.
[2] Бухорий (217) ривояти. Муслим ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган (270, 271).
[3] Бухорий (216, 217), Муслим (292), Абу Довуд (20), Термизий (70), Насоий (1\ 28, 30) ва Ибн Можа (347) ривоят қилганлар.
[4] Бухорий (219, 221), Муслим (285), Термизий (147) ва Ибн Можа (528) ривоят қилганлар.
[5] Бухорий (223), Муслим (287), Абу Довуд (374), Термизий (71), Насоий (1/ 157) ва Ибн Можа (524) ривоят қилишган.
[6] Саҳиҳ, Абу Довуд (376), Насоий (1/ 158) ва Ибн Можа (526) ривоят қилишган. Мазкур ҳадис матнини қўллаб-қувватлайдиган бошқа бир ҳадис мавжуд бўлиб, уни Абу Довуд (377), Ибн Можа (525) ва Термизий (610) Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.