Одам ва Мусо алайҳимассаломнинг баҳслашуви (16)

0

Одам ва Мусо алайҳимассаломнинг баҳслашуви

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мусо  Одам (алайҳимассалом)га эътироз билдириб шундай деди: “Сен ўз гуноҳинг туфайли одамларни жаннатдан чиқардинг ва уларни оғир  ҳаётга дучор қилдинг?!”. “Эй Мусо, сен, Аллоҳ Ўз рисолатлари(ни инсонларга еткизиш) учун ва (бевосита) сўзлашиш учун танлаб олган кишисан. Аллоҳ мени яратишдан олдин (тақдири азалийда) пешонамга битган иш сабаб мени маломат қилмоқчимисан?”, – деди Одам”. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “(Шундай қилиб), Одам (далил билан) Мусога ғолиб келди[1].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мусо алайҳиссалом деди: “Эй Раббим, бизни ва ўзини жаннатдан чиқарган Одамни бизга кўрсат”. Аллоҳ унга Одамни кўрсатди. Мусо деди: “Сенми Одам?”. “Ҳа”, – деди Одам. “Аллоҳ Ўз руҳидан пуркаган, фаришталарини сажда қилдирган ва барча (нарсаларнинг) исмлар(и)ни ўргатган киши сенмисан?”,– деди Мусо. “Ҳа”,–деди Одам. “Бизниям, ўзингниям жаннатдан чиқаришга нима ундади?”–деди Мусо. “Сен кимсан?” – деди Одам. “Мен Мусоман” – деди у.  “(Ҳа), сен Бани Исроил (қавмининг) пайғамбари Мусомисан? Сен Аллоҳ парда ортидан гаплашган, Ўзи билан сенинг ўртангда махлуқотларидан (бирон бир) элчи қилмаган кишимисан?” – деди Одам. “Ҳа, (шундай)” – деди Мусо. “Аввалдан Аллоҳ азза ва жалла томонидан тақдир қилинган иш (яъни гуноҳ) сабаб мени маломат қилмоқдамисан?” – деди Одам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “(Шундай қилиб), Одам (далил билан) Мусога ғолиб келди, Одам (далил билан) Мусога ғолиб келди[2].

Одамлар мазкур ҳадисга турли хил муносабат билдирдилар:

Ушбу ҳадис азалий тақдир исботини ўз ичига олганлиги боис “қадарийя”[3] тоифасидан бўлмиш бир жамоат ҳадисни инкор қилдилар.

Жабарийя[4] тоифасидан бир жамоат бу ҳадисни ўзларига ҳужжат қилдилар. Бир қарашда ҳадис улар фойдасига ҳужжатдек кўринади. Сабаби, Одам Мусога ўзидан содир бўлган ишнинг азалда битилганлиги ила ҳужжат келтирганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Шундай қилиб), Одам (далил билан) Мусога ғолиб келди“, – дедилар. Жабарийя тоифасининг бу ҳужжатига эътироз жавоби тез орада зикр қилинади.

Бошқа бир жамоатнинг айтишича, Одамнинг ҳужжат келтиришда Мусо устидан ғолиб келишининг сабаби, Мусо Одамни тавба қилган гуноҳи учун маломат қилди. Маълумки, гуноҳидан тавба қилган киши, гуёки гуноҳсиз киши ҳисобланади.

Баъзи кишиларнинг айтишича, Одам Мусодан ёши катта ва олдин ўтганлиги учун уни енган.

 Яна айтишларича, Одам Мусонинг бобоси бўлгани боис уни енган.

Бошқа бир фикрда айтилишича, улар иккиси бир-биридан фарқли икки шариатда бўлганлар.

Яна кимларнингдир айтишича, улар иккиси барзах (яъни, ўлимдан кейинги қабр) ҳаётидадирлар.  Бу жамоатнинг фикрича, барзах ҳаётида “таклиф” (яъни шариатга бўйсуниш) даври ниҳоясига етган ҳисобланади.

Ушбу ҳадис борасидаги тадқиқот шундан иборатки, мазкур ҳадис кўп лафзлар билан ривоят қилинган бўлиб, улардан айримларида айнан ҳадис сўзлари ишлатилмасдан, балки ровий ҳадисни ундан тушунган умумий маънодан келиб чиқиб ривоят қилган. Ровий ҳадисдан тушунган бу маънога қарши эътирозлар мавжуд. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами” ва ундан бошқа ҳадис китобларидаги мазкур лафзларнинг хулосаси шундан иборатки, Мусо алайҳиссалом Одам алайҳисаломни ўзи ва зурриётини жаннатдан чиқарганлиги учун маломат қилади. Шунда Одам унга жавобан шундай дейди: “Мен сизларни жаннатдан чиқарганим йўқ, аксинча, жаннатдан чиқаришни менинг дарахтдан ейишимга боғлиқ қилиб қўйган зот сизларни жаннатдан чиқарган. Мен яратилишимдан олдин бу икки ишни бир-бирига боғлаган, тақдир қилиб, уни азалда битган зот – Аллоҳ азза ва жалладир. Сен менга мансуб бўлмаган иш сабаб мени маломат қилмоқдасан. Мен бор-йўғи дарахт мевасидан ейишдан қайтарилган эдим, сўнгра ундан еб қўйдим. Жаннатдан чиқаришликнинг бунга боғлиқлиги менинг ишим эмас. Шундай экан, мен сизларни ҳам ва ўзимни ҳам жаннатдан чиқарган эмасман. Ҳақиқатда, бу Аллоҳнинг тақдири ва Унинг иши ила бўлди. Бу ишда Аллоҳнинг ҳикмати бордир“. Шу боис Одам Мусони ҳужжат ила енгди.

Мазкур ҳадисни ёлғон деган кимса, шубҳасиз,  ҳақни тан олмайдиган қайсар кимсадир. Зеро, ушбу ҳадис дину-диёнат, омонат, эшитган сўзини аниқ эслаб қолиш ва уни ўз ҳолича бошқаларга еткизиш бобида бизга кифоя қиладиган улуғ саҳобий  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан мутавотир ривоят қилинган. Қолаверса, айтиб ўтганимиздек, ушбу ҳадис ундан бошқа бир қанча саҳобалардан ҳам ривоят қилинган.

Энди, мазкур ҳадисни юқорида зикр қилинган турли хил изоҳлар билан тушунтиришга келсак, бу изоҳларнинг барчаси ҳадис сўзлари ва маъносидан йироқ изоҳлардир. Бу изоҳларнинг ичида энг кучли изоҳ жабарийя тоифасиники бўлиб, уларнинг бу фикрига  қарши бир қанча жиҳатлардан эътирозлар мавжуд:

Биринчидан, Мусо алайҳиссалом ҳеч кимсани тавба қилган гуноҳи туфайли маломат қиладиган инсон эмас.

Иккинчидан, Мусо алайҳиссалом қатл қилишга буюрилмаган шахсни ўлдириб қўйган ва бу ҳақда Аллоҳга илтижо қилиб: “Раббим, мен (қатл қилишга буюрилмаган шахсни қатл қилиб) ўзимга зулм қилдим, энди мени кечир” [Қасас: 16],  – деган эди (Агар гуноҳ учун тақдир баҳона бўлганида, тақдир тақозоси билан содир этган хатоси учун Аллоҳдан истиғфор сўрамаган бўлур эди).

Учинчидан, агар содир этилган гуноҳга жавобгарликдан қочиш учун банданинг пешонасига битилган азалий қисмат баҳона бўлганида эди, унда ҳар қандай гуноҳ иш содир этгани учун маломат қилинган кишига йўл очилган, оқибатда, бу кимса азалий тақдирни ҳужжат қилган ва қасос ва “ҳад”, яъни шариатда белгиланган жиноий жазолар ижро этилмай қолган бўлур эди.

Шунингдек, мабодо тақдир баҳона бўлганида, ҳар қандай киши катта ва кичик ишларда ўзи содир этган қилмишига тақдирни баҳона қилган бўлур эди. Бу нарса, шубҳасиз,  хунук оқибатларга олиб боради. Шу сабабдан айрим уламолар[5], Одам алайҳиссалом  қилган гуноҳ ишига эмас, аксинча, бошига тушган мусибатга тақдирни баҳона қилган дейдилар. Аллоҳ таоло ҳақиқатни билувчи, бизларга кифоя қилувчи ва ниҳоятда яхши Вакилдир[6].

[1] Бухорий (4738) ва Муслим (2652) ривоят қилганлар.

[2] Саҳиҳ, Абу Довуд (4702) ва Абу  Яъло “Муснад” асарида (243) “жаййид” ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар. Абу Яъло асарида (244) ҳадиснинг бошқа ривоят йўли мавжуд бўлиб, унда заифлик бор. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу ривоят йўлини мазкур ҳадис ортиданоқ зикр қилади. Умуман олганда, ҳадис ушбу икки йўл қўшилиши орқали саҳиҳдир, валлоҳу аълам.

[3] Аллоҳ таоло барча нарсаларни олдиндан тақдир қилганлигини инкор этувчи тоифа.

[4] Инсон учун содир бўлган барча нарсалар азалдан тақдир қилинган, ундан содир бўлган хатти-ҳаракатлар мажбурий равишда содир бўлади ва  унинг ҳеч қандай ихтиёри мавжуд эмас, деб эътиқод қилувчи тоифа.

[5] Улар шайхулислом Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим Ал-жавзийя роҳимаҳумаллоҳ каби уламолар. Чуқур ўйлаб қаралса, муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг сўзи ҳам улар иккисининг сўзи билан бирлашади, уларнинг сўзидан фарқ қилмайди.

 Албатта қаранг: шайхулисломнинг “Ал-эҳтижож билқадар” (яъни “Тақдирни баҳона қилиш”) асари, Ибн Абдулбарнинг “Ат-тамҳид” (18/ 12-бет) ва “Ал-истизкор” (26/ 85, 88) асарлари.

[6] Хулоса сўз: тақдирга иймон келтирилади, лекин содир этилган гуноҳ учун тақдир баҳона қилинмайди.

Изоҳ қолдиринг