Ўликлардан шафоат сўраш (2)

0

Хуллас, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки у зотдан бошқа бирор маййитдан шафоат сўраш жоиз эмас. Бу иш илм аҳли наздида катта ширк ҳисобланади. Чунки у зот вафотларидан кейин ҳеч нарсага қодир эмаслар. Аллоҳ таоло: “(Эй Пайғамбар,) айтинг: «Шафоатнинг ҳаммаси ёлғиз Аллоҳга хос»” (Зумар, 44), деган, шафоат Аллоҳ таолонинг мулкидир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа маййитлар вафотларидан кейин на шафоат, на дуо ва на бошқа бирон ишга қодир бўладилар. Маййит вафот этса, унинг амали узилади. Фақат уч нарса бундан мустаснодир: садақаи жория, қолдирган манфаатли илми ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд. Ҳадисда у зотга фақат салавот етказилиши хабар берилган. Шу боис у зот: “Менга салавот айтинглар. Қаерда бўлманг, албатта салавотингиз менга етиб боради”, деганлар[1].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бандаларнинг амаллари кўрсатилиши, агар яхши амаллар бўлса, у зот Аллоҳга ҳамд айтиши, агар ёмон амаллар бўлса, бандалар учун истиғфор айтишлари ҳақидаги ҳадис Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўл билан ривоят қилинмаган заиф ҳадисдир[2]. Мабодо саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам бу ҳадис у зотдан шафоат сўраш жоизлигига далолат қилмайди.

Хулоса шуки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёки бошқа бирор маййитдан шафоат талаб этиш жоиз бўлмаган ишдир. Шаръий қоидага кўра, бундай қилиш катта ширк ҳисобланади. Чунки шафоат сўраш маййитдан у қодир бўлмаган нарсани талаб қилишдир. Бу иш ҳам худди маййитдан касалга шифо беришини, душманлар устидан ғалаба ато этишини ёки бошига мусибат тушганлар кулфатини аритишини сўрашига ўхшайди. Буларнинг барчаси катта ширк турларидан саналади. Шафоатни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан талаб этиш билан Шайх Абдулқодир, Бадавий, Ҳусайн ёки булардан бошқа фалончи-писмадончилардан сўраш ўртасида фарқ йўқ. Уни ўликлардан талаб этиш жоиз бўлмаган ишдир. У ширк турларига киради. Маййитга қилинадиган иш, агар у мусулмон бўлса, унга Аллоҳдан раҳмат тиланади, мағфират ва марҳамат сўраб ҳаққига дуо қилинади. Киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берганида у зотга салавот айтиши ва ҳақларига дуо қилиши керак. Аммо у зотдан мадад, шафоат ёки душманлар устидан ғалаба сўраши жоиз эмас. Бу ишлар жоҳилият ва ширк аҳлининг ишларидандир. Мусулмон одам бундан эҳтиёт бўлиши ва бошқаларни ҳам огоҳлантириши керак»[3].

Макка ва Нажд уламолари исломий ҳукуматлар подшоҳлари ва амирларига йўллаган мурожаат хатларида бундай деганлар: «Ким ўзи билан Аллоҳ ўртасида махлуқотларидан воситачилар қилиб олса, уларга дуо қилса, фойда келтириш ё зарарни кетказишни улардан сўраса, Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмаган ишда Аллоҳдан ўзгадан шафоат талаб қилса, бу ишларнинг бари ширкдир. Чунки шафоат Аллоҳнинг мулкидир ва фақат Унинг ўзидан талаб этилади. Ҳеч ким Унинг изнисиз бошқа бировни шафоат қила олмайди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Унинг ҳузурида ҳеч ким бировни Унинг изнисиз шафоат қила олмайди” (Бақара, 255). Шунингдек, Аллоҳ сўзи ва амалидан рози бўлган кишигагина шафоат қилинишга изн беради. Аллоҳ таоло айтганидек: “Улар Аллоҳ (шафоат қилишларига) рози бўлган кишинигина шафоат қиладилар” (Анбиё, 28). Албатта Аллоҳ тавҳид ва ихлосдан ўзгасига рози бўлмайди»[4].

[1] Ҳадис тахрижи 271-масалада ўтди.
[2] Қолаверса, бу ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига зиддир: «Умматимдан бир неча кишилар олиб келиниб, чап томонга олиб борилади. Мен: “Эй Раббим, булар менинг асҳобларим-ку”, десам, “Улар сиздан кейин нималар пайдо қилишганини билмайсиз”, дейилади. Шунда мен солиҳ банда (Исо алайҳиссалом) айтган қуйидаги сўзларни айтаман: “Мен уларнинг орасида бўлган вақтимда уларга гувоҳ бўлиб турдим. Мени ҳузурингга чорлаганингдан сўнг уларнинг сирларидан Ўзинг хабардор зотсан! Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. (Эй Аллоҳ,) уларни азобласанг, Ўзингнинг бандаларинг. Агар ўз раҳматинг билан мағфират қилсанг, Сен (ҳеч ким бас келолмайдиган) қудратли, (барча ишларида) ҳикмат соҳиби бўлган зотсан” (Моида, 117-118). Кейин менга: “Сиз улардан ажралганингиздан бери орқаларига қайтиб, муртад бўлишда бардавом бўлишди”, дейилади». Бухорий (6526) ва Муслим (2860) ривояти.
[3] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ, «Фатово нурун алад-дарб», 2/105-107.
Шайх Ибн Бозга қуйидагича савол берилди: «Аксар толиби илмлар ширк деганда ўликлардан эҳтиёжларни сўрашни тушунар, маййитдан шафоат ёки дуо талаб қилишни, яъни ҳаққига дуо қилишни сўрашни эса ширк эмас, аммо бидъат бўлади, дейишар экан. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу катта ширкдир. Ўликлар тирикларни на шафоат қила олади ва на ҳаққига дуо қилиб бера олади. Барчалари ўзларининг амаллари эвазига гаровда ушлаб турилган кишилардир. Бирор кишидан дуо ёки шафоат сўраш у тириклик пайтида бўлади. Шунинг учун ҳам Умар разияллоҳу анҳу саҳобалар билан истисқо (ёмғир талаб этиш) намози ўқиганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб, у зотдан шафоат сўрамадилар, балки Аббос ва Язид ибн Асваднинг дуоси билан истисқо қилдилар. Агар маййитдан шафоат сўраш жоиз бўлганида эди, саҳобалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб ёмғир сўраган, “Ё Расулуллоҳ, биз учун дуо қилинг” деган бўлар эдилар». («Шарҳу кашф аш-шубуҳот», 49-бет. «Дор ал-мавадда» нашриёти, биринчи нашр, 1430 ҳ.й.)
Яна бундай деган: «Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ маййитдан шафоат сўраш катта ширк бўлишини очиқ айтган» (Аввалги манба, 61-бет).
[4] «Балоғу уламои ҳарам аш-шариф ва уламои нажд» (Ҳарами шариф ва Нажд уламолари мурожаатномаси), «Ал-манор» журнали, 26/233.
Ҳарами шариф уламолари: Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Шинқитий, Шайх Умар Божунайд Абу Бакр, Шайх Дарвеш Ужаймий, Шайх Муҳаммад Марзуқий, Шайх Аҳмад ибн Али Нажжор, Шайх Жамол Моликий, Шайх Аббос Моликий, Шайх Ҳусайн ибн Саид Муҳаммад ибн Саид Абдулғаний, Шайх Ҳусайн муфтий ал-моликийя, Шайх Абдуллоҳ Ҳамад, Шайх Абдусаттор, Шайх Саъд Ваққос, Шайх Умар ибн Сиддиқхон ва Шайх Абдураҳмон Завовий.
Нажд уламолари: Шайх Абдураҳмон ибн Абдуллатиф, Шайх Абдуллоҳ ибн Ҳасан, Шайх Абдулваҳҳоб ибн Музоҳим, Шайх Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Довуд, Шайх Муҳаммад ибн Усмон Шовий, Шайх Муборак ибн Абдулмуҳсин ибн Боз ва Шайх Иброҳим ибн Носир ибн Ҳусайн.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг