Ўликлардан шафоат сўраш (1)

0

312. Ўликлардан шафоат сўраш

«Ҳеч ким Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳожати раво бўлишини, ғам-ташвиши аришини ёки касалликдан шифо топиш каби нарсаларни сўраши жоиз эмас. Чунки буларнинг барчаси фақат Аллоҳ таолодан сўраладиган нарсалардир. Уларни ўликлардан сўраш Аллоҳга ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилиш бўлади.

Ислом дини икки асос устига қурилган: 1) Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш; 2) Аллоҳга фақат Ўзи ва Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий этган кўринишда ибодат қилиш. «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик бериш маъноси шудир. Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шафоат талаб қилиш ҳеч кимга жоиз эмас. Чунки шафоат Аллоҳ таолонинг мулкидир, уни фақат Аллоҳдан сўрашимиз керак. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Эй Пайғамбар,) айтинг: «Шафоатнинг ҳаммаси ёлғиз Аллоҳга хос»” (Зумар, 44). Демак, аслида бундай дейишингиз тўғри бўлади: “Эй Аллоҳ, пайғамбарингни менга шафоатчи қил, фаришталаринг ва мўмин бандаларинг шафоатидан менга ҳам насиб айла, мендан аввал ҳузурингга кетган биродарларим шафоатидан маҳрум қилма” ва ҳоказо.

Ўликларга келсак, улардан ҳеч нима, на шафоат ва на бошқа нарса сўралмайди. Улар пайғамбар бўладими, пайғамбар эмасми, фарқи йўқ. Чунки маййитдан шафоат сўраш шариатга мувофиқ иш эмас. Зеро, маййитнинг амаллари тўхтайди, фақат Аллоҳ ва Расули истисно қилган кишиларгина бундан мустасно бўлади.

«Саҳиҳи Муслим»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласи вафот этса, унинг амали тўхтайди, аммо уч нарсада (тўхтамай етиб туради): садақаи жория, қолдирилган манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд[1]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик пайтларидагина у зотдан шафоат сўраш жоиз бўлар эди. Чунки у зот қиёмат куни шафоат қилишга, ўзидан шафоат сўраган одамнинг бу талабини Рабларига етказишга қодир бўладилар. Дунёда эса, барчаси маълум. Шафоат қилиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламгагина хос эмас, балки у зот ҳам, бошқалар ҳам шафоат қилиши мумкин. Масалан, мусулмон киши биродарига: “Фалон-фалон ишларда Раббим ҳузурида менга шафоатчи бўл”, дейиши жоиз. Яъни бу, мен учун Аллоҳга дуо қилиб бер, дегани бўлади. Агар талаб этилаётган нарса Аллоҳ ҳалол қилган нарса бўлса, дуо сўралаётган киши ҳам ўша нарсани Аллоҳдан сўраб бериши ва биродарига шафоатчи бўлиши жоиз. Қиёмат куни эса Аллоҳ таолонинг изнисиз ҳеч ким бировни шафоат қила олмайди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Унинг ҳузурида ҳеч ким бировни Унинг изнисиз шафоат қила олмайди” (Бақара, 255).

Ўлим ҳолатига келсак, у ўзига хос ҳолат бўлиб, уни инсоннинг ўлимдан аввалги ҳолатига ҳам, қиёмат куни қайта тирилганидан кейинги ҳолатига ҳам тенглаштириб бўлмайди. Чунки маййитнинг амали узилади, энди унинг қисмати дунёда қилган амалларига боғлиқ бўлиб қолади, Аллоҳ ва Расули истисно қилганларигина бундан мустасно.

Ўликлардан шафоат сўраш шариат истисно қилган ишлар жумласидан эмас, иккаласини бир-бирига боғлаш жоиз бўлмайди.

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин барзах ҳаётида тирик ҳисобланадилар. У зотнинг тириклиги шаҳидлар тириклигидан комилроқ суратда бўлади, бироқ бу ҳолат ўлимдан аввалги тирикликлари каби ҳам, қиёмат кунидаги тирикликлари каби ҳам бўлмайди. Бу ҳаёт қандай экани ва унинг моҳияти тўғрисида Аллоҳ таолодан бошқаси билмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифда: “Қай бир мусулмон менга салом йўлласа, унинг саломига алик олишим учун Аллоҳ руҳимни ўзимга қайтаради”, деганлар[2]. Ушбу ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот топганларига, руҳлари таналарини тарк этганига далолат қилади, аммо руҳлари у зотга салом берилганида жасадларига қайтарилади. Қуръон ва суннатда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларига далолат қиладиган оят-ҳадислар маълум, барча уламолар бунга иттифоқ қилган. Бироқ бу нарса у зотни барзах ҳаётида тирик бўлишдан ман қилмайди. Ўлим шаҳидларни барзах ҳаётида тирик бўлишдан ман этмагани ҳам шу қабилдандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган: “Аллоҳ йўлида ўлдирилган кишиларни зинҳор ўликлар деб ўйламанг. Балки улар Парвардигорлари даргоҳида – барзах ҳаётида тирикдирлар. Улар (жаннатда неъматлардан) баҳраманд бўладилар” (Оли Имрон, 169)».

[1] Ҳадис тахрижи 21-масалада ўтди.
[2] Ҳадис тахрижи 263-масалада берилди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг